Рамазон ойи муборак булсин!

Жаннатмакон юртимизга муборак рамазон ойи кириб келмоқда. Бизларни ушбу улуғ кунларга етказган Аллоҳ таолога шукроналар бўлсин. Халқимиз учун меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлган бу муборак ой барчамизга қутлуғ бўлсин! Азал азалдан ота-боболаримиз бу ойни орзиқиб кутишган, бу ойни сўнгини кўзда ёш билан кузатишган, Яратган келаси Рамазонга етказармикин, гуноҳлардан покловчи бу ойда савобли амалларни қилиш яна менга насиб этармикан деган ўйда бўлишган. Аллоҳ таоло бизларни шундай кунларга яқинлаштираятган экан, бу кунларни ғанимат билишимиз лозим.
Рамазон покланиш ойи. Яъни, рўзадорда руҳий ахлоқий тозаланиш бўлади. Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр қаноат туйғуси ортади. Иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам, Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади. Бу ой барча мусулмонлар учун маънавий покланиш ва асрлар давомида шаклланган қадриятларимизга интилиш ойидир. Шу билан бирга, Рамазон ойида инсонлар бир бирига меҳр-оқибат кўрсатишга, савобли ишларни қилишга ошиқадилар. Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. Зеро, “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир…”. (Бақара сураси, 185-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматим Рамазон хислатини билганида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини орзу қилар эди. Албатта бу ойда яхшиликлар жамланади, ибодатлар қабул бўлади, дуолар ижобат бўлади, гуноҳлар кечирилади, жаннат уларга ошиқ бўлади” – деганлар. (Имом Бухорий ривояти). Бошка бир хадисда “Жаннат тўрт хил кишиларга муштоқдир: Қуръон ўқигувчига, тилини сақлагувчига, очларни тўйдирувчига ва Рамазон ойининг рўзасини тутгувчига” – дедилар. Чин дилдан, ихлос билан тутилган рўза боис гуноҳлар авф этилади. Бу борада, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар “Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади”. (Имом Бухорий ривояти). Ушбу муборак ойда рўза тутиш билан инсон ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўза инсоннинг нафсини жиловлайди. Бу илоҳий тарбия ойида рўзадор киши ёлғон гапириш, ғийбат, туҳмат, чақимчилик ва уруш-жанжал каби иллатлардан сақланиб, доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Зеро кимки рўзадор бўлатуриб, ёлғончилик, чақимчилик ва ғийбатдан тўхтамаса, унинг оч-наҳор юриб рўза тутганидан фойда йўқ. Рамазон ойига хос ишлардан яна бири ифторликдир. Ифторлик бир қараганда кечки таомланишдек. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир: бири ифторлик вақтида, иккинчиси эса охиратда Парвардигорга йўлиққан вақтда”. Рўзадорларга ифторлик беришнинг фазилати ҳақида ҳадисларда “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди”, дейилган. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, Рамазон ойида кўпчилигимиз рўзадорларга ифторлик қилиб беришга ошиқамиз. Бу билан ифторлик қилиб берувчига ваъда қилинган мукофотларга эришиш учун хонадон аҳли ҳаракат қилади. Ифторликни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрида қилингани мақсадга мувофиқ. Дастурхонларга ортиқча зебу-зийнат бериш, дабдабалик, риёкорлик, кибр билан ифторликни ўтказишдан сақланиш лозим. Баъзан мусибат етган хонадон эгалари кўплаб одамларни чақириб ифторлик номи билан худойи қилишади. Худойига келганларнинг ичида эса саноқли одамларгина рўзадор бўлишади.Бундай ҳолатларда хонадон эгалари қийин аҳволга тушиб қолмасликлари учун рўза кунларидаги маракаларни ифторликда ихчам ва ортиқча сарф-ҳаражатларсиз ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Аллоҳ исроф қилгувчиларни дўст тутмайди.
Рўза тутиб очликни ўзида ҳис қилган киши камбағал, бева-бечоралар ва фақир-мискинларнинг ҳолини чин дилдан ҳис қила бошлайди ва уларга нисбатан қалбида меҳр-мурувват ва саховат туйғуси янада кучаяди. Рамазон сахийлик, меҳр-мурувват, ҳайр-баракот ойи. Бу ойда бошқа ойдагилардан кўра кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимларни бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишимиз лозим. Бугунги синовли кунларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан «Саховат ва кўмак» ҳаракати доирасида кўплаб эхтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Улуғ айём кунларида саховатпеша ҳамюртларимизни ушбу умумхалқ ҳаракати янада бирлаштиришига ишончим комил. Ушбу муборак рамазон ойини муносиб ўтказишимиз учун Яратгандан барчамизга куч ва сабр-қаноат тилаб қоламан!

Бойсун тумани бош имоми “Саримозор”
жомеъ масжиди имом-хатиби: З.Чориев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here