Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий кенгашнинг дастлабки мажлиси бўлиб ўтди.
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да ўтказилаётган дастлабки мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида диний-маърифий соҳа йўналишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга муҳим аҳамият қаратилди.
Шунга кўра, анжуманда дастлаб “Ўзбекистонда диний таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2019 йилги фаолияти ҳисоботи, шунингдек, 2020 йилда бажарилиши режалаштирилган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.
Маълумки, сўнгги икки-уч йилда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиб, илм-маърифат асосига қурилган ислом дини таълимоти бўйича халқаро даражадаги етук мутахассис кадрлар тайёрлаш йўналишида муҳим қадам қўйилди.
Шу маънода, анжуманда дастлаб Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректорлари Ш.Ёвқочев, И.Усмонов, З.Исломов томонидан ўтган қисқа давр мобайнида академиянинг бугунги фаолияти таҳлил қилинган ҳолда келгуси устувор вазифалар хусусида сўз юритилди.
- Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўтган қисқа даврдаги фаолияти давомида ўз халқаро нуфузи ва мақомига мос равишда мамлакатимиз ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва ёш авлодга ўқитиш соҳасида бир қатор вазифаларни амалга оширди, — деди ўз нутқида академиянинг Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Ш.Ёвқочев. — Айниқса, диний таълим ўқув адабиётларини яратиш, таълим стандартларини халқаро меъёрлар асосида такомиллаштириш ва ёш авлодда ёт ғояларга қарши курашиш имунететини ҳосил қилиш юзасидан долзарб педогогик, илмий ва амалий тадқиқотлар бажарилди.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ислом динининг ҳақиқий маърифатпарвар ва бағрикенглик тамойили устувор дин эканини бутун дунёга тараннум этиш, Марказий Осиё алломаларининг илмий-маънавий меросини фундаментал ўрганиш мақсадида юртимизда Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқандда Калом ва Ҳадис мактаблари, Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди. Қашқадарё вилоятида фаолият бошлаган “Абу Муъин ан-Насафий” номидаги ақида илми мактаби ҳам худди шундай диний соҳанинг ҳам тор йўналишидаги етук мутахассис-кадрларни тайёрлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди.
Энг муҳими, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар бутун дунё ҳамжамиятининг ҳам эътироф сазовор бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли муҳим ҳужжат қабул қилинди.
Илмий-услубий Кенгашда соҳадаги шу каби ютуқлар эътироф этилган ҳолда, диний-маърифий соҳада бажарилиши зарур бўлган галдаги вазифалар ва мавжуд муаммолар ҳам таҳлилга тортилди.
Жумладан, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соҳа ислоҳотига доир қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар ижросини тўлиқ таъминлаш, диний-маърифий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказлари фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ва ўқув-услубий, илмий фаолият узлуксизлигини таъминлашдаги айрим муаммоларнинг кўзга ташланиб қолаётгани соҳада етарлича тизим мавжуд эмаслигини кўрсатаётгани таъкидланди. Бу эса соҳа таълим муассасалари ўқув ва илмий-амалий тадқиқотлар жараёнида бир-бирини такрорлаш, ўқув дастурларидаги номувофиқлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Бугунги анжуман республикамиздаги диний-маърифий соҳадаги барча олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирокида ўтаётгани билан эътиборлидир, — дейди Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёт ғоялар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш, динлараро ва миллатлар ўртасидаги дўстона ва бағрикенглик муносабатлари ўрнатилишида “Ўзбекистонда диний таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси” муҳим аҳамиятга эгадир. Шу нуқтаи назардан, мазкур Илмий-услубий Кенгашнинг доимий фаолият кўрсатиши соҳадаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда катта ўрин тутиши шубҳасиз.
Шундан сўнг Илмий-услубий Кенгашнинг 2020 йилга мўлжалланган режасини тасдиқлаш ва кейинги долзарб вазифалар хусусида кенг муҳокамалар ўтказилади.
Бунда, энг аввало, олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш юзасидан берилган таклифлар ижросини диний-маърифий таълим муассасаларига ҳам татбиқ этиш юзасидан бажарилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратилади. Шунингдек, Олий таълим ўқув дастур ва стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилиш, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони қисқартириш ҳамда диний таълим муассасалари ўқув дастурлари ва дарсликлари ўртасида узвийликни таъминлаш, ўзаро изчил ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш йўналишларида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинади.
Мамлакатимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат”, деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этишдаги кун тартибидаги доимий масалаларга ҳам эътибор қаратилади.
Анжуман якунида турли долзарб масалалар қаторида “Давлат ва дин”, “Динийлик ва дунёвийлик”, “Диний эътиқод” китобларини нашрга тавсия этиш хусусида тақдимотлар ўтказилди.
ЎМИ Сурхондарё вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати