Динимиз инсонларни илм олишга ва илм тарқатишга тарғиб қилади.Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга туширилган илк оятларда ҳам илм олишга, ўқишга ундашнинг маъноси бор. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда бундай марҳамат қиладилар. “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир”. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам эмас, илмни мерос қилиб қолдиришган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм са ўзгаларга ўргатиш билан яна кўпаяверади.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб дунёвий фанларнинг ўрнига паст назар билан қарашади. Аслида илм Аллоҳ, уни диний ва дунёвийга ажратиш яхши эмас. Зеро, Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталар таъзимига сазовор бўлдилар. Бу ўринда ўтган барча Пайғамбарлар жумладан, Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари пайғамбар бўлганлари ҳолда, дунёвий соҳада у ёки бу илм ҳунарни ҳам эгаллашганини ҳам айтиш лозим. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом ҳаттотлик билан шуғулланишгани тарихдан маълум.
Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, унинг моҳир устаси бўлиш учун ўша касбга тегишли илмни мукаллам олиш керак. Аллоҳ таоло: Илмли кишиларнинг мартабалари юксак эканлигини баён қилиб “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этган зотларни баланд даражаларга кўтарур” деган.
Олтинсой туман «Хўжа Бурхон» жоме масжид имом хатиби Т.Худойқулов