Ишончим комил, бугун биз ҳам давримизнинг энг ўткир минтақавий ва глобал муаммоларидан бири – Афғонистондаги қарама-қаршиликни ҳал этишни амалий руҳда муҳокама қилиб, биргаликда умумий бир ечим ишлаб чиқишга қодирмиз.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
2020 йил 29 февраль нафақат минтақамиз халқлари, балки жаҳон мамлакатлари тарихига ҳам муҳим сана сифатида муҳрланди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси, сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари билан қирқ йиллик уруш ва жангу жадаллардан жабр кўрган афғон заминида тинчлик-осойишталик, тараққиёт учун тарихий пойдевор қўйилди.
Қатар пойтахти Доха шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва “Толибон” ҳаракати ўртасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича битим имзоланди. Ушбу тарихий музокараларда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Тинчлик – энг азиз ва бебаҳо неъмат. Уни асраш инсониятнинг доимий орзуси бўлиб келган. Жафокаш афғон халқи бир инсоннинг умрига тенг йиллар ўтса ҳамки тинчлик аталмиш неъматдан бебаҳра қолиб келмоқда.
Ўзбек ва афғон халқларини кўп асрлик тарих, ягона дин, ўхшаш анъана ва қадриятлар боғлаб туради. Халқимиз доимо афғон халқининг муаммоларини ўз юрагидан ўтказиб, ёрдам қўлини чўзишга интилиб келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкентда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ташкил этилган эди. Унда мамлакатимиз раҳбари томонидан қўшни Афғонистондаги тинчликни таъминлаш бўйича илгари сурилган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.
Ушбу нуфузли конференцияда иштирок этиш учун Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, жами 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари ташриф буюрган эди.
Шу ўринда Тошкент конференцияси қўшни Афғонистон заминида тинчлик ўрнатиш жараёнларини тезлаштирганини таъкидлаш жоиз. Унда давлатимиз раҳбари қуйидаги муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.
Биринчи – афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш;
иккинчи – Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш;
учинчи – Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш.
Ва ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусларни илгари сурар экан, бундан бошқа йўл йўқ эканлигига алоҳида урғу берган эди. Мазкур ташаббуслар Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг бош ғояси бўлганди.
Президентимизнинг ташаббусларидан сўнг томонлар ва сиёсий кучлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатила бошланди. Чунки, бу масала Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент конференциясининг якуний ҳужжати – декларациясида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган эди.
Тошкент конференцияси иштирокчилари Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш ҳамда кўп йиллик зўравонлик ва афғон халқининг азоб-уқубатларига чек қўйишда салмоқли аҳамиятга эга эканини тасдиқлади.
Улар Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг саъй-ҳаракатлари билан терроризм ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш соҳасидаги ўзаро яқин минтақавий ҳамкорлик орқали амалга ошириладиган сиёсий тартибга солиш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва шериклик Афғонистон ва бутун минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди.
Доҳада ўтган Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган тарихий келишувга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делагация ташриф буюрди. Тинчлик шартномаси имзолангунига қадар бир қатор давлатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод билан бўлиб ўтган мулоқотда афғон заминида ўрнатиладиган тинчлик жараёнларида Ўзбекистон томони ва давлатимиз раҳбарининг Тошкент конференциясида илгари сурган ташаббуслари асосий ўрин тутгани алоҳида қайд этилди. Қолаверса, Афғонистонни келгусида ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
“Толибон” ҳаракати вакиллари билан ҳам ўтказилган учрашувда Афғон заминида ўрнатиладиган тинчликдан томонлар бирдек манфаатдор эканига эътибор қаратилди.
Мулоқотда музокаралар жараёнига келиш осон бўлмагани қайд этилди. “Толибон” вакиллари “Биз қўшниларимиз, хусусан, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида тинчликка эришяпмиз”, – дея алоҳида қайд этди. Улар Афғонистонни ривожлантириш ва тинчликни таъминлашда Ўзбекистонга суянишини билдириб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистондаги сиёсий кучлар ўртасида бетарафлик мақомини ушлаб ҳаракат қилгани катта самара бергани таъкидланди.
Мулоқотда келажакда Афғонистон ҳукумати ва ички сиёсий кучлар ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни йўлга қўйишда Ўзбекистон амалий ёрдам беришга, шунингдек, Афғонистонни тиклаш ва ривожлантириш жараёнларида кўмак кўрсатишга тайёр экани билдирилди.
Анжуман доирасида яна бир қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Унда Афғонистонда тинчликни таъминлашнинг хозирги босқичи ва келажакда ушбу заминни ривожлантириш борасидаги фикрлар ўртага ташланди. Амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу мулоқотларда халқаро делегациялар томонидан Тошкент конференцияси бўйича қабул қилинган якуний хужжат тарихий қарорга элтувчи декларация, дея баҳоланди.
Ушбу фикрлар Дохада ўтган учрашувда ҳам алоҳада тилга олинди. Хусусан, Тошкент анжумани ўтганидан сўнг Афғонистон масаласида амалий саъй-ҳаракатлар бошлангани халқаро ташкилотлар ва йирик давлатлар вакиллари томонидан муҳим тарихий воқеа, Афғонистонда тинчликка эришишнинг бошланиши сифатида алоҳида эътироф этилди.
Тинчликка эришиш шартномасини имзолаш маросимида АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео иштирок этди.
манба: uza.uz