Қадр кечаси хақида ўзбек тилида хам анча-мунча маълумотлар оммага кенг тарқалиб улгурган. Қадр кечаси Рамзоннинг нечанчисида бўлиши, унинг фазилати ва унда қилинадиган амаллар, содир бўладиган ҳолатлар хақида хам мақолалар мавжуд. Шу боис, биз бу ерда мазкур маълумотларни қайтариб ўтирмай, кўпчилик учун қизикарли бўлган айрим нуқталарга тўхталсак.

Қадр кечаси аввалдан бўлганми ёки уммати Мухаммад (с.а.в)га хосми?

Бу борадаги далилларни ўрганган уламоларимиз иккала фикрга хам далолат қилувчи хужжатлар борлигини айтадилар.

Биринчи фикр: Қадр кечаси олдиндан бўлган.

عَن أَبِى ذَرٍّ قَالَ : «قُلْتُ :«يَا رَسُولَ اللهِ ، أَخْبِرْنِي عَنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ – أَفِي رَمَضَانَ هِيَ ، أَوْ فِي غَيْرِهِ؟» قَالَ : «بَلْ هِيَ فِي رَمَضَانَ». قَالَ: قُلْتُ: «تَكُونُ مَعَ الأَنْبِيَاءِ مَا كَانُوا فَإِذَا قُبِضُوا رُفِعَتْ، أَمْ هِيَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ؟» قَالَ : «بَلْ هِيَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ».

Имом Ахмад ибн Ханбал Абу Зарр розияллоху анхудан ривоят Қилади:

«Эй Аллохнинг Расули, қадр кечаси хақида менга айтиб беринг, у Рамазонда бўладими ёки бошқасида хам бўладими?» дедим. У Зот: «Йўқ, у Рамазонда бўлади», дедилар. Мен: «У анбиёлар борлигида бўлиб, улар қабз қилингач, кўтариладими ёки қиёматгача бўладими?»дедим. У Зот: «Йўк, у қиёматгача бўлади», дедилар».

Хадисни худди шу мазмунда имом Насоий ва имом Хоким хам ривоят қилишган.

Бу хадисдан Қадр кечаси олдин хам бўлган ва қиёматгача бардавом бўлади, деган маънони тушуниш мумкин. Бу фикр эгалари яна ояти карима ва хадиси шарифларда «Қуръони Карим қадр кечасида нозил бўлди», деб айтилишида хам ушбу кеча олдиндан бўлганлиги англанилади, дейдилар. Зеро, уша оят- хадисларда «У кечани унда Қуръонни нозил килиш билан қадрли қилдик», деган ифода эмас, балки асли қадрли бўлган кечада Қуръонни нозил қилдик, деган таъбир қўлланган. Бу Рамазон азалдан Аллох таоло шарафли қилган ой бўлиб, кейин Куръонни шу ойда нозил қилиш билан уни янада юксалтиргани, сўнг эса Ислом уммати рўза ибодатини адо этиши учун айнан шу ой танлангани каби азалий иродага боғлиқдир.

Иккинчи фикр: Қадр кечаси Ислом умматига хос.

عَنْ مَالِكٍ، أَنَّهُ سَمِعَ مَنْ يَثِقُ بِهِ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ يَقُولُ: «إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ أُرِيَ أَعْمَارَ النَّاسِ قَبْلَهُ، أَوْ مَا شَاءَ اللَّهُ مِنْ ذَلِكَ، فَكَأَنَّهُ تَقَاصَرَ أَعْمَارَ أُمَّتِهِ، أَنْ لاَ يَبْلُغُوا مِنَ الْعَمَلِ، مِثْلَ الَّذِي بَلَغَ غَيْرُهُمْ فِي طُولِ الْعُمْرِ، فَأَعْطَاهُ اللَّهُ لَيْلَةَ الْقَدْرِ، خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ».

Имом Молик «Муватто»да узи ишонган ахли илмлардан бирининг шундай деяётганини эшитганини ривоят килади:

«Расулуллох соллалоху алайхи васалламга у Зотдан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилган эди, у Зот бошқалар узун умр кўриш сабабли етган нарсага етишга ўз умматларининг умрлари қисқалик қилади деб билиб қолдилар. Шунда Аллох у Зотга минг ойдан яхши бўлган қадр кечасини берди».

