«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Унинг билдиришича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда халқ билан мулоқотларда билдирилаётган таклифлар асосида келгусида ижтимоий соҳада қатор вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади.
«Биринчидан, Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя моделини реал талаблар асосида умумэътироф этилган халқаро стандартлар даражасига кўтариш зарур.
Бу борада ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахсларни, эҳтиёжманд ва ночор оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларни арзон уйлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келаётганимиз барчангизга маълум. Жорий йилнинг ўзида 21 минг 500 дан зиёд ана шундай оила арзон уй-жойлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, 30 минг 500 га яқин ногиронлиги бўлган шахсларга умумий қиймати 3,6 миллиард сўмлик протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилди. Уларнинг 16 минг нафари реабилитация марказларида даволанди ва бу мақсадлар учун қарийб 17 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ана шундай хайрли ишларимизни келгусида ҳам тизимли равишда давом эттирамиз, албатта.
Конституциямизда аҳолининг муҳим ижтимоий ҳуқуқи сифатида кафолатланган пенсия таъминоти келгуси йилларда ҳам энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб пенсия тўловининг юқори чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилади ва ишлаётган пенсионерларга пенсиялар тўла миқдорда тўланади.
Иккинчидан, тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш ҳамда рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Шифокорлик касбини эгаллаш осон иш эмаслигини, бу инсондан машаққатли меҳнат, мустаҳкам ирода ва матонат талаб этишини ортиқча тушунтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Лекин, шу ўринда савол туғилади: биз тиббиёт ходимларига етарли шароит яратиб бердикми? Уларнинг маошлари, меҳнат шароитлари қилаётган хизматларига муносибми? Афсуски, йўқ.
Жорий йил 1 декабрдан тиббиёт ходимлари ойлигини оширдик, бу – биринчи қадам. Келгуси йилда бу борада бошлаган ишларимизни давом эттирамиз.
Аҳолига кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида келгусида мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишимиз керак.
Учинчидан, халқ таълими соҳасидаги таълим стандартлари ва ўқитиш услубларини илғор хорижий тажрибалар асосида, ўқувчининг индивидуал қобилиятини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш лозим.
Фарзандларимизнинг қобилиятини рўёбга чиқаришга болаликдан эътибор бериб, уларнинг камолоти учун барча имкониятларимизни сафарбар этсак, юртимиздан яна кўплаб Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар етишиб чиқади. Мен бунга ишонаман.
Тўртинчидан, касб-ҳунар коллежлари, афсуски, аксарият ҳолларда реал талаб бўлмаган касблар бўйича қуруқ диплом берадиган даргоҳга айланиб қолди.
Мен ҳудудларга ташриф буюрганимда одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Ҳайрон қоласиз, жойларда оддий қурувчи, тракторчи ёки механизатор йўқ. Ишнинг кўзини биладиган ер тузувчи ёки сувчи топиш амримаҳол. Кўп жойларда коллежларни битирган болаларни керакли касбга қайта ўқитишга тўғри келмоқда.
Қани, касб тарбияси? Қани, меҳнат бозорини ўрганиш? Афсуски, ҳеч ким бу масала билан жиддий шуғулланмаяпти.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бирга иқтисодиётнинг реал секторидаги талабни камида 10-15 йил олдин прогноз қилиб, шунга қараб мутахассис тайёрлаш чораларини кўриши зарур.
Бешинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишсизликни камайтириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган зарур чоралар кўришимиз лозим.
Савол туғилади: мамлакатимизда ҳақиқий ишсизлар сони қанча? Иқтисодиётнинг норасмий секторида неча фоиз аҳоли банд? Хорижга иш қидириб кетганларнинг сони-чи?
Биз бир нарсани тўғри тушунишимиз керак: битта ишсиз одам – ўнта муаммо дегани. Бу муаммолар ишсиз одамнинг ўзига, оиласи ва маҳалласига, жамиятга келтирадиган зарарини ҳисобласак, масаланинг нақадар жиддий экани янада ойдинлашади.
Биз бу йил қабул қилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” ҳамда “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари доирасида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйиши учун катта имтиёзлар берилди. Келгуси йилда ҳам биз ушбу дастурлар ижросини қатъий назоратга олиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Биз ёшларимизда тадбиркорлик ташаббусини ривожлантира олсак, уларга маблағлардан тўғри фойдаланишни ўргатсак, нафақат иқтисодий, балки кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этган бўламиз.
Олтинчидан, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар қуриш бўйича ишларимизни такомиллаштириш керак.
Айрим ҳудудларда уйларнинг сифати бўйича Виртуал қабулхонага одамлар шикоят билан мурожаат қилмоқда. Айнан фуқароларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун бунёд этилаётган арзон уйлар сонини ошириш ва сифатини яхшилаш бўйича яқинда алоҳида дастур қабул қилдик. Ушбу дастур ижросига масъул бўлган мутасадди идоралар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришлари ва халқимизни рози қилишлари шарт ва зарур», — дейди президент.