Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бишр ўйин-кулги қилиб юрган пайтлар эди. Ўртоқлари уникига келиб, ҳовлисида ичиб, кўнгилхушлик қилиб ўтиришган эди. Бир солиҳ киши (Мусо Козим ибн Жаъфар) ўша кўчадан ўтиб қолиб, эшикни тақиллатди. Ичкаридан бир жория чиққан эди, «Бу уйнинг хўжайини ҳурми ёки қулми?» деб сўради. Жория ҳайрон бўлиб, «Ҳамма танийдиган Бишр-ку, албатта ҳур-да», деб жавоб берди. Солиҳ киши: «Тўғри ҳур бўлса керак. Агар қул бўлганида, хожасидан қўрқиб бундай ўйин-кулги ва дабдабани йиғиштирган бўларди», деди-да, йўлида давом этди. Бишр жория билан солиҳ зотнинг суҳбатини эшитиб қолиб, ялангоёқ, эгнига кийим киймаганига ҳам қарамай, жонҳолатда дарвоза томон югурди. У ҳаллослаб чиққанида солиҳ зот кетиб бўлган эди. Бишр жорияга: «Ҳозир келган ким эди? У билан нималарни гаплашдинг?» деди. Жория бўлган гапни айтиб берди. Бишр: «У киши қайси тарафга кетди?» деди. Жория у кетган томонга ишора қилди. Бишр шу томонга югуриб кетди. Ниҳоят, унинг ортидан етиб олди-да, «Хожам, эшик олдида тўхтаб, жория билан гаплашган сизми?» деб сўради. «Ҳа», деган жавобни эшитгач, ўша сўзларни яна такрорлашни сўради. У зот жорияга айтган гапларини қайта айтиб берди. Шунда Бишр юзини ерга қўйиб, «Йўқ, мен қулман, қулман!» деди ва ялангоёқ ҳолича боши оққан томонга кетди. Шу-шу доим ялангоёқ юрадиган бўлди. Ҳамма уни Бишр Ҳофий, яъни ялангоёқ Бишр дейдиган бўлди. Унга: «Нима учун оёқ кийим киймайсиз?» дейишса, «Роббим мени ҳидоят қилганида оёқяланг эдим. Энди ўлгунимча шу ҳолда бўламан», дерди.

 «Солиҳлар гулшани» китобидан

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here