Бу даъво мутлақо асоссиздир. Бугунги кунда турли оқим вакиллари томонидан ислом динидаги турли тушунчалар ва ҳатто, дин асослари ҳам бузиб талқин этилмоқда. Ана шундай масалалардан бири бу “жиҳод” тушунчаси билан боғлиқ. Бузғунчи кимсаларнинг талқинича, “жиҳод мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас урушидан бошқа нарса эмас ва у исломнинг олтинчи арконидир”. Бундай талқин динимизнинг гўёки ёвузликга, жангу жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақидаги нохолис қарашларнинг шаклланишига туртки бўлмоқда. Аслида эса, “жиҳод” Қурьонда “муқаддас уруш” деб аталмаган.                                                                              Жиҳод сўзи арабча “жахада” феълидан олингани, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатиши бугунги кунда купчиликга маълум. Диний истилоҳга кура, жиҳоднинг нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мўътабар манбаларда етарлича тушунтиришлар берилган.                         Таассуфки, ҳозирда жиҳод дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод деб эълон қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда.                                                                          Жиҳод ҳаракатини террор йўли орқали амалга ошираётган кимсалар ўз қилмишларини муқаддас ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки ислом халифалигини қуришга қаратилган амаллар, дея ўзларини оқламоқчи буладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганда эди, Пайғамбар(алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ, Пайғамбар(алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини химоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.                                                               Шунингдек, ўрта асрларда давлатлар орасида асосан уруш муносабатлари асосий ўрин тутганини таъкидлаш лозим. Ўша даврларда давлатлар орасида турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш, тинчлик шартномаларини тузиш кабилар асосий ўрин тутмаган. Ҳозирги кунда эса жаҳонда давлатлар орасида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва тинчлик асосидаги муносабатлар асосий ўринга кўтарилган. Шу туфайли ислом динида доимо тарғиб этилган тинчлик ва тотувлик таълимотлари ҳозирги кунда давлатлар ўртасидаги муносабатларга ҳамоҳангдир.                                                       Жиҳод мутаассиб гуруҳлар айтаётганидек, босқинчилик уруши эмас, унинг моҳияти ўзгача. Пайғамбар(алайҳиссалом) ҳадисларида жиҳоднинг моҳиятини ёритиб берувчи кўрсатмалар мавжуд. Бу ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини англаб етмасдан жиҳодни ўзича талқин этиш қайтарилган амаллардандир. Шуни доимо ёдда тутиш керакки, ислом жангу жадал дини эмасс, балки тинчлик динидир. Исломда амалга ошириладиган ҳар қандай жиҳод-яъни саъй-ҳаракат фақатгина тинч тотув яшаш, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиши керак.

Манбалар асосида тайёрланди.

Сариосиё тумани бош имом-хатиби    А.Алимов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here