Дунёда барча бандаларига, охиратда эса Ўзи дўст тутган бандаларига раҳм қилгувчи Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, қуръон ахлоқи билан хулқланиб, энг улуғ хулқ соҳиби суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га чексиз дуруду саловотлар бўлсин.

Аллоҳ таоло муқаддас Каломида:

 

« Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар, Аллоҳ эса бой-беҳожатдир ( бирор кимсага ва бирор бир  нарсага ҳеч қандай эҳтиёжи йўқдир ) ва ҳамдга лойиқ Зот фақат Удир! » фотир сураси 15-оят.

Дарҳақиқат, инсон дунёю охиратда Аллоҳнинг раҳматига муҳтождир. Аллоҳ таоло инсонга ато этган энг улуғ неъматлардан бири гўзал ахлоқдир. Севикли банда ва гўзал ахлоқ соҳиби бўлиши учун эса, Аллоҳ таолога – Қуръонга ва ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. суннатларига муҳтожмиз.

Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар:

Яъни «Аллоҳ таоло кимнинг халқини ва хулқини, яъни суратини ва сийратини гўзал қилган бўлса, уни дўзах оловида ёқмайди».

Бир куни бир киши Расулуллоҳ с.а.в. рўпараларига келиб:

  • Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб сўради.
  • Гўзал хулқ, — дедилар.

У киши сарвари оламнинг ўнг томонларига ўтиб, яна савол қилди.

  • Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?
  • Гўзал хулқ, — дедилар.

Кейин чап томонларига ўтиб, яна:

  • Дин нима, Эй Аллоҳнинг Расули?-деб сўради.
  • Гўзал хулқ, — дедилар Расули Акрам.

Сўнг орқаларига ўтиб:

  • Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима? – деб яна қайтиб сўради.
  • Гўзал хулқ, бу эса ғазабланмаслигингдир, тушундингми — дедилар Расули Акрам.

Бизлар гўзал хулқ деганда нимани тушунишимиз керак? Аввало ота-онамизга меҳрибон бўлишлигимиз, сийлаи раҳм кўрсатишимиз, руҳий изтироб чекаётган қариндошларимизга ҳеч бўлмаганда ширин сўзимиз билан тасалли бериш, кўнглларини кўтариш, яхши ният йўлида қилинган кичик ҳаракатни ҳам рағбатлантириб, мақтов сўзлар айтиш инсоннинг нозик таъб, исломий одобда эканлигига далолат қилади.

Фаросат – ярим каромат дейди доно халқимиз. Худои таборак ва таоло Қасос сурасида фаросат ҳам гўзал хулқлардан бири эканлигини билдиради:

« Қачонки Мадяннинг суви-қудуғига етиб келгач, у ерда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан қуйироқда икки аёл (ўз қўйларини қудуқдан) тўсиб турганларини кўриб: — сизларга не бўлди,  (яъни нега қўйларингизни суғормай турибсиз)? – деди. Улар — биз тоинки подачилар (молларини) қайтармагунча суғора олмаймиз. Отамиз эса қари чол, яъни қўйларимизни суғоргани кела олмас-дедилар. Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди». 23-24 оятлар.

Мусо а.с. зийрак тортиб, ёрдамга муҳтож бўлган аёлларга вақт ўтказмасдан кўмаклашишида биз-мўминлар учун буюк ибрат бор.

Мусо а.с.нинг Қуръон оятларида мақталган бу фазилатларини, бу фаросатларини бир умр ўзимизга намуна қилиб олишсак фойдадан холи бўлмайди. Қийин аҳволда қолган одамни кўрганда, у хоҳ таниш бўлсин, хоҳ у нотаниш бўлсин қўлидан келадиган ёрдамини аямаслик – бу буюк фаросат эгаси эканлигига далолат қилади.

Абу Ҳафс кабир ва абу Ҳафс сағир – қовун ҳикояти.

Ким фарзандини мана шундай фаросатли, гўзал одобли бўлишини хоҳламайди, албатта ҳамма хоҳлайди. Яна фарзанднинг фаросатлигидан далолат қиладиган сифатлардан бу

  1. Фарзанд отаси билан гапираётганда кўзи тик қарамаслиги
  2. Бутун қиладиган ишларида отасининг хоҳишини ўзининг хоҳишидан устун қўйишлиги
  3. Отаси бор жойда баланд овоз билан гапирмаслиги. Ҳужурот сурасида Расулуллоҳ олдларида саҳобалар баланд овозда гапирдилар, Аллоҳ таоло уларга дарров танбеҳ бериб, Пайғамбаримизга ваҳий тушурди.

Эй мўминлар, амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолларингизда зое бўли кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд-дағал овоз қилгандек баланд овоз қилмангиз!

