Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси КонституЦияси қабул қилинганига 29 йил тўлди. Асосий қонунимизда инсон омили, унинг ҳуқуқ, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилган. 18-моддада, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принсипларига мос бўлиши шарт. Ушбу модда Қуръони Карим оятларидаги бағрикенглик тамойилларига ҳамоҳангдир. “Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (тайин) қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди” (Моида, 48). Конститутсиямизда “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда, қонун олдида тенгдирлар”, деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу қоида 1998-йил 1-майда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз аксини топди. Унга кўра, ҳеч бир дин ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу моддалардан кўзланган мақсад барча фуқаролар ўртасида ўзаро тинчлик-тотувлик, муроса ва ҳурмат ўрнитилишига кўмаклашиш, мутаассиблик, экстремизм асосида муносабатларни кескинлаштириш турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган ҳатти ҳаракатларга йўл қўймасликдир.
Тинчлик энг олий неъматдир. Қуръони каримда ҳам тинчликни сақлаш ва унинг учун курашишга чақирилади: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз!” (Бақара, 208). Оятдаги “Ёппасига итоатга киришингиз” дегани барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчликни сақлашга ўз ҳиссаларин қўшиш зарурлигини билдиради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай деганлар: “Аллоҳдан авф ва тинчлик – омонликни сўрангиз, бирор кишига имондан кейин авф қилиш ва тинчликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ”. Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев ислом дини тинчлик дини эканлиги ҳақида шундай деганлар: “Ислом дини – бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз. Ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”.
Шундай экан, виждон эркинлиги ва эътиқодимизнинг кафолати бўлган мустақиллигимизни ҳимоя қилиш, тинчлик – хотиржамлик, диний ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш муқаддас вазифамиздир.

✍️✍️Бойсун туман “Пулхоким” жомеъ
масжиди имом хатиби: А.Тошматов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here