Аллоҳ таоло аёл зотини ардоқли, мўътабар, оиланинг чироғи ва посбони, фарзандлар мураббияси қилиб дунёга келтирган. Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этиб, ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми улар зиммасидадир. Аёл биринчи навбатда онамиз, қолаверса жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар.

Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам ҳам ҳадисларининг бирида:  “Жаннат – оналар оёғи остидадир” – деб марҳамат қилганлар. Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши баробарида, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга эканлиги айтилган.

Яна Қуръони каримда 176 оятли бир суранинг номи “Аёллар” деб номланиши, юзлаб оятларда аёлларга доир ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос алоҳида кўрсатмалар берилганлиги ислом динида аёл кишининг нақадар юқори эътиборга молик эканидан далолатдир. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам дедилар: Аёлларга доимо яхшилик қилинг, чунки улар сизларнинг ёрдамчиларингиздир”.

Баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш йўлида қилинадиган барча ҳаракатлар савобли ишлардан саналиши муқаррар. Бу соҳада давлатимиз томонидан жуда кўп хайрли ишлар қилиб келинмоқда. Жумладан, ўтган саналарнинг бирини “Оила йили”, иккинчисини “Аёллар йили”, бошқасини “Оналар ва болалар йили”, “Баркамол авлод йили”, яна бирини “Соғлом бола йили”, “Соғлом она ва бола” деб аталиши ва шу номларга яраша соғлом авлод тарбиясига ҳар томонлама катта аҳамият бериб келинаётгани сўзимиз исботидир.

Шундай экан аёлларимизни ҳурмат ва иззат қилмоғимиз, уларга яхши муомалада бўлиб, ардоқлашимиз керак. Шундагина келажагимиз ҳақида қайғурган бўламиз.

Олтинсой туман бош имом хатиби  М.Маматқулов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here