  1. Отаси қаршисида таҳорат бузиш, туфлаш, бурун қоқиш ва бирор нарсани ўйнаш исломий одобга тамоман зиддир.
  2. Отаси тик оёқда экан, фарзанд ўтирмаслиги, отасига орқасини қилмасдан, эшикни ёпаётганда оҳиста ёпишлиги

Ва ҳоказолар…

Энди бундай фарзанд талаб қилишдан олдин аввало отанинг ўзи бу хулқларда ғарқ бўлиши керак. Бунинг учун ҳар биримиз Пайғамбаримизнинг гуфтору рафторларини, суннату санияларини аста секинлик билан ўрганиб амал қила бошлашимиз лозим.

Хўш, гўзал хулққа қандай эришса бўлади?

Икки хил тоифа инсонлар бор. Биринчиси илоҳий эҳсон, фитрий комиллик, яъни инсон туғма ақли комил, хулқи гўзал бўлади. Бундай тоифадаги инсонлар — пайғамбарлар, буюк машойихлар. Иккинчиси, қаттиқ меҳнат ва риёзат билан ҳосил бўлади. Бундай инсонлар сизу биз.

.

Модомики, биз ҳам гўзал феълларга муштоқ кишиларда бўладиган доимий қунт ва тиришқоқликни зиммамизга олмас эканмиз, бу хулқ билан лаззатланмас эканмиз, ҳақиқий саодат-бахтга эриша олмаймиз.

Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади: Расулулоҳ с.а.в. шундай дедилар: «Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўтмайди. Бу – Аллоҳга бўлган тақво у шундай тақвоики уни гуноҳдан сақлайди, ахмоқни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик». Табароний ривояти.

Анас ибн Молик р.а. дедилар: « бир куни Расулулоҳ с.а.в. билан бирга эдик, дедилар: « Қуёш музни эритгани каби гўзал хулқ ҳам гуноҳларни эритиб йўқотади».

Расулулоҳ с.а.в. яна бир ҳадисларида марҳамат қиладилар: « гўзал хулқ эр кишининг саодатидир». Байҳақий ривояти.

Жунайд Бағдодий айтадилар: «Тўртта сифат бандани юксакларга кўтаради. Гарчи унинг илми ва амали кам бўлса ҳам. Лекин табиати ҳалим, тавозуъли, қўли очиқ-сахий ва хулқи чиройли бўлса, бу иймоннинг мукаммалгидан далолат қилади».

Расулулоҳ с.а.в. дедилар: «Сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроғингиз ахлоқи гўзаларингиздир».

Ҳасан Басрий дедилар: «Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини ўзи қийнабди».

Расулулоҳ с.а.в.: «Банда ўзининг ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига қулайди».

,                Биз бир қатор яхши ва ёмон хулқлар ҳақида оят-ҳадислар, қовлларни айтдик. Энди келинг, аслида «гўзал хулқ» дегани нима? Унинг қандай аломатлари бор? Шу ҳақда гапирайлик.

Гўзал хулқ – иймон, ёмон хулқ – бу инфоқдир, яъни мунофиқлик, иккиюзламачилик, чақимчилик умуман мусулмоннинг зарарига бўладиган ишдир. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида мўминлар ва мунофиқларнинг сифатларини зикр қилади.

 

Улар намозларида (қўрқув ва умид билан ) бўйин эгувчи кишиларди. Улар беҳуда-фойдасиз ( сўз ва амаллардан) юз ўгурувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир… Улар (яъни, мўминлар) ўзларига (ишонилган) омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир

 “Ҳақиқий мўминлар факат Оллох (номи) зикр килинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат килинганида иймонлари зиёда бўладиган ва ЁлFиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд инфок-эхсон қиладилар. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун Парвардигорлари хузурида (яьни , жаннатда , юксак) даражалар, мағфират ва улуғ ризқ бордир”. (Анфол сурасининг 2-4)

Расули Акрам с.а.в.  айтдилар : “Мўмин ўзига раво кўрган нарсасини биродарига ҳам раво кўради

Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган киши меҳмонини сийласин

Кимики Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурматини жойига қўйсин ва хайрни гапирсин ёки жим бўлсин” Муттафақун алайҳ.

“ Иймони энг комил мўмин хулқи гўзалидир”

“Ким яхши амалидан хурсанд бўлиб, ёмон амалидан хафа бўлса, у мўминдир” .

Расулуллоҳ с.а.в.нинг гўзал хулқ соҳиби эканликларини кўринг. Ривоят қилинади, бир куни Расули Акрам с.а.в. юриб кетаётган элилар. У зот билан бирга Анас р.а. ҳам бор эдилар. Бир аъробий Расули Акрам с.а.в.га етиб, кийимларидан қаттиқ тортди. Кийимлари нажроний матодан бўлиб, ёқаси дағал эди. Анас р.а. дейди: “ Ўшанда Расули Акрам с.а.в.га назар солиб, бўйинларида дағал ёқанинг излари қолганини кўрдим.

  • Эй Муҳаммад – деди аъробий
  • Аллоҳнинг сендаги молидан менга эҳсон қил!

