“Мазҳаб” сўзи араб тилида “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради. Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади. Ҳанафий мазҳабида ҳам шаръий ҳукмларни чиқаришда, қуйидаги тўртта манбага асосланилади: Биринчиси: Қуръони карим. Мазҳаббошимиз бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлсалар, аввало, Қуръонга мурожаат қилганлар. Агар Қуръонда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилганлар. Иккинчиси: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, ҳадисга мурожаат қилган. Агар ҳадисда ечим топилса, ҳеч қандай иккиланишсиз уни қабул қилган.
Учинчиси: ижмоъ. Ижмоъ бу – бир даврдаги ижтиҳод аҳли бўлган уламолар бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга буйруқ бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Демак, бу иш ижмоъ (келишув) орқали амалга ошди. Тўртинчиси: Қиёс. Қиёс бу – юқоридаги манбаларда ҳукми келмаган нарсани, умумий ўхшашлик бўлгани учун манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш. Мисол учун, Қуръонда ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб, улардан бошқа маст қилувчи ичимликларни ҳам “ҳаром” деганлар. Қолаверса, мазҳаббошилар тутган йўлни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур ҳадисларида мақтаганлар.
“إذا حَكَمَ الحاكِمُ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أصابَ فَلَهُ أجْرانِ، وإذا حَكَمَ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أخْطَأَ فَلَهُ أجْرٌ”
(رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري عن عمرٍو بن العاصِ رضي الله عنه)
яъни: “Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр берилади. Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр берилади” (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, мана шундай бутун уммат эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, ўзларича бир нечта ҳадисни таржимасини билиб олиб: “Мен ўзим Қуръон ва ҳадисдан ҳукм оламан, мен мазҳабга эргашмайман, мен ҳадисга амал қиламан”, деб катта хатога йўл қўймоқдалар.
Хулоса қиладиган бўлсак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари минг йиллардан бери амал қилиб келган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва зарур ҳисобланади.

Қизириқ тумани «Чилгазота» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдухалил Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here