Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар.  Ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида-хох олди сотди муомалаларида бўлсин, хох ишлаб чиқариш соҳасида бўлсин, хох маиший хизмат соҳасида бўлсин, кишилар ўртасида ўзаро ишонч бўлмоғи лозим. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ёлғончиларни йўлдан адашганлар қаторига қўшади.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади.

“Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошган, каззоб шахсни ҳидоят қилмас” (28-оят)

Ушбу ояти каримада каззоб шахс ҳаддидан ошган киши бўлиши та’кидланмоқда. Бундан ёлғончи одам гап-сўзида ҳаддидан ошгани келиб чиқади. Энг даҳшатлиси оллоҳ таоло ёлғончиларни ҳидоят қилмас экан.

Одатда инсонлар ёлғонга унчалик э’тибор бермайдилар,ёлғон фақат ёлғончининг ўзигагина ма’навий зарар келтиради, деб ўйлайдилар. Аслида эса ёлғон йўлида учраган ҳар қандай нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин-кетин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас ҳисобланган ёлғонга жиддий э’тибор берилади, унга қарши курашилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан қилган ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “Мана буни ол” десаю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса Абдуллоҳ ибн Ҳомир Разияллоҳу анҳу қуйидагиларни ҳелтирадилар. “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: “Бери кел, бир нарса бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Нима бермоқчи эдинг?” дедилар. “Хурмо бермоқчи эдим” деди.  Шунда Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга ёлғон ёзилар эди”, деди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, ҳадисларида ҳам ёлғон қаттиқ қораланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мунофиқнинг белгиси учта: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ва’да қилса, бажармайди ва унга омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар”.

Демак ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ва’дасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Қур’они Каримнинг табири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Шундай экан, бу дунё-ю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунё азоб уқубатидан, шармандалигидан қутилмоқчи бўлсак,ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда ката-ю кичик, эркагу аёл, фуқаро-ю амалдор, шоҳу гадо бирдай ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина язшиликдан умид қилсак бўлади.

Термиз тумани бош имом хатиби Р.Абдуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here