Оламнинг гултожиси инсон бўлса улар орасида суюклиси устоз – муаллимдир. Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр беғубор болалигимиз, орзу – интилишларга тўла болалик йилларимиз, илк бора қўлимизга қалам тутқазган биринчи ўқитувчимиз кўз олдимизда гавдаланади. Устоз деганда, ҳар кайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч кандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар бўлган улуғ зот албатта бу устоз ва муаллимлардир. “Устоз отангдек улуғ” деб бежиз айтилмаган. Шуни таъкидлаш керак-ки, халқимиз қадим-қадимдан устоз ва мураббийларни эъзозлаб келган. Устозларнинг қимматли ўгитлари эса авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан “Бу дунёда ҳар қайси онгли инсон – қаерда ишламасин, қандай касбу кор, лавозим эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, ҳаётга йўллаган муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди”, – деб айтган сўзлари қанчалар кенг мушоҳада билан айтилганига ҳаётнинг ўзи гувоҳлик бермоқда. Халқимиз устозларни эъзозлаб: “Устознинг умри — мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, — дейди. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим — устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир.
Мухтарам Президентимизнинг 1996 йил 9 январдаги Фармони билан 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» деб белгиланди ва 1997 йил 1 октябрдан бошлаб бу кун байрам сифатида нишонлана бошланди. Мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътиборини янада ошириш, ёшларимизнинг биздан кўра билимли, кучли ва албатта бахтли бўлишлари учун барча шароитлар яратилмокда. Юртимизда истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топди. Бу ҳақда гап борар экан, ўтган йиллар давомида шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий талаблар асосида бунёд этилган мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежларини, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, ўқув-машғулот ва лаборатория хоналарини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишларни айтиб ўтиш ўринли бўлади. Диний билимларни ҳам мукаммал эгаллашда катта эътибор ва шароитлар яратилиб, мадрасаларда устозлар ўз билимларини ёш авлодга бериб келмоқда. Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устозларнинг беминнат хизматлари улкан. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишда муҳим омил бўлган улуғ устоз ва мураббийлар хизматларига юқори баҳо беради ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради.
Ҳазрати Али дедилар: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа мени сотсин, хоҳласа мени қул қилиб ишлатсин”. Яна бир ҳадисда устозларни улуғлаб шундай дейилади:“Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиз”. Ийсо а.с. айтадилар: “Ким илм ўрганиб, унга амал қилса ва уни бошқаларга ўргатса, бутун осмон фаришталари орасида “Буюк…” деб чақирилади”
Хулоса ўрнида шуни айтамизки ўша “Буюк” деб чақирилувчи устозларимиз ёш авлодга таълим тарбия беришда ҳеч қачон толмасинлар, умрлари узоқ бўлиб зиё тарқатишда давом этиб, даражалари юксак бўлиб юрсинлар деган ҳолда, уларни байрамлари билан табриклаймиз ва айтамизки “Сизга тазимдамиз азиз устозлар” !
Олтинсой туман “Раҳмонберди хожи” жомеъ масжиди имом хатиби З.Абсаломов