Тинчлик – улуғ неъмат. Юрт осойишталиги бебаҳо бир инъом. Шу боис, сизу биз кечалари гўзал орзулар ила уйқуга кетиб, тонгда Аллоҳга ҳамдлар айтиб, янги режалар, эзгу мақсадлар билан уйғониш бахтига муяссар бўлган бахтли инсонлармиз.

Яратганга шукр, юртимиз тинч, рўзғоримиз обод, кўнгилимиз тўқ. Фарзандларимиз эмин-эркин ўсиб-унмоқда. Кексалар эъзозда, хотин-қизлар ҳурмат-эътиборда. Шуларни ўйлар экансан, беихтиёр ана шу бахтдан бебаҳралар хаёлдан ўтади: ер юзининг турли ҳудудларида бало-офатлар, айримларида эса уруш, талончилик, қўпорувчиликлар… Яна шундай юртлар борки, у ерларда бехавотир тонг оттиришнинг имкони йўқ. Одамлар ҳар дақиқа ҳадикда, саросимада яшайдилар. Тинчлик истаб, бошқа давлатларга бораётганларнинг эса сон-саноғи йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман», деб ваъда қилган. Юртимизда осудалик, тинчлик-омонлик ҳукм сураётгани буюк неъмат, бунинг қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран боқиб, хулоса қилмоғимиз зарур.

Ўша нотинч жойларда ҳам бир вақтлар осойишталик ҳукм сурган, бироқ инсонларнинг лоқайдлиги, бефарқлиги, фарзандлар тарбиясини унутгани, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилмаслиги оқибатида юрт вайронага айланди. Қанчадан-қанча бегуноҳ болалар нобуд бўлди, аёллар зўрланди, қариялар хорланди.

Шеробод тумани “Имом Термизий” жоме масжиди имом хатиби
А.Бобоев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here