Ҳақ-тўғрилик, дурустлик, адолат, демакдир. Аллоҳнинг сифатларидан бири.
Ислом динида умуман икки турли ҳақ бор:
— Аллоҳ ҳақи;
— банданинг ҳақи(инсон ҳақи).
Аллоҳ ўзига оид, алоқадор бўлган ҳақларни хоҳласа кечади. Чунки бу ҳақ Аллоҳ билан
одам орасидадир. Лекин банданинг ҳақини(инсон ҳақини) ёлғиз инсон кечади, Аллоҳ
кечмайди. Шунинг учун мусулмонлар баъзан баҳслашадилар. Сафарга чиққанда, ҳажга
кетганда, бировнинг моли ва жонига зарар етганда баҳслашадилар, кечишини сўрайдилар.
Бундан мақсад инсоннинг ҳақи ва ҳуқуқидан қутулмоқдир. Чунки Аллоҳ кечирмайдиган
гуноҳлардан бири инсоннинг ҳақидир. Аллоҳ ўз олдига банда ҳақи, яъни одам ҳақи билан
боришимизни истамайди. Пайғамбаримиз бу масалада эътиборли бўлишимизга даъват
қиладилар. Вафотларидан бир неча кун аввал пайғамбаримиз масжидга бориб, намоз
ўқиганлар ва қавмларига шундай деганлар: «Ҳой одамлар! Ораларингизда кимга зарар
етказган бўлсам, айтсин, мен уни тўлайман. Ораларингизда кимнинг орқасидан
сўккан бўлсам, у келиб мени сўксин. Кимлардан қарзим бўлса, айтсин, тўлайман».
Шу вақт жамоатдан бири ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, бир қашшоққа садақа қилиб бериш
учун ёнингизда пулингиз бўлмаганида, мендан уч дирҳам пул олган эдингиз», — деди.
Пайғамбаримиз воқеани хотирлаб қарзларини тўладилар ва у кишига раҳмат айтдилар. Сўнг
шундай дедилар: «Охиратда Аллоҳ олдида уялишдан кўра бу дунёда одамларнинг олдида
уялиш яхшироқдир».
Мўмин одам кундалик ҳаётда мусулмон қардошининг молига ва жонига зарар етказмайди,
уларни қўли ва тили билан ранжитмайди. Агар шундай қилгудек бўлса, мусулмон қардошидан
кечирим сўраб, орани очиқ қилади.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деган эканлар: «Кимда бир одамнинг ҳақи бўлса,
вафот этмасидан аввал одамлар билан орани очиқ қилиб олсин. Чунки қиёмат куни кишининг
моли-бойлиги ўзига фойда бермайди». Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларидан аён
бўлишича, бошқаларнинг моли ва жонига зарар етказган, сўз билан ранжитган, мусулмон
қардошлари ҳақида ёмон тилак ва фикрлар билдирган одамлар бошқалар ҳақига зиён еткизган
бўладилар.
Ислом уламолари фикрича, банданинг ҳақи(инсон ҳақи) Аллоҳ ҳақидан муҳимроқдир.
Одамнинг ҳақини шак-шубҳасиз ҳақ эгасига топшириш зарур. Агар ҳақ эгаси вафот этса, унда
ҳақни унинг ворисларига тўлаш керак. Аллоҳга ва охират кунига ишонган ҳар бир
мусулмоннинг бу масалада ҳушёр бўлишини динимиз буюрган. Чунки Қуръон оятларига кўра:
«Ким(ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат
кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур»
(«Залзала» сураси, 7-8-оятлар).
Пайғамбаримиз вафотларидан аввал саҳобалари билан ҳисоблашиб бу дунё билан
хайрлашганлар. қиёмат кунида Аллоҳ ҳақлик ва адолат билан ҳукм қилажак ҳақ эгаларига
ҳақларини топширади. Бу дунёда қилинган нуқсонлар одамларга номаълум бўлиб қолмайди.

ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here