Наврўз яшариш, деҳқончилик, ризқ-рўз байрами

Шу кунларда атрофда ажиб бир манзара барқ уриб, табиат яшилликка бурканмоқда. Баҳор ҳавоси қалбларга илиқлик олиб келмоқда. Янгиланиш ва яшариш фасли бошланди. Ана шундай тароватли, шукуҳли кунларнинг бошида Наврўз дея аталмиш асрлар тарихига эга бўлмиш миллий байрамимиз бошланмоқда. Байрам томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналаримиз намойиш этилиб, шу тариқа миллий қадрият ва анъаналаримиз ёш авлод қалбига сингиб боради.

Наврўз байрами ёш авлод қалбига

Наврўз асосан 21-22-мартдан бошлаб нишонланиб келган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто баъзи жойларда бир ойгача давом этган. Наврўз байрами – бу деҳқон, чўпон, ҳунарманд қўйингки, барчамизнинг ҳақиқий умумхалқ байрамимиздир. У бир фаслдан иккинчи бир фаслга, яъни қиш фаслидан баҳор айёмига тинч-омон, соғ-саломат етказгани учун Яратган Роббимизга шукрона айтиш шарафига муяссар бўлганимизнинг шодёнаси, далаларда деҳқонлар, боғларда соҳибкорлар меҳнатларини бошлаш вақти етгани билан баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий умумхалқ тадбири бўлиб ҳисобланади. Бу кунда ёши улуғ кексалар ҳолидан хабар олиш, боқувчисини йўқотган ёрдамга муҳтож оилаларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш, ногирон ва касалмандларни зиёрат қилиш орқали улар кўнглини кўтариш, далда бериш ҳамда байрам билан қутлаш каби эзгу азалий фазилатлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу гўзал анъана Наврўз айёми арафасида ҳам амалга оширилиши айни муддаодир.

Баҳор фаслларнинг келанчаги дея таърифланади. Бу бежиз эмас албатта. Сабаби табиат қайта жонланади, янги либос, янги тароват ва ифор таратади. Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан бутун борлиқни яратди. Инсон фарзандини унга султон қилди ва барча нарсаларни унга инъом қилди. Инсон ер юзини обод қилиши ва унда чиройли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган ҳаво, сув, қуёш ва тупроқ кабиларни унга буйсундириб қўйди. Осмонлардан сув ёғдириб, инсон ва барча мавжудот учун ризқ бўлган наботот оламини ўстирди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун ерда тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор (лар) ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли чиройли (ўсимликларни) ундириб қўйдик” (Луқмон сураси, 10-оят).

деҳқончилик

Бобо деҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Улар “Бисмиллаҳ” деб, Парвардигордан мўл-кўл ҳосил беришини Аллоҳдан сўраб, ерга барака уруғини сочишади. Мевали, манзарали дарахтлар ўтқазишади. Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон, турмушимиз ҳам обод ва бахтли бўлади. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барса инсонлар бу муборак фаслни муборак билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиз равнақи йўлида астойдил белларини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш билан ўзларининг холис ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қиладилар.

Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув масканлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам халқимизга хос одатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади. Атрофни ўзгача файз ва тароват, поклик қамраб олади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар”, “Поклик имондандир” дея умматларини покликка чорлаганлар. Яна бир ҳадиси шарифларида: “Бирон бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур” деганлар. Демак, ҳар бир мусулмон киши тоат-ибодат билан машғул бўлиши билан бирга охират кўприги бўлган бу дунё ободлиги йўлида саъй-ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Бу йилги шодиёна Наврўз айёмида, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларда соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз. Бу йилги баҳорни юртимиз учун барокотли қилиб, халқимизнинг яхши ният билан қадаган уруғлари ва эккан кўчатлари сермаҳсул бўлишини тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилоят вакиллигининг ходимлар бўйича етакчи мутахассиси: Муҳаммадайюб АЗИМОВ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here