- Аллома Аҳмад Машҳур ибн Тоҳа Ҳаддод роҳимаҳуллоҳ, 1907-1995. Ҳазрамавтлик Ислом даъватчиси. У зотнинг қўлларида минглаб одамлар Исломга кирган. Шарқий Африка ҳудудида ҳаёт кечириб, ўша ерда бир неча масжид ва мадрасалар қурилишига ҳисса қўшганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 36 набираси бўладилар.
- Аллома Саййид Муҳаммад ибн Алавий Моликий роҳимаҳуллоҳ, 1948-2004. Қуръон илми, ҳадис илми, сийрат, моликий фиқҳи, бидъатчи тоифаларга раддиялар, Ислом оламининг воқелиги каби мавзуларда ижод қилиб, кўплаб китоб ёзганлар, таҳқиқ қилганлар. «Икки Ҳарам муҳаддиси» лақабини олганлар. Шарқий ва жанубий Осиё мамлакатларида ўттиздан ортиқ мадраса, ўттиздан ортиқ илмий институтлар барпо қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу тарафдан набира ҳисобланадилар.
- Аллома Ҳабиб Алий ибн Аҳмад Аттос роҳимаҳуллоҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Зайнул Обидин розияллоҳу анҳу тарафдан набира ҳисобланадилар.
- Ҳабиб Абдулқодир ибн Аҳмад Саққоф раҳматуллоҳи алайҳ, 1913-2010. Ҳазрамавтлик Ислом даъватчиси, олим, шофеъий фақиҳи. Шом диёри, Миср, Яман, Шарқий Африка, Ироқ, Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари, Араб яримороли давлатлари каби диёрларга илмий сафарлар қилганлар. Кўплаб шогирдларни тарбия этганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўғиллари Зайнул Обидин розияллоҳу анҳу тарафдан уланиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга 35 набира ҳисобланадилар.
Аҳли байт фазли ҳақида ҳадис
Язид ибн Ҳайён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биз – мен, Ҳусойн ибн Сабра ва Умар ибн Муслимлар Зайд ибн Арқамнинг ҳузурига бордик. Унинг олдига ўтирганимизда Ҳусойн:
«Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргансан, ҳадисларини эшитгансан, у зот билан жанг қилгансан ва ортларида намоз ўқигансан. Эй Зайд, сен жуда кўп яхшиликни кўргансан. Эй Зайд, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсангни гапириб бер», деди.
«Эй биродарим, ёшим катта бўлди. Замоним эскирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сингдириб олган баъзи нарсаларни унутдим. Мен сизларга нимани гапириб берсам, ўшани қабул қилинглар. Бошқасини таклиф қилманглар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасидаги Хумм деган сувхонада ичимизда туриб хутба қилдилар. Бас, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Ваъз қилдилар. Эслатдилар. Сўнгра:
«Аммо баъду; Эй одамлар! Огоҳ бўлинглар! Мен ҳам башарман. Тезда Роббимнинг элчиси келиб қолса, ижобат қиламан. Мен ичингизда икки салмоқли (қимматли) нарсани тарк қилувчиман. Улардан бири Аллоҳнинг Китоби. Унда ҳидоят ва нур бор. Бас, Аллоҳнинг Китобини олинг ва уни маҳкам тутинг.» Бас, у зот Аллоҳнинг Китобига қизиқтирдилар ва тарғиб қилдилар. Сўнгра: «Ва аҳли байтимни. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман. Аҳли байтим ҳақида Аллоҳни эсингизга солурман», дедилар», деди у.
«Аҳли байтлари ким, эй Зайд? Аёллари аҳли байтларидан эмасми?» деди Ҳусойн.
«Аёллари аҳли байтларидир. Лекин аҳли байтлари у зотдан кейин садақа ҳаром бўлган шахслардир», деди у.
«Улар кимлар, эй Зайд?» деди.
«Улар Оли Алий, Оли Ақийл, Оли Жаъфар ва Оли Аббослардир», деди у.
«Ўшаларнинг ҳаммасига садақа ҳаром қилинганми?» деди Ҳусойн.
«Ҳа», деди у.
(Имом Муслим ривояти
Насриддинов Салоҳиддин Ривожидинович
Умари Одил жоме масжидининг имом ноиби