Миннат қилмай —  дуо олинг!

Инсон кексайганда ёш боладек бўлиб қолишини кўпчилик билади. Отамиз ёки онамиз бетобланиб қолса, ёнларида одам борку, деб ёки ишларимиз кўплигини важ қилиб зиёратига боришни кейинга сурамиз. Аммо фарзандимиз бетобланиб қолса, ота-ю она жонини фидо қилишга тайёр бўлади. Ота-оналаримизга, худди улар ҳали кўп умр кўрадигандек, вақтида чиройли муомала қилмаймиз, кўнгилларини хушнуд этмаймиз. Уларга берган ваъдаларимиз устидан чиқмаймиз. Ҳатто қўлимизга пул тушиб, ишбилармон бўлиб қолсак, уларни ишимизга аралашмасликларини, ақллари бу ишларга етмаслигини таъкидлаб, бир бурда берган нонимизни миннат қиламиз,  кўнгилларини оғритамиз, керак бўлса, йиғлатамиз. Ҳолбуки бугун, эрта кечиктирилган дийдор, ҳурмат-эҳтиром индинга армон бўлиб қолишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар,  уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” “Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро сураси, 23-24-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ёшларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлмаган, кексалар ҳаққини ва ҳурматини риоя қилмаганлар бизлардан эмас”, деб марҳамат қилганлар. Бир воқеани эшитиб, юрагим ларзага тушди. Наҳот фарзандларни оқ ювиб, оқ тараб, емай-едириб, киймай-кийдириб, йўғини муҳайё қилиб, киприги остида ўстирган фарзандлар ота-она қадрига етмаса? Бир тадбиркор қўшни йигитнинг саксон ёшдан ошган отаси оғир хасталаниб, тўшакка михланиб қолди – деб сўз бошлади бир қўшни йигит. Икк-уч киши бўлиб отахонни кўргани бордик.  Отахон полига чўғдай гилам тўшалган, деразаларига ҳарир пардалар илинган, шифтига қимматбаҳо қандил осилган, нақшинкор сервантга биллур идишлар дид билан терилган кенг-баҳаво хона тўридаги юмшоқ каравотда ётган экан. Очиғи, уни кўриб, ичимиздан зил кетдик. Бир вақтлар гурсиллатиб қадам ташлайдиган яғриндор, бардам-бақувват одам бир бурдагина бўлиб қолибди. Оғриқнинг зўриданми, тез-тез инграб қўяди, басма-басига узоқ йўталади… Шунга қарамай, сир бой бермадик, имкон қадар кўнглини кўтардик. “Кўринишингиз бинойидек, Худо хоҳласа, тез орада оёққа туриб, ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз”, дедик. Ўз навбатида, отахон ҳам бизнинг ҳол-аҳволимизни, ишимизни эринмай сўраб-суриштирди.
– Йўқлаб келганларингиз, яхши тилакларингиз учун раҳмат! – деди кейин алланечук тушкун кайфиятда. – Фақат бу сафар соғлиғим ўнгланишига кўзим етмайроқ турибди. Чамамда, ажал фариштаси аллақачон йўлга чиққан кўринади. – У бир зум тўхтаб, оғир хўрсинди. – Одамзоднинг феъли қизиқ, ҳар қанча яшаса ҳам, барибир, ҳаётга тўймайди. Ўлим шарпаси сезилса, ҳаётнинг ялтироқлигини, умрнинг қалтироқлигини ўйлаб, талвасага тушиб қолади. Қарилик эса – қайғу… Қолаверса, саксон, тўқсон дегани бир кун йўқсан дегани. Мана, мен ҳам ётибман “Эй Худо менга ҳам яна озгина умр қўшиб бер!.. Омонатингни олар бўлсанг, жонимни қийнамай осонгина ол!” деб…
– Э, менга қаранг, дада! – Қўққисдан бақабўйин дўстимиз отахоннинг гапини оғзидан олди. – Нега ҳадеб дуч келганга ҳасрат қилаверасиз? – деди дўмбоқ қўлини пахса қилиб. – Сизга нима етишмаяпти ўзи?.. Саксон иккига кирган бўлсангиз, нега ўлимдан қўрқасиз? Фақат битта ўзингиз ўлаётгандай, мунча ваҳима қиласиз? Ахир, бу нарса ҳамманинг бошида бор, тақдирга тан бериш ҳам керакда… Кутилмаган таъна-дашномдан ҳаммамиз ҳанг-манг бўлиб қолдик. Отахон эса қаттиқ безовталанди. Кўзлари аланг-жаланг бўлиб, бир бизга, бир ўғлига жовдираб боқди.

– Жон болам, – деди сўнгра аъзо бадани титраб-қақшаб, ялинчоқ оҳангда, – бу гапни олдин ҳам уч-тўрт бор айтувдинг, бошқа айтма. Жон бор жойда қазо борлигини ўзим ҳам яхши биламан. Мен ўзимга умр сўрасам, сендан эмас, Худодан сўраяпман. Сен бунақа пешдаҳанлик қилма. Ёмон гап кўнгилга тошдек қаттиқ ботади-я. Ё, нима, касал боқиш жонингга тегдими?..
– Жонимга текканида сизни дўхтирларга қаратиб, манави шароитларни яратиб берармидим? – Дўстимиз яна отаси сўзини бўлди, хумдай боши билан хонадаги жиҳозларга ишора қилди. – Ана, қаранг, ҳамма нарса етарли, еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, шунга қарамай, нуқул нолиганингиз нолиган. У сизга ортиқча гап ҳайф дегандай, жаҳл аралаш қўл силтади-ю, тез-тез юриб хонадан чиқиб кетди. Отахон бўғзига нимадир тиқилгандай бўлиб, гапиролмай қолди. Устига-устак, дарди хуруж қилиб, анча қийнади. Узоқ йўталиб, тин олгач, уф тортиб, кўзларини маҳкам юмди. Шу он мижжалари орасидан силқиб чиққан бир томчи ёш деразадан мўралаган қуёш нурида йилтираб кетди. Биз отахоннинг қандай юпатишни билолмай, унинг атрофида лол қотиб ўтирардик. Отахонни юпатиб хонадан минг бир хижолат билан чиқиб кетдик, деб сўзини якунлади йигит..

Азиз фарзандлар,  ота-оналаримизга қилаётган жами яхшиликларимиз, уларнинг хайрли дуолари умримиз ва йўлимизда суянч, куч бўлади, ҳурмат, иззат топишимизда омил бўлади. Ота-онангиз ҳаётми? Бахтли экансиз. Ҳузурларига боринг. Соғинганингизни, уларни яхши кўришингизни айтиб, бағрингизга босинг. Улкан суянчиқ, қоя эканини айтиб, кўнгилларини шод этинг. Қилган хизматларингизни миннат қилманг. Дуоларини олинг. Токи эртага бу дийдор, бу сўзлар сиз учун ҳам армон бўлиб қолмасин. Роббим барча фарзандларга меҳру оқибат берсин…

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотинқизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here