Такия ота зиёратгоҳи
Ҳар қандай халқ биринчи навбатда ўзининг буюк ўғлонлари, мутафаккир зотлари, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган олиму уламолар билан ғурурланади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ўзбек халқининг ғурури, чинданда, тоғлардан баланд. Зеро, бизнинг юртимизда туғилиб вояга етган, шу манзилда абадий қўним топган, ўзининг ниҳоятда серқирра ҳаёт тарзи билан дунё аҳлини лол қолдирган буюк боболаримиз номи ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон аталмиш она Юртимиз аҳли бағоят истеъдодли, теле иқболи баланд халқдир. Чунончи, хоҳ дунёвий илмлар бўлсин, хоҳ диний илмлар, бизнинг Юртимиздан бошқа ҳеч бир ҳудудда учрамайдиган даражада кўп буюк алломалар етишиб чиққан. Шу боис ҳам, ҳозирги вақтда тилимизда “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” деган ибора пайдо бўлиб, кенг жамоатчилик ўртасида муомилага кириб келаётгани барчамизга бирдек мамнуният бахш этади. Истиқлол йилларида буюк зотларнинг табаррук манзиллари ва номлари тикланиб, абадий қўним топган мақбаралари обод қилинди ҳамда муборак зиёратгоҳларга айлантирилди. Ана шундай улуғ ва фазилатли алломалардан бири Ҳазрати Шайх Қутбиддин ибн Исҳоқдирлар.
ХII-асрга оид Такия ота мақбараси Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани Такия маҳалласида жойлашган. Туман марказидан жанубга қараб 13 км масофада, Қорасув ўзанидан шимолий шарқ томонда 12 км узоқликда жойлашган. Беш гумбазли мақбара 1998-йил пишиқ ғиштдан янгидан қурилган. Масжид Ҳазрати Шайх Қутбиддин ибн Исҳоқ номлари билан юритилади. Чунки Такия отанинг асл исмлари Ҳазрати Шайх Қутбиддин ибн Исҳоқ ибн Амир Аббос бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ва Али розияллоҳу анҳумлар шажараларидан келиб чиқади.
Халқ оғзаки ривоятида келтирилишича Мадинаи Мунавварадан бизнинг юртларга маърифат тарқатиш учун бир авлиё йўлга чиқадилар. У зот Бухорода Қизилқум яқинида касалланиб вафот этадилар. Вафотларидан олдин шогирдларига шундай васият қилган эканлар. “Жанозам ўқилиши билан бир оқ туя пайдо бўлади. Жасадимни шу оқ туяга ортиб, сўнг туяни ўз ҳолига қўйинг. Агар туя қаерга чўкса ўша ер менинг сўнгги маконим бўлади, мени ўша ерга дафн этингиз”. Авлиё вафот этганларидан сўнг воқеа айтганларидек юз беради. У зотга жаноза ўқиб бўлингач, уй олдида оқ туя пайдо бўлади. Халифалари жасадни туяга юклаб, унинг изидан йўлга тушадилар. Туя юра-юра яйдоқ дашт ўртасидаги бир кўл ёнига етишганда аста чўкади ва шомгача ўрнидан қимирламайди. Шундан сўнг шу ерга дафн этиладилар. Дафн этган шогирдларидан ҳозирги такияликлар тарқаган экан.
Зиёратгоҳнинг Такия ота, қишлоқ аҳолисининг такияликлар деб аталиши ҳақида эса аниқ ёзма маълумотлар бўлмасада ерлик ҳалқда оғзаки маълумотлар учрайди. Такия сўзи эски ўзбек тилида суянчиқ, ёстиқ маъносини англатади. Демак, бу жой узоқ йўл босиб келган авлиё учун ёстиқ, суяниб ётадиган манзил вазифасини ўтаган деб хулоса қилиш мумкин.
Такия ота зиёратгоҳи мақбараси беш гумбазли бўлиб, мақбара ичида тўрда Ҳазрати Шайх Қутбиддин ибн Исҳоқнинг қабрлари оёқ томонларида укалари, келинлари ҳамда набиралари қабрлари жойлашган. Кириш қисмдаги иккита қабр туяларини етаклаб келган ҳалифаларининг қабрларидир. 2014-йил Такия ота зийёратгоҳи мақбараси энг сўнгги замонавий кўринишда ҳашар йўли билан қайта қуриб битказилди.
Биз ҳаёти билан танишган мазкур буюк алломанинг ўзларига хос ибратли ҳаётлари ва фазилатлари туфайли ҳам улар улуғликнинг юксак чўққиларини заб эта олганлар.
Қизириқ тумани бош имом хатиби Абдухалил Абдуназаров