Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб шаҳодат келтиришлик, намозни тўкис адо этишлик, закот беришлик, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, дедилар.

Иймон. Иймон тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқ қилишдир.

Иймон келтириш вожиб бўлган нарсалар қуйидагилар:

Иймон 1. Аллоҳга 2. Унинг фаришталарига 3. Китобларига
4. Набийларига 5. Охират кунига. 6. Қадарнинг яхши ёмони, ширин аччиғи Аллоҳ таолодан эканилигига бўлади. 7. Ўлгандан кейин қайта тирилишга.

  1. Аллоҳга иймон келтириш

“Аллоҳнинг борлигига ишонаман”, дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У зотнинг Расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим.

Аллоҳга иймон масаласи икки марҳалага бўлинади:

  1. Аллоҳ таолонинг азалий ва абадий мавжудлигига иймон келтириш.
  2. Аллоҳ Ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам, исмларида ҳам, ишларида ҳам, ҳукмларида ҳам ёлғизлигига, шериги йўқлигига иймон келтириш. Бунга доир қуръонда бир неча далил оятлар мавжуд, хатто ўзимиз тиловат қилиб ҳам ўқиймиз баъзиларини м: “оятал курси”
  3. Малоикаларга иймон келтириш

Фаришталарга ишониш иймон арконларидан бўлиб, инсон уларга иймон келтирмагунча мўмин бўлмайди. Фаришталарга ишониш ақийдамиз арконларидан биридир.

Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш фақат уларнинг борликларига иймон келтириш билан тўла бўлмайди. Уларга бўлган иймон келтириш Аллоҳ ва унинг расули айтганидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.

Уларнинг сифатлари ҳақида ҳадисда шундай дейилади:

Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар нурдан яратилгандирлар. Жинлар оловнинг тутунидан яратилгандир. Одам сизга васф қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар.

Саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. Жаброилни алайҳиссалом асл хилқатларида икки маротаба кўрганлар. Биринчи марта Ҳиро ғоридан тушиб келаётиб, водийда қанотлари билан осмонни тўсиб турганида кўрганлар. Иккинчи марта Исро кечасида кўрганлар. Ўшанда олти юзта қаноти борлиги, ҳар бир қаноти мағриб билан машриққа етиши айтилган. Ҳатто Жаброил алайҳиссалом одам шаклида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга келганларида, асосан Деҳятул Калбий исмли саҳобий сувратларида келганлар.

Уларнинг вазифалари турлича:

  1. Фаришталар Аллоҳ таолонинг каломи ва ҳукмини У зотининг бандаларига етказиш вазифасини бажарадилар. Мутавотир ҳадисларда ваҳийни олиб тушиш вазифаси тўрт улуғ фаришталардан бири Жаброил алайҳиссаломга топширилгани таъкидланган. Мукаррам фаришталардан бири Мийкоил алайҳиссалом фариштаси. Яна бири Азроил алайҳиссалом фариштаси. Яна бири қиёмат куни бўлганида бир сур чалганларида барча жонзотлар ҳалок бўлик, иккинчи сур чалганларида бутун махлуқоту мавжудотлар қайта тирилиши учун сур чалувчи Исрофил алайҳиссалом фариштасидир.
  2. Фаришталар аршни кўтариб туриш вазифасини адо этадилар. Аллоҳ таоло “Ал-ҳаққо” сурасида “Ва фаришталар унинг атрофида ва ўша кунда Роббингнинг аршини саккизтаси кўтариб турадир”, деган.
  3. Фаришталар жаннат ва унинг аҳлининг хизматини қилиб турадилар.
  4. Фаришталар дўзах ишларини ва унинг аҳлини жазолаш вазифасини ҳам бажаради.
  5. Одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан: “Фаришталар ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади”, деган ривоятни эшитибдилару дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.
  6. Тоғларга бириктирилган, ёмғир қорларни ёғдириб олиб тушувчилик хизматидаги фаришталар.
  7. Инсонни доимо муҳафаза қилиб турувчи фаришталар.

Фаришталарга иймон келтиришга Аллоҳ буюрган, чунки У зот инсонни яратган ва унинг табиатида ғайб нарсаларга қизиқиш борлигини билганидан, ушбу ғайбий нарсага яъни фаришталарга иймон келтиришга буюрган. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ғайбий нарсаларга ишонишидир.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон келтириш ҳар бир шахс, жамият, давлат ва барча инсоният учун кони фойдадир. Чунки инсон кўзига кўринмайдиган, хизматдан чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ва “фаришталар” деб ном олган Аллоҳнинг аскарлари борлигига иймон келтириш кимга ҳам зарар берарди? Мўмин мусулмон инсон ўзига фаришталар бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша фаришталар Аллоҳ изни ила уни муҳофаза қилишга иймон келтиради. Уларнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни Номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу ёзилган нарсалар асосида ҳисоб китоб бўлишига ишонади. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Бу омил ҳар бир инсон, жамият, давлат учун, барча инсоният учун ўта зарурдир.

