Ибратли дунё ёхуд “Аёллар (Она) қадри”
Ахир ҳикоямизни қаҳрамони бўлган ўша йигитни ҳам вақтида қиз туғилиб бугунги кунда уни онаси бўлган аёл дунёга келтирмаганмикан?!
Кунларнинг бирида бир кишининг сигири касал бўлиб қолди ва мол духтирига мурожаат қилдик. Ветеринарнинг хулосасига кўра сўйишга қарор қилинди. Аксига олиб сигирнинг қорнида боласи бўлиб туғиши ҳам яқинлашиб қолган экан. Бу ҳолдан хабардор бўлган Ветеринар қассобга “Мен қорнини ёриб боласини олишим билан сен сигирнинг бўғзига пичоқ тортасан” деб кўрсатма берди. Мен бу ҳолга чидай олмай деворни орқасига ўтдим. Сигирни “дод” дегандай баланд овозини эшитиб раҳм шафқат юзасидан кўзларимдан ёш оқиб кетганини ўзим ҳам билмай қолибман. Менинг йиғлаганим сигир ўлиб қолишидан ҳам кўпроқ унинг шундай қаттиқ азоб билан жон берганига раҳмим келганидан эди.
Шу аснода она бўлиш ниятида дунёга фарзанд келтирадиган аёллар ёхуд жарроҳлик йўли билан баъзан (Аллоҳ сақласин) ушбу ҳолатда дунёдан ўтиб қоладиган она бўлмиш аёллар кўз ўнгимга кела бошлади. Оналар — шунча машаққатлар билан фарзандни дунёга келтирсалар ҳам баъзан уларни қадрига етмай, онасини юзига дод соладиган фарзандлар ёки уни отадек улуғ номга сазовор бўлишига сабаб бўлган аёлини заиф жисмига мушт туширадиган эркакларни ҳолига вой дегим келади.
Воқиий ҳикоя: Қўшни маҳалламиздан бир йигитнинг хотини учинчи фарзандини ҳам қиз туққани учун аёлини туғруқхонани ўзига бориб, уриб, уни ҳолидан бошқа хабар олмай қўйганини эшиттим. Бечора аёл боласи билан отасининг уйига келади. У “паҳлавон йигит” бошқа хотин олган ва неча йилдан буён ҳали фарзанд кўрмай хор-зор бўлиб юрибди экан. Охир биз ожиз бир бандамиз-ку зотан кимга қиз ва кимга ўғил фарзанд бериш ёки бировни тирноғига зор қилиб қўйиш Аллоҳнинг сифатларидан бири эканлигига иймон келтира туриб мазкур ҳолатларда сабр қилмасликка қандай ҳаддимиз сиғади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалам Аллоҳ таолодан фарзанд сўраганларида Фотима (разияллоҳу анҳо) туғилганлари ҳам қиз боланинг фазилатлироқ эканлигидан далолат қилади албатта. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қайси бир аёлнинг биринчи фарзанди қиз бола туғилса у баракали аёлдир” — деганлар. Ахир ҳикоямизни қаҳрамони бўлган ўша йигитни ҳам вақтида қиз туғилиб бугунги кунда уни онаси бўлган аёл дунёга келтирмаганмикан. Қиз болаларни ёмон кўриш, уларни тириклайин кўмиш ва ё канизак сифатида бозорларга сотишдек разил ишлар исломдан аввалги жоҳилият одатларидан эди. Муқаддас динимиз аёлларни қадр қийматини баланд кўтариб уларни ўз ҳимоясига олди. Қуръони Каримда Нисо яъни аёллар сураси нозил бўлиши ҳам исломда аёлларни қадр қиймати нақадар улуғ эканлигидан далолат беради.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан “ Уч марта кимга яхшилик қилай” деб сўраган кишига “онанга” ва тўртинчи марта сўралганда “отанга” деб жавоб беришлари ҳам аёлларнинг фарзандларини дунёга келтириб вояга етгунга қадар бошидан ўтказган уч машаққатли ҳолатни назарда тутиб айтилган ҳикматли жавоблари эди.
Шоир Лойиқ Шералидан “Шунча шер ва рисолалар ёзиб онангиз қабри устида ёдгорлик учун бирор нарса ёзиб қолдирмадингизми?” деб сўраган кишига “Ҳалигача онамга муносиб сўз топа олганим йўқ” деб жавоб берган экан. Ҳадисда ҳам келибдики “Ким онасини оёғини ўпса бас батаҳқиқ жаннат остонасини ўпибди”.
Ҳикоят: Бир улуғ зотни эрталаб шогирдлари кўриб “Ҳазрат бугун юз ва соқолингизга бир нурни мушоҳада қилиб (кўриб) турибмиз” деб сўраганларига “ Ҳа рост айтасиз зеро, мен кеча соқолимни онамни оёқларига суртган эдим” деб жавоб берган эканлар.
Аёл ва оналаримизни сифатлаб ҳақларини адо этишда ожизмиз. Мазкур воқеъа ва ҳикоялардан ибрат олиб, уларни баъзи камчиликларини кечириб, аёл-қизларимизни ҳуқуқларига риоя қилиб, оналаримизни хизматларини қилиб, рози қилсак уларнинг дуоларини олсак, Худо хоҳласа дунё ва охиратимиз обод бўлиши билан бирга, оилани ҳам мустаҳкам бўлишига замин яратган бўламиз.
Сариосиё тумани “Хожа Алоуддин Аттор” жомеъ масжиди имом хатиби Фазлиддин Кароматуллоҳ