Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муҳаддис имомлар ва фиқҳий мазҳаблар
Имоми дорул ҳижрат – ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан бўлганлари учун ҳадисни ҳаммадан кўп ва яхши билар эканлар. Мадинаи Мунавварада Расули Акрам ётсалар, мен қандай қилиб, улов миниб юраман, деб шаҳарда доимо пиёда юрар эдилар.
У кишининг «Муватто» китоблари «Сиҳоҳи ситта»нинг бири бўлишга номзод, агар шундай бўлса, Бухорий ва Муслимларнинг китобларидан кейинги учинчи китоб бўлиши муқаррар. Лекин шундай буюк муҳаддис ҳам ҳадис туриб, фиқҳнинг нима кераги бор, демай, эътироф қилинган тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига асос солдилар. Бу мазҳаб Ислом оламининг кўплаб юртларига тарқалди. Ҳозирда миллионлаб мусулмонлар бу фиқҳий мазҳабга мансуб эканлари билан фахрланадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал эса ҳадис илмининг уммони бўлганлар. У кишининг ҳадисдаги «Муснад» китоблари энг мўътабар китоблардан ҳисобланади. У киши бу китобда келтирган қирқ минг ҳадиси шарифни етти юз эллик минг ҳадиснинг матнини ва уларнинг сон-саноқсиз ровийларини ўрганиб чиқиб, танлаганлар.
Имом Аҳмаднинг «Муснад»ларида Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг китобларида ҳам учрамайдиган саҳиҳ ҳадислар бор.
«Қуръон – Махлуқ», деган гап чиққанда бу зот ўзларининг мислсиз жасоратлари билан бунга қарши курашганлар. Шу гапга кўндириш учун халифалар ҳар куни у кишини ҳушларидан кетгунча калтаклатишганида ҳам, фикрларидан қайтмаганлар. Ҳатто «Мен халифаман, гапим ерда қолмасин, бир оғиз «хўп», деб қўйгин, майли, кейин сенинг айтганингни қилайлик», десалар ҳам, у зот кўнмаганлар.
Лекин Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Мен муҳаддисман, етти юз эллик минг ҳадисни яхшилаб ўрганиб чиқдим. Ичидан қирқ мингини танлаб олиб, «Муснад» китобимни туздим. Энди менга фиқҳнинг кераги йўқ», деб, қайсарлик қилмадилар. Аксинча, фиқҳнинг ашаддий тарафдорларидан бўлиб, тўрт фиқҳий мазҳабдан бирини туздилар. Ўша мазҳаб у кишининг номлари билан Ҳанбалий мазҳаби деб юритилади.
Ҳозиргача Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб, яшаб ўтган, ушбу ҳадисларни айтган муқаддас диёрнинг аҳолиси ҳам Ҳанбалий мазҳабига амал қиладилар.
Кишилар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан «Юз минг ҳадисни ёд билган одам фатво берса бўладими?», деб сўраганларида, у киши «Йўқ», деб жавоб берибдилар. Сўровчилар ёдланиши лозим бўлган ҳадисларнинг сонини юз мингдан ошириб бораверибдилар, Имом Аҳмад «Йўқ», деб бораверибдилар. Ахийри беш юз мингга етганида, «Умид қиламан», деган эканлар. Бизнингча, бунга изоҳнинг ҳожати йўқ.
Қолган муҳаддислар ҳам фиқҳий мазҳабларга тобе бўлишни ўзларига ор билмаганлар. Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насаий каби энг саҳиҳ ва энг мартабали ҳадис китобларининг мусаннифлари ҳам Шофеъий мазҳабида бўлганлар. Бошқа муҳаддислар ҳам шу қабилда иш тутганлар.
Демак, фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳадисни қўйиб, бировнинг фикрига юриш, дегани эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўйиб, Абу Фулонга эргашиш дегани эмас. Аксинча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўр-кўрона эмас, оқилона ва ўзлари кўзлаган маънода эргашишдир.
Бирорта ҳадисни санади билан тўлиқ ёд билмай туриб, юз минглаб ҳадисларни санади билан ёд билган, уларни ҳамма жиҳатдан синчиклаб ўрганиб чиққан муҳаддислардан ўзимизни юқори қўймайлик. Уч-тўрт ҳадис маъносини чала-чулпа тушуниб олиб, ўтган азиз уламоларга тош отиб, айюҳаннос солмайлик. Бунинг ўрнига ҳадисларни кўпроқ ва чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилайлик. Ана шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
Кези келганда ҳамма билиши лозим бўлган яна бир ҳақиқатни айтиб ўтайлик. Ҳадисларни яхши билмагунча, ҳеч ким яхши фақиҳ бўла олмайди. Машҳур тўрт фиқҳий мазҳаблардан яна бирининг соҳиблари Имом Шофеъий ҳам ўткир муҳаддис бўлганлар. У кишининг ҳадис илмида «Муснад» номли китоблари бор. Лекин фақиҳ сифатидаги шуҳратлари муҳаддислик шуҳратларидан устун бўлган.
Баъзиларимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг муҳаддислик бобида энг олий даражада туришини, ҳофизлик мақомига етган зот эканларини билмасак керак. Лекин у кишини ҳам ҳадис бобида маломат қиладиганлар топилади. Ҳолбуки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳадисда ҳофиз бўлишлари билан бирга, «Муснад» китобини ҳам ёзганлар. Фиқҳда эса китоблари йўқ.
Лубнондаги «ал-Азҳар» мудири Шайх Халил Муҳйиддин ал-Мийс «Абу Ҳанифа муснади шарҳи» номли китобига ёзган «Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва ҳадис илми» номли муқаддималарида қуйидагиларни ёзадилар: «Миср диёрининг муҳаддиси ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Юсуф ас-Солиҳий аш-Шофеций «Уқудул-жумъаан» китобида: «Абу Ҳанифа ҳадиснинг катта ҳофизларидан ва аъёнларидан эди. Агар у киши ҳадисга кўп эътибор бермаганларида, фиқҳий масалаларни бунчалик еча олмас эдилар. Аз-Заҳабий у кишини Ҳофизлар табақасида зикр қилиб, жуда яхши иш қилган».
Бошқа фақиҳлардан кўра Абу Ҳанифадан оз ҳадис ривоят қилинганлиги ҳақида ас-Солиҳий қуйидагиларни ёзади: «Кенг ҳифзли бўлсалар ҳам, у кишидан оз ривоят қилиниши, фиқҳ билан кўп машғул бўлганларидандир. Чунончи, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларга ўхшаш катта саҳобалардан ҳам бошқа кичик саҳобаларга қараганда, оз ривоят қилинган».
Кўриниб турибдики, ҳадис билан фиқҳ бир-бирига чамбарчарс боғлиқ илмлардир. Бирини олиб, иккинчисини четга суриб қўяман, деган одам хато қилади. Шунинг учун ҳам ўтган уламолар бу икки илмни баробар пухта эгаллашга ҳаракат қилганлар. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришганлар, ҳадис илми имомлари, фиқҳда кўпроқ шуҳрат топганлари фиқҳ имомлари бўлиб танилганлар.
Муҳаддис фиқҳга, фақиҳ ҳадисга муҳтождир. Ким буни тан олмаса, у хатокордир. Суфён ибн Уяйна ва у кишига ўхшаш бошқа улуғларимиз: «Агар иш бизнинг қўлимизда бўлганида, фиқҳ билан машғул бўлмаган муҳаддисни ҳам, ҳадис билан машғул бўлмаган фақиҳни ҳам хурмонинг шохи билан калтаклар эдик», деганлар.
Бизнинг мақсадимиз ҳадис тадқиқи бўлганлиги учун шу нарсага алоҳида эътибор берамиз. Ҳадиси шарифни тўғри тушуниш, ундан тўғри ҳукм, ибрат ёки хулоса чиқариш учун юқорида зикр қилинган нарсалардан ташқари, яна бир қанча асосий ва муҳим жиҳатларни билиш зарур бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари (суннатлари) шариатимиз учун Қурцони каримдан кейинги иккинчи масдар экани, суннатга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи эканини билиб олдик. Шундай экан, Суннатда келган ҳар бир нарса фарз ёки вожиб бўладими? Ёки мандуб ёки мустаҳабми? Суннатда ман қилинган нарсаларнинг ҳаммаси ҳаромми ёки макруҳи ҳам борми? Агар Суннати мутоҳҳарада келган ҳамма буйруқ ва кўрсатмалар фарз бўлса, нима учун фарз? Агар вожиб ёки суннат бўлса, нима учун шундай? Агар Суннатда келган ҳукмлар фарз, вожиб, суннат, мандуб, мустаҳаб, ҳаром, ҳалол, макруҳ кабиларга бўлинадиган бўлса, уларни қандай қилиб ажратиб оламиз? Бунга ўхшаш саволларга фақиҳларимиз муфассал жавоб берганлар.