Муътадил кулгу ғамлар шифоси, қайғулар малҳамидир. Руҳни шод, қалбни қувончга тўлишлигида кулгунинг ажиб бир қуввати бор. Абуд-Дардо р.а. айтадилар: Мен қалбим тўлгунича куламан.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аҳён-аҳёнда кулганларида озиқ тишлари кўринар эди. Бу нафс дардини тушунувчи оқилларнинг кулгусидир ва ўша дарднинг давосидир.

Кулгу шодлик, роҳат, хушкайфият чўққисидир.

Кулгу исроф қилинмайди: «Кўп кулмагин, чунки бу қалбни ўлдирар». Кулгуда ўртача бўлиш афзал: «Биродарингга табассум қилмоқлигинг ҳам садақадир». «(Сулаймон) унинг сўзидан кулиб-табассум қилди». (Намл сураси, 19-оят) Истеҳзо, масхара кулгуси эмас: «Энди қачонки у Бизнинг оят-мўъжизаларимизни уларга келтиргач, баногоҳ улар у (мўъжиза)лар устидан кула бошладилар». (Зухруф сураси, 47-оят) Аҳли жаннатнинг неъматларидан бири кулгудир: «Энди бу (қиёмат) Кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар». (Мутаффифун сураси, 34-оят). Араблар тишлар оқи кўрингудек кулгуни мақташган ва буни ўша инсоннинг қалби кенгликлиги, фазилат, табиатининг саховатлилигидан деб санашган. Хулқининг гўзаллиги ва зеҳни комиллигига далил қилишган

Дарҳақиқат Ислом ақидалар, ибодатлар, ахлоқларнинг барчасида ўртачалик – мўътадиллик устига қурилгандир.

Маъюслик ва тунд аҳвол нафс ноласининг, ақл ғалаёнининг, хулқ-атвор хиралашганининг аломатидир.

Аҳмад Амин ўзининг «Файзул-Хотир» китобида айтади: Ҳаётга табассум билан боқадиганлар бахтиёр бўлибгина қолмай, балки бирор бир иш қилишга, масъулиятни кўтара олишга, қийин аҳволларни енгиб ўтишга ва ўзлари учун ҳам, одамлар учун фойдали бўлган ишларни амалга оширишликка ўзларида бир куч топадилар.

Агар менга кўп мол-давлат, катта мансаб ёки табассум қилувчи нафс, шулардан бирини танлашлик ихтиёри берилганида ҳеч иккиланмай иккинчисини – табассум қилувчи нафсни танлар эдим. Тунд одамга мол-давлат ярашмайди, маъюслик билан катта мансаб тўғри келмайди. қалби тор ва танг ҳолда худди дўстини жанозасидан келаётгандек турган тунд қиёфа инсонга ҳаётнинг ҳеч қандай қизиғи йўқдир. Уйи жаҳаннамга айланган маъюс аёлнинг жамолидан кўра, гўзал бўлмаса ҳам уйи жаннат бўлган аёл минг марта афзалдир.

Гул табассум қилур, боғлар табассум қилур, денгиз, анҳорлар, осмон, юлдузлар, қушлар буларнинг барчаси табассум қилур.

Инсон агар унга бирор бир таъма, ёмонлик ё худбинлик рўпара келмаса, унинг асли табиати табассумдан иборатдир. Аксинча бўлган инсон хушоҳанг табиатнинг оҳанггини бузади, гўзалликни кўра олмайди, ҳақиқатни билмайди. Ҳар инсон дунёга ўз иш-амали, фикрлашининг ўлчами билан баҳо беради, агар иш яхши бўлиб, фикр тўғри келса, унинг учун дунё манзаралари тоза, покиза, дунёнинг ўзи ҳам асли яратилгандек гўзал бўлиб кўринади. Агар акси бўлсачи, у ҳолда гўё унинг манзаралари хиралашиб, ойналари қорая бошлайди ва ҳар бир нарсани ана шундай қораликдан иборат деб билади.

Баъзи бир инсонлар ҳар бир нарсадан бахтсизликни келтириб чиқаришса, баъзилар барча нарсадан саодатни барпо қиладилар.

Бу аёл фақат хато ишни кўради, бу кун қора кун бўлди, чунки бугун лаган синди, ошпаз таомни шўр қилиб қўйди.

