Муқаддас Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай кашфиёт ва янгиликларни юксак қадрлаб, қўллаб-қувватлаган. Буюк бобокалонимиз Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек » Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай». Албатта, Ислом илм-маърифатга асосланган диндур.
Жумладан, Қуръони Каримнинг нозил бўлган илк оятида Аллоҳ таоло «Ўқи! » дея амр этди. «Илм» сўзи турли маъноларда Қуръонда 811 ўринда такрорланиши унинг ўрни қанчалик муҳимлигига очиқ-ойдин далолатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадисларида илм эгаллашга, олимларни яхши кўришга чақирганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» деб таъкидланган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
« Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (Қудратли) ва Ҳаким (Ҳикматли) Зотдир».
Оли Имрон сураси, 18 оят.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло ўзининг ягоналигига фаришталар билан бир қаторда илм эгаларини ҳам гувоҳ қилгани олимларнинг даражаси Яратганнинг наздида нақадар улуғлигига далолат қилади.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз «Мусулмон шахснинг ўз дини — Исломни яхши билиши ўзи учун ҳам ўзгалар учун ҳам жамият учун ҳам яхшиликдир», дейишади.
Динини яхши билган мусулмон унга амал қилса, ўзига кўплаб яхшиликларни жалб қилади. Чунки, Ислом дини мусулмонларни ўзларига фойдали ишларга чақирган.
Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи: « Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган! », деганлар.
Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2020 йил «Илм—маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинди. Шунингдек, 2020 йилда бюжетдан ажратиладиган 1.7 трлн сўм маблағ ҳисобидан 36 янги мактаб қурилиб, 216 таси капитал таъмирланади ва 55 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилади.
Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб ворис бўлишларига қаратилган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасидаги давлатимиз олиб бораётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, кўзлаган мақсад ва натижаларга эришамиз.

Ҳар биримиз фарзандлар тарбияси учун масъул эканимизни унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда, албатта, сўралишимизни зинҳор ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Қизириқ тумани бош имом хатиби А. Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here