Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва хадисларда зохиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисмлари «Банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади» деганлар. Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири, Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга мансуб «Жаҳмийя» тоифасидир. Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ баъзилар: «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади. Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса ўртача йўл тутган. Улар «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча, ихтиёри бор ишларда жавобгардир. Ҳақиқат ҳам шунинг рост эканини кўрсатади. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар. Ривоят қилинишича, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар: -Эй, Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тафвиз қилиб топшириб қўйганми? -Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир! -Бўлмаса, уларни мажбур қилурми? -Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сунгра азоблашдан кўра одилроқдир! -Бу нима дегани? -Бу ўртача дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ. Бу жавоблар нақадартўғри эканини сиз билан биз юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик. Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари (синонимлари) дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади. Мисол учун, «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик», ояти маъноси «ўлчов билан яратдик», бўлади. Яъни дунёдаги ҳарбир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор, дегани. Бу маънодаги оятлар анчагина бор. Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана уша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда шундай ишлар куп бўлган. Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам, Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандоқ тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар. Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг, яъни омма мусулмонларнинг ақийдавий мазҳабининг энг муътабар китобларидан «Ақийдатут Тоҳовийя»нинг матнида жумладан қуйидагилар айтилади: «Аслида, қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган Набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки, Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир. Бас, ким «Нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур. Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари куп тортишувларни, мунозараларни, хужжат солиштришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат, мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар, фойдали бўлади, деган қарорга келганлар. «Аслида, қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги сирридир.» Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. «У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган Набий ҳам хабардор эмас.» Чунки, қадар масаласи Аллоҳ илмининг чексиз эканини баён қилувчи масаладир. «У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир.» Яъни қадар масаласида чукур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади.Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб туғёнга кетишга сабаб бўлади.Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар. «У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг.» Яъни қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «нимага ундоқ бўлди, нимага бундоқ бўлди, ундоқ қилса, нима бўлар эди» каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундоқ деса, бўлмасмиди каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг.Чунки, ҳамма нарса сизга эмас, Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг! «Чунки, Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир.» Бандалар ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар. «Ва уларни қасд қилишдан қайтаргандир.» Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир. «Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар»,дегандир.» Яъни, Аллоҳ таоло нима қилса Ўзи билади. Ундан биров «Бу ишни нима учун қилдинг»? деб сўрай олмайди. Аммо Аллоҳ таоло бандаларининг ҳаммасидан ҳар бир ишни «Нима учун қилдинг!» деб сўрайди. «Бас, ким, «Нима учун бундоқ қилди?»деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур.» «Ким Қуръоннинг ҳуемини рад қилса, кофирлардан бўлур.» Шунинг учун ҳам, бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто, қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик ҳам керак.

Олтинсой туман «Хидиршо ота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here