Расули Акрам с.а.в. аъробийга қайрилиб қарадилар ва жилмайдилар. Сўнгра унга эҳсон қилишни буюрдилар” (Муттафуқун алайҳ)

Бир куни Иброҳим Адҳам  саҳрога чиқди. Йўлда унга бир бадавий йўлиқди ва :

  • Сен қулмисан? – деб сўради.
  • Ҳа, — деди Иброҳим Адҳам.
  • Иброҳим қаерда? – сўради бадавий

Иброҳим Адҳам қабристонга ишорат қилди. Шунда бадавий:

  • менга Иброҳим керак! – деди.
  • У қабрда – деди Иброҳим Адҳам.

Бадавий ғазабланиб, қамчи тушурди, Иброҳим Адҳамнинг боши ёрилди. Бадавий Иброҳим Адҳамни орқага, шаҳарга қайтишга мажбур қилди. Шаҳарга кириб келишаркан, дўстлари бадавийдан:

  • қандай хабар олиб келдинг? – дея сўради.

У бўлган воқеани дўстларига айтиб берди. Шунда улар:

— сен урган бу одам Иброҳим Адҳам ку?! – дейишди.

Бадавий отидан сакраб тушиб, Иброҳим Адҳамнинг қўли ва оёғини ўпди, узр сўрай бошлади. Кейин Иброҳим Адҳамдан “ Нега бу бадавийга “қулман” дедингиз?” деб сўрадилар.

  • У мендан “ Эй Қул сен кимсан?” деб сўрамади, балки “Сен қулмисан?” деди. мен “ҳа” деб жавоб бердим. Дарҳақиқат, барчамиз Аллоҳнинг қулимизку! Лекин бошимни уриб ёрган пайтимда Аллоҳга унга жаннат бўлишини сўрадим.
  • Нега, ахир у сизга зулм қилди ку?!- ажабланишди.
  • Ноҳақ этган жораҳат ажр олишмга сабаб бўлишини билдим. Аммо у бадавий туфайли менинг насибам туфайли яхшилик бўлиб, мен туфайли унинг насибаси ёмонлик бўлишини хоҳламадим.

Бошқа ҳикоят:

Абу Усмон бир мажлисга таклиф қилинди. Таклиф қилувчи Абу Усмоннинг тоқатини синамоқчи бўлди. Абу Усмон айтилган манзилга келди, лекин таклиф қилган одам унга: “Мен сизни танимайман, менинг сизга ишим йўқ” деб уни рад қилди. Абу Усмон орқасига қайтди. Ҳали унча узоқлашмай туриб, ҳалиги киши Абу Усмонга: “Устоз қайтинг” деди. Абу Усмон иккинчи марта у кишининг олдига келди. У эса яна олдинги гапини қайтирди. Бу ҳол 4 маротаба такрорланди, аммо Абу Усмоннинг кайфиятига ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади. Буни кўрган ҳалиги одам Абу Усмоннинг оёғига йиқилди ва : “Эй устоз, мен сизни синаётган эдим. Хулқингиз нақадар гўзал!” деди. Шунда Абу Усмон: “ Менда кўрганинг бу хулқ итда ҳам бор. Чақирсанг келади, қувсанг кетади”.

Ривоят қилинишича, Абу Абдуллоҳ тикувчилик қилар эди. Унинг бир мажусий мижози бўлиб, доимо кнга нимадир тикдириб, ҳаққига сохта дирҳамлар берарди. Абу Абдуллоҳ дирҳамларнинг сохта эканини айтмасди, уларни эгасига қайтариб ҳам бермасди. Бир куни Абу Абдуллоҳ дўконни шогирдига топшириб, баъзи ҳожатлар учун чиқиб кетди. Мажусий дўконга келиб, Абу Абдуллоҳни учратолмади ва тикилган нарсаларнинг ҳаққини шогирдга берди. Шогирд дирҳамларнинг сохталигини билиб, уларни мажусийга қайтарди.

Абу Абдуллоҳ келгач, шогирди унга бўлган воқеани айтди. Шунда Абу Абдуллоҳ: “Жуда ёмон иш қилибсан. Бу мажусий бир йилдан бери менга шу муомалани қилаётган, мен унга сабр қилаётган эдим. Ундан дирҳамларни олардим ва мусулмонлар алданиб қолмасин, деб уларни қудуққа улоқтирардим”.

Юсуф ибн Асбот дейди: “Гўзал хулқнинг ўнта белгиси бор: зиддиятнинг камлиги, чиройли адолат, хато изламаслик, ёмон феъл ё амални сезиши билан дарҳол уни яхшилашга киришиш, кечиримли бўлиш, азиятларга чидаш, нафсини маломат қилиш, ўзганинг эмас, ўзининг айби билан чегараланиш, каттаю кичикка очиқ юзли бўлиш, ўзидан хоҳ паст, хоҳ баланд мавқели кишига хушмуомала бўлиш.

Расули Акрам с.а.в.нинг ҳадисларидаги неъматларга восил бўлиш учун хулқимизни чиройли қилишимиз керак.

 

Кумкургон туман бош имом хатиби                                      К.Бойсариев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here