Қарз бериш мўмин-мусулмонларнинг гўзал фазилатларидан биридир. Чунки одатда киши муҳтожлигидан, иложсизлигидан қарз олишга мажбур бўлади. Шунинг учун қарз беришнинг савоби садақа бериш савобидан ортиқдир.
Имом Табароний ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида: “Садақа ўн баробар, қарз эса ўн саккиз баробар савоб билан мукофотланади”, деган ёзувни кўрдим. Шунда: “Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади?” деб сўрадим. У: “Чунки садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади”, деди».
Афсус, кўп одамлар яхши ният билан қарз бериб, куйиб қолишади. Қарз олиб, еб кетишга ҳаракат қилганлар ёки қарз олганидан тониб турганлар ўзларига зулм қилади.
Мусулмончиликда бировга қарз берган киши унинг устига фоиз, яъни устама олмайди. Қарз бериб устама олган киши қарз бергани учун эришадиган улуғ савобдан маҳрум бўлиши билан бирга катта гуноҳга ҳам ботади. Зеро, унинг бу қилган иши судхўрлик бўлади. Аллоҳ таоло бундай хабар беради: “Рибони ейдиганлар (қабрларидан) шайтон уриб жинни бўлган кишидек довдираб турадилар” (Бақара, 275). Афсус, орамизда қиёмат кунида бутун халойиқ олдида шармандаю шармисор бўлишини ўйламайдиган судхўрлар учраб туради. Аллоҳ барча мўминларни бундай ҳолатдан паноҳида асрасин.
Киши иложи борича қарз олишдан сақланаши керак. Зеро, Расулуллоҳ қарздор бўлиб қолишдан қўрқиб: “Ё Аллоҳ! Мен оғир қарздорликдан, устимдан душманнинг ғалаба қилишидан ва ғанимларнинг кулишидан Сендан паноҳ тилайман”, деб дуо қилар эдилар (Имом Насоий ва Ҳоким ривояти).
Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ : “Ким одамларнинг молини қарзга олиб, уни адо этишни, яъни қайтаришни ўйласа, Аллоҳ унга қарзини адо этиш йўлларини осон қилиб қўяди ва ким одамларнинг молини қарзга олиб, уни талафотга учратишни, яъни бермасликни ўйласа, Аллоҳ унинг молига талафот етказади”, деганлар.
Қарз олиб, одамларни алдаб кетадиган кишилар ўзларича зўр иш қилгандай бўлишади ёки “Бопладим, уч-тўрт кун яхши яшаганим ғанимат”, деб ўйлашади. Аммо улар Аллоҳнинг ғазабига учраб, турли балоларга гирифтор бўлишларини билмайди. Улар бу қилмишлари билан дунёда хору зор бўлиб, охиратда аламли азобга йўлиқади.
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: «Расулуллоҳ : “Шаҳиднинг қарздан бошқа ҳамма гуноҳлари кечирилади”, деганлар» (Имом Муслим ривояти).
Модомики, бировнинг ҳақи шаҳиддан ҳам кечирилмас экан, бошқа инсонлардан асло кечирилмайди. Шунинг учун ҳам марҳумнинг жанозаси ўқилаётган пайтда унинг яқинларидан: “Марҳумнинг елкасида қарзи бўлса уни ким тўлайди? Ким адо қилишни ўз зиммасига олади?” деб сўралади. Қиёмат куни Аллоҳ адолат билан қарз берганнинг ҳақини қарздордан олиб беради. Шунинг учун ҳам қиёмат қарз дейилади. У дунёда қарзни узмоқчи бўлгани билан пули бўлмайди. Шунинг учун қарз берганга қарздорнинг савобидан олиб берилади.
Бу дунёни қайтар дунё дейдилар. Ҳар ким экканини олади. Шундай экан, бировларнинг ҳақини еб, зулм қилмайлик, Аллоҳдан қўрқайлик.
Хосият Қосимова
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси