“Ҳаж” сўзи (арабча) луғатда “Улуғланган, муқаддас жойни ният қилмоқ, ва ўша томон йўналмоқ”, маъноларини англатади.
Шаръий истилоҳда эса “Махсус жойни, муайян вақтда махсус амал билан зиёрат қилиш”, демакдир.
“Махсус жой”дан мурод Каъбаи муаззама билан Арафот тоғидир. “Муайян вақт”дан мурод зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш ҳамда наҳр кунининг тонгидан бошлаб тавоф кунлари ичида Каъбани тавоф қилиш назарда тутилган. “Махсус амал”дан мурод эса ҳаж ниятида эҳромга кириш ва ҳажга оид бошқа ибодатларни бажариш ирода қилинган.
Ҳаж сафарига бориб келиш учун энг зарур эҳтиёжларидан ташқари етарли маблағга эга, соғлом ва хотиржам одам ҳаёти давомида бир маротаба ҳаж қилиши фарздир.
Ҳаж ҳам баданий, яъни жисмоний, ҳам молиявий ибодат ҳисобланади.
У ҳижратнинг тўққизинчи санасида закотдан кейин фарз қилинган.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا ۚ،
Яъни, “Инсонлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни (Каъбани) тавоф қилмоқ бурчдир. …”.
“Оли Имрон” сураси, 97-оят.
Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг ҳадиси шарифларида жумладан шундай марҳаматлар келтирилган:
عن أبي هريرة رضي الله عنه، عن النّبيِّ صلى الله عليه وسلم،أنه قال: الحج المبرور ليس له جزاء إلا الجنّة،
Яъни: Расулуллоҳ алайҳис салом:
“… Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннатдир”, дедилар.
Имом Бухорий ва Муслимлар ривоятлари.
Расулуллоҳ алайҳис салом маълум сабабларга ўнинчи санада биринчи ва сўнги видолашув ҳажларини адо этганлар. Унда пайғамбаримизнинг атрофларида юз минг нафардан ортиқ саҳобалар иштирок этган. Ушбу сон бугун қайсидир маънода ўз туйилиши мумкин, бироқ ўша давр шарт шароити ҳамда одамлар сони нуқтаи назардан жуда ҳам катта ва улкан кўрсатгич бўлган.
Ҳажнинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:
Юқорида зикр қилиб ўтилганидек, ҳар бир ибодатнинг ўз ҳикмати бор. Масалан, иймон, намоз ва рўза ўз соҳибини номақбул ишлардан қайтиб, эзгу ишларга одатланишида, тақвосининг юксалиши, саломатлигининг мутаҳкамланишида, закот эса молни покланаши, баракали бўлиши ва турли шикастлардан саломат бўлиши ҳамда жамиятда тенглик аҳилликни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳаж ибодатининг ҳам ҳикматлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ҳажда Аллоҳ таолонинг розилигини қозониш учун ҳамма нарсадан маълум муддат бўлсада воз кечиб, ҳатто доимий кийиб юрган либосларидан ҳам фориғ бўлиб ибодатга киришилади. Аллоҳнинг ибодатига астойдил бел боғланади. “Лаббайкаллоҳума лаббайк…”, дея Парвардигорга илтижо учун юзланилади.
Буларнинг барчаси нафсдан устун келишнинг, руҳий тарбия, Алллоҳ таоло розилиги учун дунё ташвишларидан бироз бўлса ҳам четланишнинг бир кўринишидир.
Нега десангиз, банда ҳажга фақат ибодат қилиш учун боради. Одатда, унинг қалбида моддий фойда олиш мисол дунёвий мақсадлар бўлмайди.
Эҳромдаги инсон нафсини тергашни ўрганади. Шунингдек, беихтиёр қалбини ҳам ёмонликдан пок сақлашни одат қилади.
Ҳаж мусулмонларнинг бирдамлиги, бир тану бир жон эканининг ёрқин мисолидир. Ҳаж асносида барча мусулмонларнинг ибодатлари, ниятлари, ҳатто кийимлари ҳам бир хил бўлади. Ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳамма бир хил кўринишда бўлади. Улар ягона Аллоҳ таолога ёлворадилар, дуолар қиладилар, гуноҳлари учун тинимсиз истиғфор айтадилар.
Демак, ҳаж арконларини рисоладагидек бажарган одам тақводорлар сафидан жой олади. Хатолари учун истиғфор айтади. Марҳаматли Аллоҳ таолонинг мағфирати ила гуноҳлардан тўлиқ фориғ бўлади. Навбатдаги ҳаёнитини эзгу ва хайрли ишларга сарфлашга талпиниб яшайди.
Ҳаж ибодати инсон иродасини тоблайди. Унга машаққатларни мардонавор енгиб ўтишни ўргатади. Аҳли оиласи, ватани ва яқинлари бағридан узоқ жойларда юриб ҳаж амалларини бажариши билан сабр-тоқати зиёда бўлади. Унда қийинчиликларни енгиш малакаси шаклланади.
Шеробод туман бош имом хатиби У.Буронов