Бисмиллаҳир роҳманир роҳиийм

Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамду санолар ва жаноб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбаримизга саловатлар бўлсин.

Ҳозирги кунда кўплаб мурожаатларда “Чилтон” ва “Момолар” ҳақида сўрашиб, баъзи бир сеҳр билан шуғулланувчи ёки эътиқодлари бузуқлар томонидан “Чилтон суви”, “Момоларинг бор” шунинг учун “Қўл” олишинг керак мазмунидаги сўзлар билан халқни алдаб қўйишаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Таассуфки, бу ҳолдан унумли фойдаланиб, мўмай даромад топиш пайига тушган баъзи олғир жинкашлар турли ҳийла-найранглар билан одамларни пулини олиш билан овора. Минг афсус, содда, ишонувчан халқимиз одатда ҳар қандай диний тус берилган  ишни – у тўғрими ё нотўғрими, деб сўраб-суриштириб ўтирмай – қилаверади. Бу эса фирибгарларга айни муддао. Содда мижозларни хоҳлаган куйига солиб, бир марта ўқиш билан тузаладиган беморга ҳам: “Камида уч марта ё етти марта ёки қирқ бир марта келинг. Охиргисида хўроз олиб келасиз. Ҳар бир ўқишимга фалон доллардан берасиз” деб, текинтомоғлик қилмоқдалар. Бордию ҳар қанча ўқишига қарамай “Операция” муваффақиятсиз чиқиб қолиб, бемор даво топмаса: “Мана кўрдингиз, шунча уриндим, бўлмаяпти. Энди фолбинликни бўйнингизга олмасангиз, тузалмайсиз экан. Боболаримга атаб бир қўчқор сўйсангиз, сизга “оқ фотиҳа” олиб бераман” деб, ўзига ҳамтовоқ бўлувчи малъун фолбинлар сонини орттираётганлар ҳам талайгина.

Хўп майли. Уни-буни қўяйлик-да. “Ўзи жин нима у? Бор нарсами ёки афсонами? Бор бўлса, у нима учун яратилган ўзи? Ундан ҳимояланиш мумкинми ёки чораси йўқми? Бордию бирорта одамга жин тегса, соғайиб кетадими, давоси борми ёки шу билан ўлиб кетадими?”, деган саволларга жавоб излаб кўрайлик…

Жин афсона эмас, бор нарса. У асли оловдан яратилган махлуқдир. У шайтоннинг зурриётидир. Бунинг далиллари қуйидаги ояти карималардир:

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, барча фаришталарни Одамга бироз эгилиб, таъзим саждасини қилишга буюрганида фаришталар сажда қиладилар. Иблис эса сажда қилмайди ва бундай дейди: “(Иблис айтди) Мен лойдан яратганинг башарга сажда қилмасман. Мен ундан яхшироқман, мени оловдан яратгансан ва уни (эса) лойдан яратгансан”. (Аъроф сураси 12 оят).

“Каҳф” сураси 50 оятида бундай дейилади: “Эсланг, (Эй, Муҳаммад!) Фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади холос). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйин сунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй, Одам болалари,) Мени қўйиб, уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золимлар учун (Аллоҳнинг ўрнига) нақадар ёмон “ўринбосардир”!”. Бу ояти каримадаги “У жинлардан эди.” дегани шайтоннинг жинлардан эканини билдиради. “…уни (иблисни) ва зурриётларини дўст тутасизми?!” дегани эса у жинларнинг энг каттаси экани, жинлар унинг зурриёти эканини аниқ кўрсатиб турибди.

Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга худолар деб эътиқод қилишарди. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, Унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди.

Шунингдек, араблар «Жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади», деган ўйда эдилар. Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хомхаёл бўлиб, агар улардан бирорталари бирор жойга бориб, ётиб қолмоқчи бўлса, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман» деган дуони ўқишарди.

Бизнинг юртларда ҳам юқорида айтилганга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва уларга гирифтор бўлганлар бу ёлғон эътиқодга бўйсунишади. Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганидан бу маънодаги гап-сўзлар ниҳоятда кўпайиб кетди.

Шу билан бирга, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни бутунлай инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап, дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига чиқаришади.

Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби асл ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исботлаб, бу ҳақдаги тўғри тасаввурни баён қилиб беради, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга, жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.

Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли оловдан яратилган. «Жин» сўзининг луғавий маъноси «тўсилган» дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари, шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб, ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлишган. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар ғирт туҳматдир.

Сабаъ сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганлиридан сўнг ҳам «у тирик, бизни кузатиб турибди», деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганлари ҳақида оятлар бор.

Исломдан олдинги вақтда жинлар осмонга чиқиб, фаришталарнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни ҳам яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишлари, кейинчалик учқунлар отилиб, уларни бу ишдан тўсгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб, «Биздан осмон хабарини тўсган нарса шу», деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтганлари, шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилгани ҳақида юқорида батафсил айтиб ўтилди.

Қуръони Каримда жинлар ҳақида ўнта сурада қирққа яқин оят бор. Алоҳида бутун бошли бир сура «Жин сураси» деб номланган.

Қуръони Карим ва Суннатда келган далилларни синчиклаб ўрганиб чиққан уламоларимиз қуйидаги хулосаларни айтганлар:

Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Роҳман сурасида марҳамат қилади:

«Ва жинларни ўтнинг алангасидан яратди» (15-оят).

Аллоҳ таоло жинни тутуни йўқ оловдан яратди. Оятдаги «маарижин» сўзи шуни англатади. Жиннинг оловдан яратилиши инсоннинг илм доирасига кирмайдиган нарса. Буни бизга билдирувчи ягона манба Қуръондир. Биз ушбу хабарга иймон келтиришимиз лозим. Бу жараён қандай кечганлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизга кенг­роқ билдиришни хоҳламаган экан ва биздан билиш илмини талаб қилмаган экан, бекорга овора бўлишимизнинг ҳожати йўқ.

“Чилтонлар”, “Момолар” ва “Боболар” деган алдамчи сўзларга учиб баъзи олғир жинкашлар турли ҳийла-найрангларига алданиб қолманг…..

 

Маъсидхон Чориев — “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here