Уламолар: “Ҳар қандай душманчиликнинг сабаби ҳасаддан бошқа нарса бўлса, у душманчилик дўстликка айланиши мумкин. Аммо душманчиликнинг сабаби ҳасад бўлса у душманлик асло дўстликка айланмайди” -дейишган. Бунинг мисоли Отамиз Одам алайҳиссалом билан шайтон алайҳи лаънанинг душманлигидир. Шайтон Одам алайҳиссаломга берилган мақомни кўролмади, унга ҳасад қилди. Шунинг учун шайтон алайҳи лаъна билан Одам фарзандлари абадий душмандирлар. Ҳасад — бировга берилган неъматни кўролмаслик, у неъматни ўз эгасидан кетиб, ўзига келишини қаттиқ хоҳлашидир. Ҳасаднинг муқобилида ҳавас аталувчи яна бир туйғу бор. Ҳавас бировга берилган неъмат учун хурсанд бўлиш ва ўзига хам шундай неъматнинг берилишини хоҳлашдир. Ҳавас гуноҳ эмас. Ҳасад эса катта гунохдир! Қуръони карим оятларида ҳасад қораланган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирилган. “Нисо” сурасининг 54-оятида “Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” дейилган. Демак ўзгаларга Аллоҳ томонидан берилган неъматларга ҳасад қилиш шайтоний амаллардандир. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят килинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди”, дедилар. Демак, иймон билан ҳасад худди сув ва олов каби бир бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмайди. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек еб юборади”, дедилар. Ҳасадчининг қилган ҳасади туфайли муқаддам қилган савоб амаллари бўлса ҳам йўқ бўлиб кетади. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битиргани каби савоб амалларни ҳам ҳасад куйдириб йўқ қилади.
Термиз туман «Варроқ Термизий» жоме масжиди имом хатиби Я.Очилов