  1. Китобларига иймон келтириш

Илоҳий китобларга иймон келтириш Ислом ақийдаси арконларидан биридир. Бунинг маъноси, ўша китобларнинг барчаси Аллоҳнинг каломидан иборат эканига ишонмоқликдир. Бунга далил Бақара сурасининг охирги ояти: “Расул ва мўминлар Унга Роббисидан нозил қилинган нарсага иймон келтирдилар. Барча, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига иймон келтирди”.

Пайғамбарларга нозил қилинган илоҳий китоблар 4 та. Булардан:

1-си Забур Довуд алайҳиссаломга.

2-си Таврот Мусо алайҳиссаломга.

3-си Инжил Исо алайҳиссаломга.

4-си Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган.

Булардан ташқари Иброҳим айлайҳиссаломга туширилган ваҳийлар тўплами “Саҳифалар” дейилган, уламоларимизнинг айтишларича, улар маълум варақлар бўлиб, китоб даражасига етмаган. Бу ҳақида “Аъла” сурасида: “Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир. Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир”, деган.

Ислом ақийдаси бўйича илоҳий китобларга иймон келтириб, Қуръони Каримни инкор этган киши кофир ҳисобланади. Шунингдек, Қуръони Каримга иймон келтириб, бошқа илоҳий китоблардан бирини инкорқилувчи киши ҳам кофир бўлади.

Илоҳий китобларга бирдек иймон келтиришнинг мусулмонларга фарз қилиниши, ислом уммати самовий ақийдаларга меросхўр эканлигининг далилидир. Бу эса шараф ва шу билан бирга, бу иймон башариятнинг асли бирлиги, дини, илоҳий бирлигининг рамзидир.

Илоҳий китобларга иймон келтириш Қуръони Каримга иймон келтиришнинг бир бўлагидир. У доимо башариятни Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга солиб турганини билдиради ва мусулмонларни ушбу китобларга аҳил бўлган халқлар билан яқинлаштиради.

Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва турли фирқаларга бўлиниб кетманг …», деб марҳамат қилган.

  1. Набий ва расулларига иймон келтириш

Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга ва уларнинг исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоғимиз вожибдир. Аллоҳ таоло инсонларни ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Аллоҳ таоло инсонларни ҳақ йўлга чақирувчи элчи расулни фариштадан эмас балки одам фарзандидан бўлишини ирода қилди. Агар Аллоҳ фаришталардан пайғамбар қилиб юборганда кишилар: “Ээ у фариштада! Биз эса, оддий одамлармиз. Яна биз еб ичамиз, хотин бола чақа боқамиз, энди шу холимизда Аллоҳга у фаришта айтганидек ибодат қиламиз?”, деб баҳона қилар эди. Лекин одам фарзандидан бўлган пайғамбар алайҳиссалом уларни бу каби баҳоналарига жавобан: “Мен ҳам еб ичаман, менда ҳам оила хотин бола чақа бор. Мен Аллоҳнинг буйруқларига бўйсиниб ибодат қилмоқдаманку! Нега сизлар ибодат қилмас экансизлар!”, дейди. Пайғамбар инсонлардан бўлса, ҳеч ким ҳеч қандай баҳона кўрсата олмайди.

Одам Атодан то Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарлар силсиласи, инсониятнинг шарафли силсиласидир. Уларнинг баъзиларига китоб, баъзиларига динни мукаммалловчи ваҳий орқали инсониятни қўлидан келмайдиган, пайғамбарликларини тасдиқловчи илоҳий мўжизалар билан юборди.

Аллоҳнинг пайғамбарига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Чунки Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган Пайғамбарига ҳам ишониш керак.

Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алайҳиссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди.

Пайғамбарлар гуноҳдан маъсумдирлар. Пайғамбарлар омонатли бўладилар. Пайғамбар эр кишидан бўладилар.

  1. Охиратга иймон келтириш

Ақоид илмида “ғайбиёт” номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, уни хеч ким кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб ҳам билиб бўлмайдиган, уни билиш учун фақатгина ўта ишончли хабарга, Аллоҳ таолодан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан содиқ масдарлар орқали дақиқ илмий ва омонатли йўл билан нақл қилинган хабарга суяниладиган масаладир.

Юқорида зикр қилинган масалаларнинг ҳаммасини ақл билан тадаббур билан солиштириш йўли билан топиб олса бўлади. Аммо ғайбиётга оид ҳар бир нарсани фақатгина Қуръони Карим ёки ҳадиси шарифда келган ишончли хабар орқалигина билишимиз мумкин.

