Оят ва ҳадисда келган илмдан мурод диний илм ҳисобланади. Чунки бу илм Аллоҳ таоло ва Унинг расулининг танитувчи илмдир. Бу илм ўз зотида гўзал ва фарз бўлган илмдир. Ҳозирги кунда бу илмни талаб қилиш умумий тарзда барча учун фарзи айн даражасидадир. Чунки ўзини мусулмонман деб ҳисоблаган милионлаб кишилар, биринчи синф ўқувчиси ҳарфларни таниб алифбо байрами ўтказадиган даражада диний саводга ҳам эга эмас. Қолган ҳолатни тасаввур қилаверинг.Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадисдан кўринадики, илм олиш ҳар бир мўмин киши ва муслима аёл учун фарздир.  Илмни олгандан кейин унинг ҳақларига риоя этиш, уни бошқаларга ўргатиш ҳам инсон зиммасидаги вожиботлардан саналади.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта одамлар сизларга эргашувчидир. Албатта, улар динда фақиҳ бўлиш учун ернинг турли тарафидан ҳузурингизга келишади. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар”, дедилар” (Термизий ривояти).

Ҳаётда фақат ўзини ўйлаган одамнинг асло боғи кўкармайди. Бир кунмас бир кун у хато қилганини албатта кўради, ҳис этади, тан олади. Афсус чеккани билан унинг фойдаси бўлмайди. Аммо буни ўз вақтида ҳис этганлар ва ҳаётда тадбиқ этганлар албатта муродига етгайлар.

Анас розияллоҳу анхудан ривоят килинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талабида чиқса, у қайтгунича Аллоҳнинг йулидадир”, деганлар (Термизий ривояти).

Бу ҳадисдан олинадиган фойда шуки, илм талабида уйидан чиққан киши то уйига қайтиб боргунича Аллоҳнинг йулида юргандек олий мартабага кўтарилар экан.

Илм фақат уни эгаллашдангина иборат эмас. Унга амал қилиш ҳам фарздир. Шунингдек, уни бошқаларга етказишни омонат деб билмоқ ҳам зарур. Аждодларимиз бунга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор илмли кишининг илмидан сўралганида, у буни била туриб яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яшириш, уни бошқаларга тарқатмасликнинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлишини баён қилиш билан бирга уни ёйишга кенг тарғиб қилганлар.

Шунга биноан барча мўмин-мусулмонлар билган нарсаларини кишиларга етказиш учун астойдил ҳаракат қилишган. Бунинг савобидан умид қилишган. Улар ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланиши муқаррарлигини билишган.

Шу ўринда яна бир нарсани эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмасди. Илмни олиш ва уни тарқатишда шахсий мақсадни ўйламасдан биринчи ўринда Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш талаб этилади. Маърифатдан кўзланган асл мақсад ҳам ана шу.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинча матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).

Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат ва фақат ягона Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина бўлади. Негаки илм олишни бизга Аллоҳ буюрган, фарз қилган. Шундай йўлни тутган одам икки дунё бахт-саодатига эришади. Дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо кимки Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фоний дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни, мансаб учун, пулу мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа ол¬майди. Шунинг учун илмни талаб қилганда киши ўта ҳушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак.

Шу ўринда яна бир нарсани эслаб ўтиш лозимдир. Илм талаб қилишнинг ибтидоси ва интиҳоси ҳақида кўпчилик ҳар хил муносабатда бўлишади. Бунга ҳам ҳадиси шарифлардан етарлича жавоб оламиз. Муборак ҳадисда “Бешикдан қабргача илм изла” дейилган. Шунга кўра бу ҳаёти дунёни ғанимат билиб ўз вақтида илмга рағбат қилмоқ марғуб ва матлубдир. Хусусан, ёшликнинг қадрига етмоқ керак. Муборак ҳадисларнинг яна бирида “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилган.

Билимли киши асло пушаймон бўлмайди. Бошқалар олдида унинг қадри-қиймати ошади, ҳурмат қилинади.  Пайғамбар алайҳис салом илмни шундай таърифлаганлар: “Илм эгалланг! Илм-саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда  раҳбар, қайғули онларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.

Илм ўз соҳибини тўрга чиқаради, обрўсини оширади. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Дунёда ҳар бир халқ ва миллат илм туфайли тараққий қилади”, деганда айнан шуни назарда тутганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин, чинакам ҳаёт гарови бўлган имон йўлида собитқадам қилсин, қалбларимизни илм нури билан мунаввар этиб, барча ёмон иллатлардан пок айласин.

Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here