Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Термизийлар меросига эътибор” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда маҳаллий ва хорижлик журналистлар, сайлов жараёнларини кузатиш учун вилоятга келган халқаро кузатувчилар, олимлар, илмий тадқиқотчилар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таьлим маркази ва вилоятдаги бошқа олий таьлим муассасалари талаба-ёшлари иштирок этди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда маҳаллий ва хорижлик журналистлар, сайлов жараёнларини кузатиш учун вилоятга келган халқаро кузатувчилар, олимлар, илмий тадқиқотчилар, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таьлим маркази ва вилоятдаги бошқа олий таьлим муассасалари талаба-ёшлари иштирок этди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор У.Уватов, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси кафедра мудири, доцент Д. Мақсудов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий изланишларини, панду насиҳатларини халқимиз онгига теран етказишга алоҳида эьтибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Қашқадарёда ақида, Фарғонада фиқҳ, Бухорода тасаввуф, Самарқандда ҳадис ва калом мактаблари ташкил этилгани Ватанимизда камолга етган улуғ зотларнинг бой илмий асарларини чуқур ўрганиб, Ислом динининг мусаффо таълимоти ва назариялари кенг тадқиқ этишга қулай муҳит яратгани қайд этилди. Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор асосида қад ростлаган замонавий марказда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси чуқур ўрганилиб, ёзма манбалари тизимли асосда тадқиқ этилаётир. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида янги марказда яратилган шароитлар билан танишиб, буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берган, бу ерда термизийлар меросини мукаммал ўрганиш мақсадида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муносиб шароитлар яратиш, олимларнинг халқаро илмий конференцияларда иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидлаган эди.
– Шунга мувофиқ қисқа вақтда Термизий алломалар ижодига оид ўндан ортиқ асарни таржима қилиб, нашр эттирдик, – дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Ж.Чўтматов. – Юртимиз ва халқаро миқёсда кўплаб илмий мақолалар эълон қилинди. Термизийлар меросининг жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган 1 минг 400 дан зиёд қўлёзмасини аниқлаб, уларнинг ўндан ортиғи марказга келтирилди. Шунингдек, келгусида ўтмишда яшаган улуғ аждодларимизнинг нодир асарларини асл араб тилида нашр этишни ҳам режалаштириб олганмиз. Янги йилда Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллик таваллудини халқаро миқёсда кенг нишонлаш мўлжалланган. Бу муҳим тадбир орқали юртимизнинг шонли тарихи, буюк алломалари ва Сурхондарёнинг нақадар мўътабар замин ва тупроғи табаррук экани халқимиз, ёшларимиз ва дунё жамоатчилигига кенг намоён этилади. Янги марказ Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳридаги “Ахборот ва араб-рус тадқиқотлар маркази билан ҳамкорлик меморандумини имзолаб, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Имом ат-Термизий илмий меросининг ислом цивилизацияси тараққиётидаги аҳамияти“ мавзуида илмий семинар ташкил этди. Россия, Туркия, Саудия Арабистони ва Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро илмий анжуманларда маьрузалари билан иштирок этди. Ўтмишда буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сурхондарё воҳаси йирик маданий-маърифий марказ сифатида ҳам дунёга танилган. Бу гўшадан Термизий номи билан ислом оламига машҳур кўплаб алломалар етишиб чиққан. – Собиқ мустабид тузуми даврида ана шундай беназир аждодларимиз номлари унутилиш даражасига етиб келган эди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Термиз шаҳар бўлими раҳбари Нуриддин Останақулов. – Мустақилликкача йирик муҳаддис олим Абу Исо Термизий ва буюк мутафаккир Муҳаммад Ҳаким Термизий номларини чалкаштириб юбориш ҳоллари юз бергани бунга яққол далилдир. Ушбу марказнинг барпо этилгани Сурхондарё аҳлига улкан маънавий туҳфадир. Бу ёшу кексанинг ўтмишда яшаб, жаҳон илм-фанига бебаҳо ҳисса қўшган улуғ зотлар меросидан баҳраманд бўлиши ва уларнинг асарларини чуқур тадқиқ этишга қулай имконият яратди. Юртимизда “жаҳолатга қарши маърифат” шиори асосида амалга ошираётган хайрли ишларимизга ҳамоҳанг қадам бўлди. Буюк муҳаддис Имом Термизий “Сунани Термизий“ ва бошқа муборак асарлари билан ислом дунёсида шуҳрат қозонган олим. Халқаро илмий-тадқиқот марказининг муҳташам бинода самарали фаолият юритиши учун барча қулайлик яратилган. Компьютер хоналари, кенг, ёруғ мажлислар зали ва кутубхонасига ҳам эга. Бу ерда фаолият юритаётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш минтақавий филиалида имом-хатиб ва отинойиларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилган. Матбуот анжуманида марказ ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати