Эзгулик инсон чиройи экани таъкидланди
Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлари билан ўтирган ҳолларида ерга узун тўғри чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига ҳам 36 та чизиқлар тортиб “Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир”, дедилар-да, сўнг қуйидаги оят каримани ўқидилар “Албатта, мана шу (менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм (лар) и мана шу (лар) дир” (Анъом, 153) (А. Тулепов. Ислом ва ақидапараст оқимлар).
Диний экстремизм ва терроризмнинг бугун дунё аҳолисига келтираётган зарарлари шу қадар кўпки уни санаб адоғига етолмайсан киши. У сабабли бугун дунёда неча юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмиб, миллионлаб кишилар ногирон бўлмоқда. Неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар ўз юртларини тарк этиб, сарсон-саргардон қолмоқда. Норасида болалар оч ва яланғоч қолиб, оқибатда неча минглаб норасида гўдаклар, ожиза аёллар вафот топиб кетмоқда. Гуркираб, яшнаб турган шаҳарлар таниб бўлмайдиган даражада харобага айланмоқда. Қанчадан-қанча таълим даргоҳлари ёндирилиб масжиду мақбаралар портлатиб юборилмоқда ва ҳоказо…
Мана шундай салбий ҳолатларни олдини олиш, огоҳ ва ҳушёр бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодларимизни диний экстремизм ва терроризмнинг асл қиёфасидан хабардор қилиш мақсадида жорий йилнинг 25-апрель куни Сариосиё тумани 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг диний, маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилари, ота-оналар ва нуронийлар иштирок этган йиғилишда “диний экстремизм ва ақидапарастликнинг жамиятдаги хавфи” мавзусида маърузалар қилинди.
Маърузада диний экстремизм ва терроризмга қарши маънавий-маърифий ёндашув асосида асл моҳиятни англаш ва муқаддас ислом динининг асл мазмун-моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни, ўтган улуғ алломаларнинг қолдирган бой-маънавий меросларида мазкур мавзуга ёндашув мисоллар тариқасида келтириб ўтилди ва ўлчаб берилган умр (вақт) ни яхшиликка, фойдали илм олишга, элу-юрт манфаати йўлида бирлашишга чақирилди. Эзгулик инсон чиройи экани таъкидланди.
Сариосиё тумани бош имом-хатиби М. Бадалбоев