Умрни оқар дарё деб бежизга айтмайдилар. Чунки умр бир зумда ўтиб кетганини инсон сезмай ҳам қолади, аслида. Бешик кирган хонадон борки, у ерга, албатта, куни келиб тобут киражак. Туғилишнинг ўзи ўлимга қўйилган биринчи қадам саналади. Инсон вафот этиши учун қарилик келиши шарт эмас. Шундай экан, инсон охирги кунларини ташвишини қилиши лозим ва лобуддир.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:“Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”.
Абу Довуд, Аҳмад, Ҳоким ривояти.
Инсон ҳаёти давомида қандай амал билан кўп машғул бўлса, охирги сўзи ўша иш билан боғлиқ сўз бўлади. Шу сабаб жон таслим қилиш ҳолатида турган кишига ўз суйган кишиси малоллантирмайдиган даражада шаҳодат калимасини айтиб турмоғи лозим. Мадомики шаҳодат калимасини айтса, бошқа сўзни шаҳодат калимасидан сўнг гапирмас экан, шаҳодатни қайта айтишга таклиф этмаслик маҳбуб саналади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ўликларингизга (яъни, ўлим ҳозир бўлганларингизга) “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб туринглар. Чунки кимнинг ўлим пайтидаги охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, замондан бир кун келиб жаннатга киради. Агарчи унга бундан олдин (жаннатга киришидан олдин) нимаики мусибат етган бўлса-да”.
Ибн Ҳиббон ривояти.
Демак, жон талвасасида ётган кишига шаҳодатни айтмоғи учун кўмаклашмоқ даркор. Бу сўзни айтиб вафот этмоқлик нақадар улуғ бахтдир. Роббимиз барчаларимиз учун шаҳодатни тилларимизга осон қилиб қўйсин!
Вафот этган кишиларнинг яқинлари овозларини кўтариб, гапириб йиғламоқликлари дуруст эмасдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фарзандлари вафот этди, бу борада мусулмон киши ўзини қандай тутиши лозимлигини У зотдан ўрганамиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг сут отаси эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб, ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра Иброҳим жон бераётганда яна унинг олдига кирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: “Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?!” деди. У зот: “Эй Ибн Авф, бу раҳматдир, – дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим”, дедилар”.
Бухорий ва Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим жон берганида, У зотнинг овоз чиқармай, кўзларидан ёш тўкиб йиғлаганлари баён қилинган ушбу ҳадиси шарифдан яқин кишиси вафот этган одам кўзидан ёш тўкиб, қалбидан маҳзун бўлиши мумкинлиги, бу Аллоҳ таолонинг қазосига норозилик аломати эмаслиги, шу билан бирга, киши фақат Аллоҳни рози қиладиган гапларни айтиши кераклиги ҳам билиб олинади.
Мўмин киши вафот этса, жаноза намозига тезроқ ҳозирлик кўрилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитни тез элтинг. Агар у солиҳ бўлса, бир яхшиликка олдинроқ олиб борган бўласиз. Бошқача бўлса, ёмонликни елкангиздан (тезроқ) қўясиз”, дедилар”.
Имом Бухорий ривоят қилган.
Жаноза намозида аҳли солиҳларнинг кўп бўлиши ва уларни маййит ҳаққига истиғфор айтмоқликлари маййит учун албатта манфаатлидир. Аслида жаноза намози фарзи кифоя амал саналади. Маълум кишилар жанозада қатнашиб қўйсалар, бошқа кишилар зиммасидан соқит бўлади.
Бугунги кундаги глобал муаммога айланган covid-19 вируси авж олган шароитдан келиб чиқиб айтсак, жанозада маййитнинг яқинлари иштирок этиши кифоя қилади.
Бундай вазиятда кўпчилик бўлиб жанозаларда иштирок этиш макруҳ эканини уламоларимиз таъкидлаяптилар.
Имом жаноза намозида иштирок этаётганларни уч саф қилиб сафлаб қўяди ва жанозани адо қилади. Маййитни кўпроқ ва узоқроқ кўтариб борилса савоб бўлади деган тушунчалар тўғри эмас. Яқинда бир кишининг оталари вафот этдилар. Тобутни тўрт километр масофага кўтариб борилди, ваҳоланки, бундай иш маййитни азоблашга, машаққатига сабаб бўлади.
Бугунги кунимиздаги автоуловлардан фойдаланиб, иложи борича тобутни силкитмай, эҳтиромлаб имкон борича эъзозлашга буюрилганмиз. Зеро, маййит ҳурмати тирикники кабидир. Маййит қабрга қўйилгунча узрсиз ҳолда ўтириш макруҳ саналади. Дафн маросимидан сўнг маййит чиққан хонадонга бориш ҳам урфга айланган. Аслида, бу иш ҳам буюрилган ёки кўрсатма берилган амаллардан эмас. Маййитни яқинларига таъзия билдирган киши қабристондан чиқиб ўз юмуши билан машғул бўлиши жоиз саналади.
Ҳабибимиз алайҳиссалом айтадилар: “Ким мусибатга учраганга таъзия билдирса, унга ҳам мусибатга учраганнинг савобича ажр бор”.
Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари.
Бир маротаба таъзия билдирган киши қайта таъзия билдириши ёки уч кундан сўнг таъзия билдирмоқлиги макруҳ саналади. Аммо вафот этган кишининг хабарини кеч эшитган шахс маййит эгаларига таъзия билдиришида макруҳлик ҳолати йўқ.
Бир улуғ зот айтган эканлар: “Сен туғилганингда йиғлар эдинг, аммо сени яқинларинг кулишар эди. Энди сен шундай яшагинки, охир оқибат кулиб вафот этгин, яқинларинг эса ортингдан йиғлаб қолсинлар”.
Роббимиз барчаларимизга мазмунли умр ва чиройли хотима берсин!!!