Ушбу хадисга кўра, қадр кечаси уммати Мухаммадияга хос инъом этилгандир. Аммо Ибн Хажар Аскалоний рахматуллохи алайх «Фатхул-Борий»да: «Бу хадисни таъвил қилиш мумкин, шу боис у Абу Зарр розияллоху анхунинг хадисидаги очик хабарни рад этмайди», деб айтади. Бироқ имом Суютий рахматуллохи алайх: «Абу Заррнинг хадиси хам таъвилни қабул килади, яъни у қадр кечаси Набий соллаллоху алайхи васалламнинг замоналарига хосми ёки кейин хам давом этадими, деган маънода сураган. Бунга хадисдаги «қиёматгача» деган жумла хам ишора қилиб турибди», дейди.

Ибн Абу Хотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоху алайхи васаллам бир куни Бану Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закарийё, Хузайкил ва Юшаъ ибн Нуҳ алайхиссаломларни эсладилар. Уларнинг хар бири Аллохга саксон йил ибодат килган ва кўз очиб юмгунча хам осий бўлмаган эканлар. Набий соллаллоху алайхи васалламнинг сахобалари бундан бағоят хайратга чўмдилар. Шунда у Зотнинг хузурларига Жаброил келди ва: «Умматинг шундан хайратга тушдими? Аллох таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди ва у Зотга: «Иннаа анзалнааху фиилайлатил-кодр»ни тиловат килиб берди. Сўнгра: «Бу сенинг умматинг хайратланган нарсадан афзалдир», деди. Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам ва у Зот билан бирга одамлар хам масрур бўлдилар».
Имом Байхакий ва Ибн Абу Хотимлар қилган ривоятда куйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоху алайхи васаллам Бану Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллохнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан. Мусулмонлар бундан хайратга тушдилар. Шунда Аллох Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлгани эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб оладилар. Дархақиқат, улардан узиб хам кетдилар».
Бу далиллар хам қадр кечаси Мухаммад соллаллоху алайхи васалламнинг умматларига берилган имтиёзлардан бири эканини таъкидлайди. Шу боис, кўпчилик уламоларимиз шу фикрга мойил бўлганлар. Абу Хасан Убайдуллох ибн Абдуллох Муборакфурий: «Жумхурга кўра, қадр кечаси ушбу умматга хос, олдингиларга хос бўлмаган», дейди. Имом Нававий рахматуллохи алайх: «Асхобларимиз қатъий айтган ва жумхур уламолар таъкидлаган сахих гап – шу», деб айтади. Яъни қадр кечаси Ислом умматига хосдир.
Қадр кечаси аввал хам бўлгани хақидаги далиллар билан унинг Ислом умматга хослиги ўртасидаги хабарларни қуйидагича жамлаш хам мумкин:
Қадр кечаси аввалдан фазилатли кеча ўларок тайин қилинган бўлса-да, уни бедор ўтказиб, минг ойлик ибодат савобига эришиш амри уммати мухаммадияга сақлаб қўйилган. Бу худди уларнинг жума куни ибодатига муяссар қилинишлари, Рамазон ойи рўзаси билан шарафланишлари каби хусусиятларига ўхшашдир.

Қадр кечасининг аломатлари борми?

Хадиси шарифларда қадр кечасининг айрим аломатлари айтилган ва уламолар хам буни кузатганлар.

Имом Муслим Зир ибн Хубайшдан ривоят қилади:
«Убай ибн Каъбдан: «Биродарингиз Ибн Масъуд: «Ким йил бўйи қоим бўлса, қадр кечасини топади», деяпти?» деб сўрадим. У: «Аллох унга рахм қилсин. У одамлар суяниб қолмасликларини ирода қилган. Ўзи унинг Рамазонда, охирги ўн кунликда, йигирма еттинчи кечада эканини аниқ билади», деди. Кейин унинг йигирма еттинчи кечада эканига истисно қилмай, онт ичди. «Буни нима асосда айтяпсиз, эй Абу Мунзир?» дедим. У: «Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни (қуёш) ёғдусиз чиқади», деди».
Яъни осмонга кўтарилаётган фаришталарнинг кўплигидан шундай холат намоён бўлади.

Ибн Хузайма «Сахих»да Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоху алайхи васаллам қадр кечаси хусусида: «У очик ва иссиқ хам, совуқ хам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш кизғиш, заиф бўлиб чиқади», дедилар».

Бундан ташқари, уламоларимиз қадр кечасида ўзгача бир сукунат, ором хукм суриши, мўмин дилларда ўзгача шодлик таралишини хам аломат сифатида зикр қиладилар. Аммо «дарахт сажда қилади, нур кўринади, ушлаган нарсаси тилла бўлиб қолади», деган гаплар асоссиздир.

Қадр кечасини топиш учун нима килиш керак?

