Бизни Ўзигагина ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга буюрган, хушуъли бандаларига жаннат хушхабарини берган Меҳрибон Парвардигоримиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз! Хушуъ қилувчилар пешвоси, тақводорлар имоми, муаллим Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, оила аъзоларига, саҳобаи киромларига салавотлар, саломлар йўллаймиз!
Маълумки, ҳар қандай ишни қунт билан бажарилса, кўнгилдагидек натижага эришилади. Масалан, уста эшик-деразаларни меҳр билан ясаса, шошилмасдан, пишиқ қилиб ишласа, маҳсулоти харидоргир бўлади. Агар ишни қўл учида бажарса, сифатга эмас, сонга кўпроқ эътибор берса, ясаган буюмлари ўтмас матоҳга айланади. Дин устунларидан бўлмиш намоз гуноҳлар билан кирланган кўнглимизни ёритувчи ибодатдир. Намоз билан Яратганга сиғиниш завқини, тириклик ҳикматини англагандек бўламиз. Намоз ҳаётимизни тартибга солади, қисқагина умрни мазмунли ўтказишни ўргатади. Намоз илоҳий ҳузурга етишишнинг энг гўзал воситасидир. Мукаммал ўқилган намоз одамни ғафлат уйқусидан уйғотади, иродани тоблайди, Аллоҳ билан банда ўртасидаги риштани боғлаб туради. Қалбни очишда, руҳий хасталикдан сақланишда намознинг ўрни беқиёс. Аллоҳга илтижо этиш, ҳузурида туриш ила банда қалби ором олади. Ибодатда инсоннинг бутун вужуди, онгу шуури, қуввату иқтидори иштирок этиб, ҳаловатга эришади. Эътибор берсак, Қуръони каримда намозни тўла-тўкис адо этиш қайта-қайта буюрилган. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни чала-чулпа ўқишдан огоҳлантирганлар, хушуъ қилмайдиган қалбдан паноҳ сўраганлар. Чунки намоз хушуъ билан ўқилсагина кўзланган мақсадга етилади. Хушуъсиз намоз хулқни гўзаллаштирмайди, одамни гуноҳлардан, бузуқ ишлардан қайтармайди. Намоз ўқиб туриб эгри қадам босиш, ёлғон гапириш, бировнинг ҳақидан ҳайиқмаслик сабаби хушуъсизликдир. Қуруқ тана ҳаракатларидан, ҳиссиз ётиб-туришлардангина иборат намоз совуқ, руҳсиз намоз бўлиб қолади. Бундай ибодат дунёда ҳам, охиратда ҳам наф келтириши даргумон. Намознинг руҳи хушуъда. Хушуъсиз намоз жонсиз танага ўхшайди. Хушуъ Аллоҳ берган улуғ неъмат, фойдали илм саналади. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиш бобида ҳам биз учун ибратдирлар. У зот намозни жуда чиройли адо этардилар, айниқса, мушкул вазиятда қолганда намоз ўқиб Парвардигордан мадад сўрар, ибодатдан чексиз ҳузур-ҳаловат олардилар. Шу сабаб: “Кўзимнинг қувончи намоздадир” дея марҳамат қилганлар. Шунингдек, муаззин Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, азон айтиб бизни роҳатлантир!” дея мурожаат этардилар.
Хушуъсизлик ҳам бир иллатдир. Биз бу касалликка илоҳий шифохонадан – Қуръони каримдан, ҳадиси шарифлардан даво излаймиз. Зеро, иккиси ҳар қандай маънавий касалликларни таг томири билан даволовчи, муаммоларга ечим бўлувчи мўътабар манбадир. Хушуъ ҳақида гапиришдан олдин намознинг аҳамияти, фазилати, фойдалари хусусида тўхталиб ўтамиз. Чунки инсон бирон амалнинг хосиятини билса, унга эътибори ортади. Қуръони карим оятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида намознинг аҳамияти алоҳида таъкидланган.
Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:
“Барча намозларни, (хусусан) ўрта намозни сақланглар – вақтида адо этинглар, Аллоҳ учун бўйсунган ҳолда туринглар!” (Бақара сураси, 238-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда мўминларга намозни (айниқса, ўрта намозни) вақтида, ихлос билан адо этишни, Аллоҳ учун хокисор, хотиржам ҳолда туришни буюрмоқда. Жумҳур уламоларга кўра, ўрта намоздан мурод аср намозидир. Ҳақиқатан, ҳадиси шарифларда аср намозига эътиборлироқ бўлиш таъкидланган. Чунки бу намоз фазли улуғ, хосияти кўп. Уни узрсиз тарк этиш ҳақида қаттиқ огоҳлантирилган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аср намозини ўтказиб юборган (одам) оиласидан, бойлигидан айрилган (киши) кабидир”, деганлар. Яъни, аср намозини узрсиз ўқимаган одам оила аъзоларидан, мол-мулкидан айрилиб қолганга ўхшайди. Юқоридаги оятда “сақланглар” дейиш билан намозда мустаҳкам туриш, уни зое қилмаслик таъкидланмоқда. Бу билан намоз нақадар улуғ ибодат эканига ҳам ишора қилинмоқда. Одатда, муҳим нарсани сақлаш ҳақида алоҳида топшириқ берилади. Ислом динида намоз ана шундай аҳамиятли ибодатдир. Агар банда намоз фарзларини, вожибларини, суннату мустаҳабларини ўрнига қўйиб ўқиса, намозни мукаммал адо этган бўлади. Агар биз – Аллоҳ таолонинг амрига биноан – намозни сақлай олсак, намоз бизни ёмон ишлардан, гуноҳ-маъсиятлардан сақлайди, бизга дунёда қўрғон, қабрда нур бўлади. Инсон намоз туфайли Аллоҳ раҳматига эришади, Унинг ҳимоясига киради.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ислом беш (асос)га қурилган: “Лаа илааҳа иллаллоҳ, муҳаммадур росулуллоҳ”, деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш, рамазон (ойи) рўзасини тутиш” (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилган).
Демак, Ислом дини асоси бешта рукндан иборат:
1. Аллоҳ таолонинг Ёлғиз Ўзи ибодатга муносиблиги, Ундан ўзга илоҳ йўқлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси, Расули эканига гувоҳлик бериш.
2. Беш вақт фарз намозини вақтида, бекаму кўст адо этиш.
3. Моли нисобга етганда закот бериш.
4. Йўлга қодир бўлса, Байтуллоҳни ҳаж қилиш.
5. Рамазон ойига соғ-саломат етса, бир ой тўлиқ рўза тутиш.
Мана шу бешта рукн Исломнинг асосини ташкил этади. Аммо бу, Ислом фақат беш нарсадан иборат, дегани эмас. Иморат мукаммал бўлиши учун асос устига девор урилади, шифт қилинади, деразалар, эшиклар ўрнатилади, чиройли қилиб пардоз берилади. Исломнинг бошқа фарз, вожиб амаллари худди шунга ўхшайди. Қуйидаги ҳадисни чуқурроқ мушоҳада қилсак, намозга эътиборимиз ортиши шубҳасиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон камкўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман”
(“Сунан” соҳиблари, Доримий, Аҳмад ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Банда тириклигида бажарган ҳар бир амали қиёмат куни бирма-бир ҳисоб қилинади. Энг биринчи намози ҳақида сўралади. Агар намозни вақтида ўқиса, охиратда ютуққа эришади: дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Агар намозни чала-чулпа ўқиган бўлса, муваффақиятсизликка учрайди, афсус-надомат чекади. Лекин Аллоҳнинг раҳмати чексиз. Мабодо унинг фарз намозларида айбкамчиликлар бўлса, нафл ибодатлари эвазига нуқсон ўрни тўлдирилади. Бошқа фарз амаллар – рўза, закот, ҳаж ҳам худди шундай ҳисоб қилинади. Яъни, мазкур ибодатлар нуқсони нафл рўза, нафл садақа, нафл ҳаж билан тўғриланади.
Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Собитқадам бўлинглар, зинҳор тоқат қила олмайсизлар (ёки ҳисоблай олмайсизлар). (Шуни) билинглар, албатта амалларингиз ичида энг яхшиси намоздир. Таҳоратни фақат мўмингина сақлайди”.
(Ибн Можа, Молик, Доримий, Аҳмад, Ҳоким ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
“Собитқадам бўлинглар, зинҳор тоқат қила олмайсизлар (ёки ҳисоблай олмайсизлар)” жумласи уламолар томонидан турлича изоҳланган:
1. Солиҳ амаллар миқдорини аниқ билмайсизлар.
2. Яхшиликни комил суратда қила олмайсизлар.
3. Агар собитқадам бўлсангиз, сизларга бериладиган ажр-савобларни ҳисоблай олмайсизлар.
