Рибодан сақланайлик
Барча илму идрок аҳлига маълумки, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмли зотдир. Шунинг учун ҳам инсонлардан бирортасининг ҳам йўлдан адашиб гуноҳу залолат лойига ботиб охири дўзох азобига маҳкум бўлишини хоҳламайди. Лекин инсонлар ўзлари нафсу ҳаво куйига кириб, Шайтони лаин тузоғига илиниб, билиб билмасдан катта-киччик гуноҳларга қўл уриб қўядилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, нажот топсангиз”. (Оли-Имрон сураси 130 оят).
Судхўрлик қарзнинг устига фойда олишдир. Буни Рибо дейилади. “Рибо” луғатда “Зиёда ” маъносини англатади. Рибо – судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига, судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни, мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман, сен бу пулни, бунча фоизга кўпайтириб берасан, дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳакозо. Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна: “Қарз берганда ва олганда,олди-соттида енгиллик қилган кишини Аллоҳ таоло жаннатга киргизади”, деганлар (Имом Ахмад, Насоий ва Ибн Можа).
Қуръони каримда: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” деб марҳамат қилинган. (Бақара сураси 280-оят). Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Сизлардан олдин ўтган бир савдогар бўлган. У одамларга қарз берар эди. Агар қарзини қайтаришга қийналган кишини кўрса, хизматкорларига: “Унинг қарзини кечиб юборинглар, шояд Аллоҳ таоло ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиб юборса”, дер эди. Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан кечди”.(Имом Ахмад ривояти).
Абу Ҳурайра (р а) Расулуллоҳ ( с.а.в.)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб: “Беш гуруҳ одамлардан узоқлашинг: биринчи, ширк келтирувчилардан, иккинчи, сеҳр қилувчилардан, учинчи, нохақ қон тўкувчилардан, тўртинчи, судхўрлардан, бешинчи, етимлар молини ейдиганлардан”, -деб айтган эканлар.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакилари Аббос ибн Муталлиб бошқаларга ўхшаб судхўрлик қилар, яъни одамларга маълум миқдорда пул бериб, қўшимча ҳақ олар эдилар. Пайғамбаримиз “Рибога қарши курашни биринчи бўлиб ўзимнинг амакимдан бошлайман, ким булардан қанча пул олган бўлса, шунча пул қайтарсин, қўшимча бермасин”, дедилар.
Аллоҳтаоло барча мўмин ва мўминаларни судхўрликдан, фоизга муомала қилиш (Рибо олиш) дан барчаларимизни хифзу ҳимоясида сақласин.
Қумқўрғон тумани “Шоҳ Машраб”
жоме масжиди ноиб имоми А.Хаитов