Бу киши эшитган ҳар бир гапдан, арзимас бир ишдан (у ишни ўзи қиладими ёки бошқаси), олинган фойдадан, ёки ўзи кутаётгандек фойда бўлмаслигидан, барчасидан ёмон таъвил ясайди, унинг назарида барча нарса қорадек ва уни атрофидагиларга ҳам қора қилиб кўрсатади. Улар ёмонликни кўпиртиришга ўзларида куч топган одамлардир, улар оддий уруғдан гумбаз, кўчатдан дарахт ясайдилар, уларда яхшилик учун куч йўқ, ўзларига берилган неъматга гарчи кўп бўлса ҳам хурсанд бўлмайдилар, ўзларига етган бу неъматдан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилмайдилар.

Ҳаёт ўрганадиган фандир. Инсон уйига мол-дунё тўплашидан кўра ҳаётига гул райҳон, муҳаббат кўчатини ўткизмоқлиги яхшироқдир.

Раҳмат, муҳаббат, гўзалликни тараққий эттириш ўрнига бутун куч ҳаракатни мол-дунё тўплашга қаратилган ҳаёт қанақа ҳаёт бўлди?

Аксар инсонлар ҳаёт гўзалликларини кўришлик учун кўзларини каттароқ очмайдилар, улар кўзларини динор, дирҳамлар учун очадилар. Сердарахт боғлар, гўзал гулзорлар, булоқлар, сайроқи қушлар олдидан ўтадилар-у, уларга эътибор бермайдилар, улар у ерларга пул

учун кириб, пул учун чиқадилар. Улар пулни бахтли ҳаёт кечиришлик воситаси деб биладилар ва саодатли ҳаётларини ўша пул учун сотадилар, бизларга кўзлар гўзалликни кўриш учун берилган, бизлар эса уларни мол-дунёга қарашга одатлантирдик.

Умидсизлик нафсни ҳам юзни ҳам тунд қиёфага киргизади. Агар табассум қилишни истасанг умидсизликка қарши курашгин, бу дамлар барчамиз учун қулай фурсатдир, бизлар учун нажот эшиги очилгандир, бас ақлингни орзулар эшигини очишликка, келажакдан фақат яхшиликни кутишликка одатлантир.

Агар сен ўзингни кичик ишлар учун яратилганман деб эътиқод қилсанг, ҳаётингда фақат кичик нарсаларга эришасан. Агар сен ўзингни буюк ишлар учун яратилганман деб билсанг, ўзингда барча тўсиқ-ғовларни енгиб ўтиб, кенг майдонга, олий мақсадларга эриштирадиган бир кучни топасан. Бу гапимизнинг тасдиқи моддий ҳаётимизда ҳам яққол кўринади: Юз метрга югуришлик мусобақасига қатнашган одам ўша маррага етгандан сўнг чарчоқни ҳис қилади, тўрт юз метрга югуришни қасд қилса, юз, икки юз метрга етганида ҳам чарчоқни билмайди. Руҳинг ҳам сенга мақсадингга яраша ҳимматни беради.

Нафсни зулмат исканжасида қолдириб, уни тунд қиёфага айлантирадиган нарса; Умидсизлик, орзу қила олмаслик, фақат ёмонликни кўриб яшашлик, одамлар айбини исташлик ва фақат бу оламнинг ёмонликлари ҳақида жаврайверишликдир.

Инсон ўзининг табиъий иқтидорини ўстириш, уни билимдон қилиш, уни қўли очиқлик, бағрикенгликка одатлантириб, у ҳаракат қилаётган эзгу мақсадлари имкони борича инсонларга яхшилик қилишининг омили эканлигини ва нафси нурни, муҳаббат ва эзгуликни таратадиган қуёш бўлишини, қалби меҳрга, яхшилик ва инсонийликка, ҳамда у билан алоқадор барчага ёрдам беришлик учун хайрихоҳликка тўла бўлишини ўргатгани каби муваффақиятни бошқа бирор нарсада топмайди.

Табассум қилувчи нафс қийинчиликни кўрганида, унга ғолиб бўлишдан лаззат топади, унга қараб ҳам, у билан курашаётганида ҳам, унга ғолиб бўлганида ҳам табассум қилади. Тунд қиёфа нафс эса қийинчиликни кўрганида ортига қараб қочади, ҳимматини паст санайди ва «агар, кошки» каби сўзларни қўллай бошлайди. Уни бу аҳволга солган замон эмас, балки унинг хулқ-атвори, тарбиясидир. У ҳаётда нажот топишни истайди, у ҳар йўлда пойлаб турувчи шерларни кутади, осмон олтин ёғдиришини, ердан хазиналар ёрилиб чиқишини кутади.