Ақоид уламоларидан баъзилари бу масалаларни “самъиёт” эшитиш йўли билан билинадиган нарсалар деб атайдилар.

Ўлим ва унга боғлиқ нарсалар

Ўлим маълум ва машҳур нарса. Уни ҳамма билади васоат сайин қайта қайта бу ҳақиқатга гувоҳ бўлиб туради. Аммо ўлимга боғлиқ нарсалар тамомила ғайбиётлар жумласига киради. Уларни ҳис қилиб ҳам боўқа нарсага солиштириб ҳам бўлмайди. Чунки тирилтирадиган ҳам ўлдирадиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг “Нажм” сурасида шундай дейди: “Албатта, ўлдирган ҳам Ўзи, тирилтирган ҳам Ўзи”. 44-оят.

Инсоният ўлим нима ю, ҳаёт нима эканини, уларнинг ҳақиқатини билишга уриняпти, лекин ҳеч нарсани била олмаяптилар. Бутун дунё аҳллари бирлашиб ҳам жонсиз нарсага ҳаёт бера олмаяпти. Бутун борлиқ бирга бўлиб ҳам бирорта ўлимни қайтара олмаяпти.

Умид қолмади энди ўлими қолди деб, қабри қазиб қўйилган беморлар кутилмаганда соғайиб яшаб кетмоқда. Беморга қараган ёки қабрини қазиганлар тўсатдан ўлиб қоляпти. Бундай бўлиши табиий эканини тан олишимиз керак, чунки ўлдиргувчи ҳам , тирилтиргувчи ҳам фақат Аллоҳдир.

Жонни олишга юборилган фаришта Азроил алайҳиссалом эканлиги маълум. Жумҳур уламолар, ўлим фариштаси битта бўлса ҳам, унинг ёрдамчилари бор, деганлар. Бунга далил “Нисо” сурасидаги қуйидаги оят: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?”, дерлар.” 97-оят.

Бу оятдан кўриниб турибдики бу ҳолатда бир эмас, бир неча фаришталар жон олишда иштирок этмоқдалар.

Бунга яна бир далил ривоят қилинишича икки фаришта ер юзида ўз зиммаларига юклатилган вазифани бажариб маконларига қайтаётганларида 4 чи осмонга етганларида бир бирларидан ишлари тўғрисида сўраганликлари.

Ўлмайдиган ким бор? Ҳамма ўлади. Ўлим ҳар банданинг бошида бор.

Ўлим нима? Инсон ўлгандан кейин нима бўлади?

Унинг холи нима кечади?

Ўлим кишининг юраги уришдан тўхтаб, қон айланмай қолиб, қимирламай қолишдан иборат холосми?

Инсон ўлгандан кейин иш битдими?

Қабрида чириб тупроққа қўшилиб кетаверадими?

Ундоқ бўлса, инсоннинг бошқа ҳайвонлар, қурт қумурсқалардан нима фарқи бор?

Ёки инсон бу дунёда турли ҳайвон, қурт қумурсқалардан фарқли бўлиб, ақл билан яшагани учун, ўлганидан кейин ҳам унга бошқача, мнсонга тўғри келадиган муносабат бўлиши керакми?

Ислом ақидаси бўйича бу дунё инсон учун синов майдони холос. Инсоннинг ўлгани бу дунёдан у дунёга, фоний дунёдан боқий дунёга кўчгани, холос.

Янги, боқий дунёда уни фаришталар кутиб олиб, жойлаштирадилар. Қандоқ жойга муносиб эканини ўзига билдириш учун сўроқ савол қилишади, амалига қарашади. Сўнг, унга жой кўрсатишади. Ана шу ишлар қабрдан бошланади.

Қабр саволи

Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп.

Анас Розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, банда қачон қабрига қўйилсаю, ундан соҳиблари қайтиб кетса, у уларнинг ковушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтқазишади ва: “Бу одам Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида нима дер эдинг?”, дейишади. Мўмин бўлса:

“Шаҳодат бераманки, У Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир”, дейди.

“Дўзаҳдаги ўринингга назар сол, батаҳқиҳ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди”, дейилади унга. У икковини ҳам кўради. Аммо кофир ёки мунофиққа эса: “Бу одам ҳақида нима дер эдинг?” дейилади.”Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим”, дейди. Бас унга: “Билмадинг ҳам (билганларга) эргашмадинг ҳам” дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан урилади. Шунда шундоқ ҳам қичқирадики, инсон ва жиндан бошқа ҳамма эшитади”, дедилар”. Бешовлари ривоят қилган.

“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби Маъсидхон Чориев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here