Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида Олий Мажлисга Мурожаатномасида она юртимизни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодда давлат улушини камайтириш, одамларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар дастурини белгилаб бердилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб эълон қилинган жорий йил халқимиз ҳаёти ва ижтимоий соҳадаги ривожланишнинг янги босқичи сифатида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Маълумки, Юртбошимиз дастлабки иш фаолиятидан буён халқимизни ҳаётдан рози, бой қилиш, аҳолининг турмуш тарзини тубдан яхшилаш масалалари хусусида жиддий бош қотириб келмоқдалар. Муқаддас ислом динида ҳам ҳар бир мусулмон киши ҳаётда фаровон яшаши, ризқини ҳалол йўллар билан топиш учун меҳнат қилиши ва имкон қадар ўзга юртлардан ўз юртдошлари эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли амаллардан эканлиги баён қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деганлар: “Жалб қилувчининг (бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи кишининг) ризқи мўл(дир). Эҳтикор қилувчи (ўз юртидан одамларга ва ҳайвонларга энг керакли нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи киши эса) — Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир”. Кўринадики, одамларга зарар етказиш ёмон ишлардан бўлиб, бунинг акси, инсонларга яхшилик қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш ўта савобли амаллардандир. Шундай экан, келинг азизлар, Юртбошимизнинг эзгу чақириқларига “лаббай”, деб жавоб бериб, Она Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик.
Абдуллахон МИРЗАЕВ
Денов тумани “Муҳаммадқул” жомеъ масжиди имом-хатиби