Ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳАллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини эрта ўчиришга қўл урмоқ оғир гуноҳ

          Аллоҳ таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб, чегараси, қад-қиймати билан халқ этди.

         Инсон ўзига берилган барча илоҳий неъматларга доимо шукр қилиб яшаши ва  ҳаётда дуч келадиган баъзи бир синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга  сабр  қилиши  ва  доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан  умидвор  бўлиб яшаши лозим. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга муносиб иш тутиши керак. Шунга қарамай, кейинги  вақтларда айримлар билиб-билмай, ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини эрта ўчиришга, дўзах азобига дучор бўлишдек  оғир гуноҳ қилишга қўл ўрмоқдалар. Динимиз таълимотида инсон ўз жонига қасд  қилиши  қаттиқ  қораланади. Ушбу ишни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади.

Бу дунёда инсонга бир маротаба бериладиган умрга хиёнатни Аллоҳ таоло кечирмайди. Чунки  Имом  Бухорий  ривоят  қилишларича,  Ҳазрати  Расули  акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб,  менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Ушбу  ҳадиси  қудсий  мазмунига  кўра,  ўзини-ўзи  ўлдирган  банда жаннатдан абадий маҳрум қилиниши айтилмоқда. Шу  муносабат  билан  афсус  ила  зикр  қилиб  ўтиш  лозимки,  айрим инсонлар орасида турли  йўллар  билан ўз  жонига  қасд  қилиш  воқеалари  рўй  бериб турибди. Айниқса, бу ҳодиса аёллар ва ёш қизлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда. Бу  мудҳиш ҳолатлар Аллоҳ  таолонинг қазойи  қадарига туғён  қилишдан иборатдир. Ўзини-ўзи  ўлдириш Аллоҳ  таоло ҳузурида энг оғир гуноҳлардан бўлиб, шу йўл  билан ўзини ўзи ўлдираётганлар  охиратда ҳам оғир азобга қолишлигини унутмасинлар. Ота-она, қавму-қариндошларини оғир кулфатга солиб одамлар орасида номусга қолдирмоқдалар.

Фарзанд тарбиясининг нозик жиҳатларига ёшлигиданоқ эътиборли бўлиб тарбиялашлик керак. Ҳаётда дуч келадиган баъзи қийинчиликларга бардошли,  иродали сабрли бўлишга ўргатишимиз зарур. Аллоҳга беҳад мақтовлар бўлсинки бизларни мусулмонлар жумласидан қилди. Муқаддас Ислом неъмати билан неъматлантирди. Одам фарзанди қандай яшаши лозимлиги, нима яхши-ю, нима ёмонлиги, нима фойдалигу қай нарса фойдасиз эканлиги хусусида шариъатимизда мукаммал тарзда баён қилди. Шу жумладан ўзини-ўзи ўлдириш тўғрисида махсус фатволар мўътабар шариатимизда ўрин олган. Фиқҳ китобларида ўз жонига қасд  қилиб  ўзини-ўзи  ўлдирган  шахсларга  айрим  уламо  ва  фуқаҳолар  жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар. Аллоҳ таолога шукрки, биз  инсон  учун  ҳамма  ҳаёт шароитлари  тўлиқ  муҳайё  қилинган  фаровон  жамиятда  яшамоқдамиз.  Биров-бировнинг  ҳақ-ҳуқуқини  камсита  олмайди.  Бундай  адолатли  жамиятда  яшаш айни  саодат ва бахтдир.  Бинобарин,  бизнинг  Ватанимизда ўзини-ўзи  ўлдиришга  ҳеч қандай сабаб ҳеч қанақанги қийинчилик йўқ. Тарихга назар ташланг аждодларимиз бошида қандай қийинчиликлар машаққатли ҳаёт бўлсада бундай номақулчиликка қўл уришмади балки уларнинг қалбида эртанги кунга ишонч, умид ҳеч ҳам сўнмади. Ҳар  бир  инсон,  хоҳ  эркак  ва  хоҳ  аёл  бўлсин,  ушбу  ҳақиқатни  яхши тушуниб  олиши  ва  шундай тўкинчилик,  тинч  ва  фаровон  замонда  ҳамда  адолат устувор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай  ижтимоий  ва  иқтисодий  муаммоларни  сабру  қаноат  билан ҳал қилса  бўладику ахир. Аммо бесабрлик  ила  ношукрлик  қилинса, оқибати яхши бўлмайди. Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли  яхши амаллар қилишга, савобли ишларни бажариш билан ўтказишга, кундалик  ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат  қилишимиз керак. Оила даврасида дастурхон атрофида ўтирган пайтимизда фарзандларимизга насиҳат қилиб, нима гуноҳу нима савобли амал эканлигини, одоб-ахлоққа доир ҳаётий мисолларни айтиб ибрат кўрсатишимиз, мана шундай фаровон, тинч-осуда замон ва маконда яшаётганимиз тўғрисида ғурурланиб кеча ва бугунни солиштирган ҳолда сўзлаб беришимиз ҳамда Яратган Роббимизга шукроналар келтириб дуога қўл очишимиз айни ибратнинг ўзгинаси бўлади.

Шурчи тумани бош имом-хатиби А. Ҳабибуллаев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here