Ҳаётдаги қийинчиликлар мутаносиб ишлардир. Кичик бўлган нафс олдида ҳар нарса жудаям қийин, буюк нафс олдида эса бирор нарса қийинчилик туғдирмайди. Буюк нафс қийинчилик қанча кўп бўлмасин буюклиги ошиб бораверади. Заиф нафс эса ундан қочишга уринади. қийинчилик худди қопоғон ит кабидир, агар у сени ундан қўрқаётганингни, ортингга қайтмоқчи эканлигингни сезиб қолса, хуриб, ортингдан чопади. Аммо сени унга истеҳзо билан қараб, унга эътибор ҳам бермаётганингни билса, йўлни сенга бўшатиб беради ва сендан қўрқиб, ўралиб олади.

Нафсни паст, шаъни кичик, қиймати оз деб билишлик у нафсни ҳалок қилади. Ундай ҳалок бўлган нафсдан катта ишлар содир бўлмайди, ундан яхшиликлар кутилмайди. Мана шундай нафсини арзимас санаган инсон ўзига бўлган ишончни, иймонининг қувватини йўқотади, бирор ишга киришмоқчи бўлса, ўз қобилиятига, ишни охирига етказишлигига шубҳа билан қарайди ва охир оқибат сусткашлик қилиб мақсад қилган иши амалга ошмайди.

Нафсга ишонмоқ катта фазилатдирки, ундай нафс ҳаётнинг нажот устунидир.

Нафс билан разил саналган ғурурнинг орасида катта фарқ бордир. ғурур нафснинг хаёлга, қалбаки бўлган шуҳратга интилишидир.

Ўзига юклатилган масъулиятни кўтаришликда қобилиятига суяниб, ўз иқтидор ва истеъдодларини намоён этмоқлиги ўша инсоннинг ўз нафсига бўлган ишончининг белгисидир.

Бизлар табассум, хушчақчақлик, қалби кенглик, саховат, руҳ мулойимлиги, гапга кўнадиган, ройиш, муқобил бўлишликка нақадар муҳтожмиз.

Хулоса

Маҳзун бўлма! Чунки сен кеча ғам чекишни тажриба қилиб кўрдинг, бирор фойда бергани йўқ. Ўғлинг сувга ғарқ бўлди, қайғурдинг, ўғлинг нажот топдими? Отанг ўлди, қайғурдинг, тирилдими? Тижоратингда зиён кўрганингда қайғурдинг, ўша зиёнларинг фойдага айландими?

Маҳзун бўлма! Чунки сен бир мусибатга қайғурганингда мусибатлар кўпайди. Фақирликдан нолиб, муваффақиятсизликка

учрадинг, душманларингни сен ҳақингда айтган гапларидан хафа бўлиб, уларга ёрдам бердинг, ёмон иш бўлишидан хавотирда эдинг, у иш содир бўлмади.

Маҳзун бўлма! Чунки сен бу билан кенг ҳовлига, гўзал аёлга, мол-давлатга, катта лавозимга, аслзода фарзандларга эришмайсан.

Маҳзун бўлма! Чунки у сенга зилол сувни аччиқ, атиргулни заққум, боғларни қақраган саҳрога ва ҳаётни тоқат қилиб бўлмас зиндонга айлантиради.

Маҳзун бўлма! Чунки сени икки кўзинг, икки қулоғинг, икки лаб ва икки оёқ-қўлинг, тилинг, дов юрагинг бор, тинчлик, омонлик бор, бутун баданинг соғ-саломатдир. «Бас, (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?!». (Раҳмон сураси, 13-оят).

Маҳзун бўлма! Чунки сенинг ўз эътиқод қилган дининг, яшайдиган уйинг, ейдиган нонинг, ичадиган сувинг, киядиган кийиминг, турмуш ўртоғинг бор, бас ғам-аламдан не фойда?

 

Ҳайбатуллоҳ РАШИДОВ

Шўрчи тумани «Толли ота» жоме масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here