БахорЎлкамизга хуш келдинг НАВРЎЗ!

Мана ўзининг ҳар йилги анъанасига содиқ қолган ҳолда, юртимизга баҳор фасли ташриф буюриб, кетидан қадрли байрамимиз Наврўзи олам келмоқда. Муҳтарам биринчи президентимизнинг қарорлари билан ҳар йили “21-мартда Наврўз” байрамини нишонлаймиз. Қир-адирлар ям-яшил тусга кириб, лола-қизғалдоқлар билан ястаниб олади. Қизларимиз атласу-адраслардан кўйлаклар кийишади ва қошларига ўсмалар қўйиб, чеккаларига мажнунтолдан сочпопуклар тақиб олишади. Момоларимиз ва онахонларимиз дошқозонларда сумалаклар қайнатишади ва халқимиз ўзининг меҳр-оқибатлилигини исботлаган ҳолда, сумалакдан қўни-қўшни, қариндош-уруғларга тарқатишади.

сумалак

Бу байрамни барчамиз интизорлик ва ҳис-ҳаяжон билан кутамиз. Бу байрамда ҳаммаёқ супириб-сидирилади, дарахтлар танаси оқланади, боғларга янги кўчатлар ўтказилади, урушганлар ярашишади, совға-саломлар олиб кексалар ва беморлар  ҳолидан хабар олинади. Турли туман баҳорий кўкатлардан турли хил пишириқлар пишириб қўни-қўшниларга улашилади.

Бу байрам кунларда ҳар бир инсон ўз уйини ва атрофини тозалаш билан машғул бўлади. Чунки бу мусулмончилик талабларидан. Ислом поклик динидир. Наврўз келишидан олдин ҳар йили барча ҳашар ишлари, тозалик ишлари билан машғул бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: Албатта, Аллоҳ таоло яхшидир яхшиликни севади, сахийдир саховатни севади, покдир покликни севади. Шунинг учун покланинглар. Яҳудийларга ўхшаманглар, ён-атрофларингизни пок тутинглар”.

Яна мана шундай эзгу амаллардан бири боғларга дарахт кўчатларини экишдир. Бу иш биз учун қанчалик савобли амаллардан эканлиги ҳақида бир нечта оят ва ҳадисларда баён қилинган. Шулардан бири бу ҳадисдир: Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёҳуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур” — деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадис кўчат экиш аҳамияти улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

кучат экиш

Баҳор айёми ва Наврўзи олам туфайли юртимизда ана шундай кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари, беморлар ҳолидан хабар олиш каби  эзгу ва савобли амаллар янада кўпроқ бажарилади. Ҳар биримиз мана шундай савобли амалларни кўпроқ бажарайлик.

Олтинсой туман бош имом хатиби котибаси:  Давлатова Турдихол

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here