Инсоннинг табиатида фирқабозликка берилиш, ўз фикри ва эътиқодини бошқаларникидан устун қўйиб, унга ўзгаларни чорлаш кайфияти мавжуд.
Ваҳоланки, инсон ҳар томонлама мукаммал бўлган эътиқод ярата олишдан ожиз. Албатта, бунинг учун илоҳий кўрсатма ва дастур зарур.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.
«Албатта, бу менинг тўғри йўлимдир, бас унга эргашинг ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз».
(Анъом сураси, 153-оят)
Дунёдаги ягона тўғри йўл, Аллоҳнинг йўлидир. Инсон эргашмоғи лозим бўлган бирдан-бир йўл шу йўл. Ундан бошқа йўлларнинг ҳаммаси нотўғри йўллардир. Кимда-ким уларга ёки улардан бирортасида юрса адашади. Аллоҳнинг йўлидан адашган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан бир чизиқ чиздиларда, сўнгра «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли» дедилар. Кейин ўнг ва чап томонларидан чизиқ чизиб туриб, «мана бу йўлларнинг ҳар бирининг бошида унга чақириб турадиган шайтон бор» дедилар ва «бу менинг тўғри йўлимдир, бас, унга эргашинг ва бошқа йўлларга эргашманг», дедилар.
Инсоннинг ақли эса икки дунё саодатини топиш имкониятини беришга қодир эмас.
«Аллоҳни арқонини махкам тутинглар, фирқаларга бўлинманглар».
Оли-имрон сураси 103-оятида Аллоҳ таоло сизу бизга амр қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини ўзининг илоҳий кўрсатмаларига мувофиқ ҳолда амал қилишга буюрган.
Уламолардан бири ақлни кўзга қиёслаб шундай деган экан.
«Кўз ҳар қанча соғлом бўлмасин у зулмат ичида ҳеч нарсани кўра олмайди. Унга ташқаридан бир ёруғлик таъсир этсагина кўра олиши мумкин».
Шундай экан, ғараз ниятли оқимларнинг тузоқларидан огоҳ бўлайлик. Муқаддас динимизнинг соф эътиқодини мустаҳкам сақлаб, келажак авлодга софлигича етказайлик.
Қизириқ тумани бош имом-хатиби
Абдухалил Абдуназаров