Динда собитқадам бўлиш, Аллоҳ амрини маҳкам ушлаш, сабот билан туриш осон эмас. Бу ишни фақат қалби очиқ, мухлис бандаларгина эплай олади. Агар Динда собитқадам бўла олмасангиз ёки бу ишда сусткашликка йўл қўйсангиз, унда Дин асоси бўлмиш намозни маҳкам ушланглар. Зеро, намоз энг улуғ, ажри кўп амалдир. Шуни унутманглар: фақат мўмин кишигина қийинчиликларга қарамай таҳоратни мукаммал қилади. Фақат мўмин банда доим таҳорат билан юради6 .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, ун(инг танаси)да кир қоладими?” деб сўрадилар. Шунда: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди”, дейилди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади”, дедилар (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилган).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга фарз қилган беш маҳал намознинг фойдалари жуда кўп. Жумладан, намозни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади. Намоз уйимиз эшиги олдидан шариллаб оқиб ўтадиган ариққа ўхшайди. Инсон бир кунда беш марта чўмилса, баданида гард қолмайди, ҳамма ёғи топ-тоза бўлади. Беш маҳал намоз ўқиган киши қалби ҳам шундай тозаланади. Агар одам намоз ўқимасдан юрса, гуноҳлари ювилмай тўпланиб қолади. Ҳафталаб, ойлаб, йиллаб намоз ўқимаган одамнинг ҳолати қандай бўлишини кўз олдингизга келтиринг. Зеро, бадандаги кирлар покиза сув билан кетказилади. Қалбга ёпишган гуноҳ-маъсият гарди эса тоат-ибодат билан тозаланади. Кимда-ким маънавий покликка, руҳий ҳаловатга, кўнгил хотиржамлигига эришишни хоҳласа, кўпроқ намоз ўқийди, Яратган Парвардигорини эслайди, Буюк Хожасига илтижолар қилади.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менда бавосир касаллиги бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ҳақида сўрагандим, у зот: “Тик туриб намоз ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб (ўқи). Борди-ю (унга ҳам) қодир бўлмасанг, ёнбошлаб (ўқи)”, дедилар”.
(Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган).
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бавосир7 касаллигига чалинган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бемор намозни қандай ўқиши ҳақида сўраганида Ҳабибимиз батафсил жавоб қайтардилар. Унга кўра, киши бетоблиги туфайли тик туриб намоз ўқий олмаса, ўтириб ўқиши мумкин. Агар ҳолати оғирлигидан ўтиришга ҳам имкон топилмаса, ёнбошлаб ўқийди. Намоз тарк этиб бўлмас ибодатдир. Ҳатто касаллик, заифлик ҳам намозни қолдиришга узр бўлмайди. Бемор ҳақида шундай дейилаётган экан, тан-жони соғ, тўрт мучаси омон, тинч-хотиржам одам намоз ўқимаслиги ҳақида бирон сўз айтиш ўринсиз. Меҳрибон Аллоҳ таоло бандаларини намозга қатъий суратда буюриш билан бирга айрим имтиёзларни ҳам берган. Масалан, касал одам намозни ўтириб ўқийди. Агар таҳоратга сув топилмаса ёки сув ишлатиш имкони бўлмаса, покиза тупроқ билан таяммум қилинади. Исломда танглик йўқ, енгиллик, қулайлик бор. Инсон озроқ ҳафсала қилса, Парвардигори берган имкониятлардан унумли фойдалана олса бўлгани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари давомида намозга катта аҳамият берганлар, ҳатто умрларининг сўнгги дақиқаларида ҳам намозни маҳкам ушлашни қайта-қайта тайинлаганлар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин касал бўлганларида: “Намозни (маҳкам ушланглар), қўл остингиздагилар (риоясини қилинглар)”, дедилар, тиллари ҳаракатланмай қолгунича шу сўзларни қайтаравердилар.
(Ибн Можа, Аҳмад, Абу Яъло ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Намоз Исломнинг асосий устунларидандир. Қуръони каримни эътибор билан ўқиган инсон намоз бошқа ибодатлардан кўра кўпроқ зикр этилганини, уни комил суратда ўқиш бот-бот эслатилганини билади. Намозни қоим қилган инсон бошқа амалларни ҳам тўкис бажаради. Намозга эътиборсиз одам бошқа ишларга ҳам лоқайд қарайди. Ҳаётда кўриб турганимиздек, намози чиройли, тартибли одамнинг қолган амаллариям кўнгилдагидек бажарилади. Ибодати чала кишининг дунёвий ишлари ўлда-жўлда, бебарака бўлади. Намозга эътиборсизлик ортидан шаҳватларга мутелик, дунёга кўнгил қўйиш каби иллатлар эргашиб келади. Зеро, намоз инсонни гуноҳ-маъсиятдан қайтаради, унга Аллоҳни, охиратни эслатиб туради. Намозда ажиб бир куч-қувват бор. Мўмин киши шундан ҳамиша куч олади. Натижада қалби мустаҳкам, имони бақувват бўлади. Инсон ибодатга эътибори, ташналиги билан Аллоҳга севимли бандага айланади. Намозга бепарво кимса илоҳий раҳматдан бебаҳра қолади.

Чориев Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here