Хадисларда қадр кечасининг фазилатлари айтилиб, уни топишга ундалган. Аммо уни айнан бир кеча билан кайдлашга интилиш хадисларнинг умумий мазмунига зиддир. Зеро, Расулуллох соллаллоху алайхи васалламга қадр кечаси билдирилиб, кейин унинг унуттирилгани маълум ва машхур. Ушанда Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Ажаб эмаски, шуниси сизлар учун яхшироқ бўлса», деганлар. Шунинг учун уламоларимиз қадрни топишга харакат қилган киши турли фалакий ё бошка хисоб-китобларга чалғимай, набавий насихатга амал қилиши керак. Унга кўра, химмати баланд кишилар қадр кечасини Рамазон ойининг кечаларидан қидирсин. Бунга қурби етмаганлар унинг охирги ўн кунлигидан қидирсин. Бунга хам тоқати етмаганлар охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан қидирсин. Буни хам эплай олмаганлар йигирма еттинчи кечани қадр ўларок ўтказади. Қадр кечасининг яширин қолишидан кўзланган асосий максад хам шу – кишиларни имкон кадар ибодатга ундаш булса, ажаб эмас.

Мазкурлар ичида энг афзали – охирги ўн кунликдан қидиришдир. Чунки сахих хадислардан маълумки, Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодатга қаттик бел боғлар, ахлларини хам шунга чорлар, масжидда махсус капа тиқиб, уша ерда эътикоф ўтирар, Парвардигори оламга ёлғиз холда илтижолар қилар эдилар. Зарурат бўлгандагина кападан чикардилар. Қолаверса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра, қадр кечаси йилда ўзгариб туради, яъни охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан бирида келади. Шу боис, тоқ кечаларга алохида эътибор бериш керак. Бироқ рўзани бошлашда бир кунга хато кетиш эхтимоли борлиги эътиборидан қадрни охирги ўн кунликнинг барча кечаларидан қидириш тавсия этилади. Чунки тоқ кечани қасд қилиб, жуфт кечага тўғри келиб қолиш хам мумкин. Агар тўлиқ ўн кун бедор бўлинса, иншааллох, бу ноаниқликка хам ўрин қолмайди.

Қадр кечасини қандай ўтказиш керак?

Қадр кечасида махсус ибодат қайд килинмаган. Биргина «Аллохим! Албатта, Сен афв қилувчисан ва афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин!» деган дуони қилиш хадисларда тавсия этилган. Мухими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эхсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш керак. Бундай фурсатларда бир тур ибодат, масалан, фақат намоз билан чекланмай, зикр қилинган барча ибодат турларини қилиш тавсия этилади. Чунки бунда банда хар бир ибодатда янгиланади, ўзгача халоват туяди хамда уша амалларга ваъда қилинган турли савобу ажрлар ва манфаатлардан насибадор бўлиш бор.

Шу ўринда ўзимизнинг шароитдан келиб чиқиб, бир нарсани таъкидлаш жоиз. Бизда қадр кечасини зиёфатхўрликка айлантириш холатлари жуда кенг тарқалиб бормоқда. Бир-икки соат ибодат қилгандек бўлинади-да, кечанинг қолган қисмида ош-овқат ва олди-қочди гаплар билан банд бўлинади. Баъзан шу бахона гап-гаштакни ўтказиш, сауна-басейн қабул килиш каби ишларга хам ўтиб кетилади. Булар ушбу кечанинг одобларига тўғри келмайдиган холатлардир.

Илмий сухбат бўлса, китоб ўқилса, маърифат улашилса, яхши, албатта. Аммо дуолар қабул қилинадиган бундай онларда ёлғиз холда ибодат ва илтижолар қилиб қолиш, хожатларни ёлвориб сўраб олишни унутмаслик керак. Айникса, қадр кечасини оила даврасида, бола-чақалар билан нишонлаш келгуси авлод учун жуда катта ижобий таъсирга эга.

Қадр кечасини топишни ният қилган киши хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алохида эътибор бериши лозим. Расулуллох соллаллоху алайхи васаллам: «Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, у туннинг биринчи ярмини қоим қилибди, ким бомдодни жамоат билан ўқиса, қолган қисмини хам қоим қилибди», деганлар. Шунга кўра, қадр кечаларида ушбу икки намозни жамоат билан ўқишга астойдил харакат қилиши даркор.

Минг ойлик ибодатнинг савобига эришиш осон эмас, албатта. Бунинг учун узига яраша мехнат ва машаққат талаб қилинади. Аллох насиб қилиб, ўн икки йил қадр кечасини топган киши минг йиллик ибодатнинг савобига эришади, иншааллох!

 

Чориев Низомиддин Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here