Ҳар кимнинг ниятига яраша

      (ёки ноқонуний миграция оқибатлари)  

       Аллоҳ таоло бандаларини мукаррам қилиб яратди. Ризқини етказишини Каломида баён этди. Демак, Роббимиз ризқимизга кафил. Шунга қарамай, айрим борига қаноат қилишни унутганлар дабдабали тўйлар ва иморатлар қилиш мақсадида соғлиги, жонини хатарга қўйиб, ноқонуний йўллар билан хорижга чиқиб кетмоқда.

Мусулмон оила бошлиғига сафарга чиқиш олдидан, аввало, қайтиб келгунича қийналмасликлари учун оила аъзоларини моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиши шарт қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  Маккадан Мадинага  кўчиш пайтларида озуқа, сафар ҳамроҳи, керакли от-улов ва йўлбошловчи каби энг зарурий эҳтиёж чораларини кўрдилар, кейин Аллоҳга астойдил таваккал қилиб, йўлга чиқдилар ва сафарлари хайрли бўлди.

Бугунги кунда олис юртга ишлаш учун борувчилар масъул ташкилотлар билан шартномалар тузиб, борар жойи ва иш ўрни тайин бўлгандагина йўлга чиқишса, ҳар жиҳатдан ҳимоя чорасини кўрган бўлишади.

Хорижга ноқонуний йўл билан чиқиб кетганлар кўпинча моддий манфаатдорликка эришса-да, турли зарар ва кулфатларга дуч келишади. Жумладан, касал бўлса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қила олмайди, бунинг устига ҳолидан хабар оладиган яқинлари йўқ. Бегона юрт конун-қоидалари, урф одатлари, тилини билмайди. Ижтимоий ҳимоя чораларидан фойдалана олмайди…

Узоқ муддатли сафарга кетган ватандошларимиз орасида оила ва никоҳ муносабатлари ҳам издан чиқмоқда. Улар уч-тўрт йилга, баъзан бундан ҳам кўп муддат оиласидан узилиб қолмоқда. Рассия федерациясида ишлаб келганларнинг айтишларига кўра  айрим ўзбек йигитлари ўша ерлик аёлларга никоҳсиз уйланиб олишаркан. Ёки баъзилари аҳлоқсизликка асосланган ҳаёт тарзини танлаб, турли оғир, бедаво касалликларни юқтириб келишаяпти. Бу фикрни шифокорлар ҳам тасдиқлашяпти.

Чет элларда ишлаётганлар, истаса-истамаса, ўша жойларда маҳаллий халқларнинг менталитетига, уларнинг мўмин кишига ўта зарарли одат ва қусурларига ҳам тақлид қилишади. Ачинарлиси, динимиз аҳкомларини яхши билишмагани учун Ислом таълимотларини ғаразли мақсад йўлида нотўғри талқин қилган ҳийлакорларнинг гапларига осон ишонишади; пулга алданишади; экстремистик оқимларга қўшилиб, бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлишади. Жангарилар сафига қўшилиб, ватанига хиёнат қилганлар, ота-онаси, фарзандларидан воз кечиб, дарбадар юрганлар ёки жасади ҳам хор бўлганлар қанча.

Ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Мен бандамнинг гумонидаман: агар (яхши)  бўлса, яхши бўлади; агар ёмон бўлса, ёмон бўлади» , дейди (ИмомТабароний ривояти)

Ўз юртимиз, азиз хонадонимиз бағрида, кексаларнинг дуосини олиб, яқинларимизнинг дийдори,  меҳрига тўйиб, ҳалол меҳнат билан топганимизни бағри бутунликда баҳам кўриб умргузаронлик қилишга нима етсин!

 

 Олтинсой туман «Хидиршо ота»жомеъ масжиди имом-хатиби                                  Абдусалом Султонов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here