Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Али! Назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундай эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Биринчи назар номаҳрамга тўсатдан тушганлиги учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни «тўсатдан» деб бўлмайди, буниси қасддан бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.
Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан асраш учун келгандир.
Ислом шариати ҳукми бўйича, эркак кишининг аёллар йўлини тўсиши, тегажоғлик қилиши, гап отиши у ёқда турсин, пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу хиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса, шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин. Бу гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Ўз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо бировнинг хотинига ёки бировга хотин бўладиган одамга шаҳват назари билан қарамасин. Акс ҳолда, зино содир бўлмаган чоғда ҳам кўз зиноси бўлади, хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёллар, қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар.
Тиб олимларининг, хусусан, жинсий соҳа мутахассисларининг олиб борган илмий текширишлари ёш йигитларнинг, умуман, эркакларнинг аёлларга шаҳват назари билан қарашлари жинсий ожизликни келтириб чиқаришини исботлади. Чунки бошқа жинсга шаҳват назари билан қараган одамда жинсий майл уйғонади, у майлни қайтариш эса осонлик билан бўлмайди. Бу жараённинг кўп такрорланиши эса жинсий ожизликка олиб келади. Худди шу ҳолатнинг энг тўғри муолажаси келгуси ривоятда баён қилинади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

ЎМИ Сурхондарё вилоят вакили ўринбосари А.Фатуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here