Исломда никоҳ муқаддас саналади. Шу муқаддас никоҳ эр-хотинни жисман ва руҳан яқинлаштиради. Келин-куёвнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, сир-асрорлари, дард-ғамлари, бахту-саодатлари, барча-барчаси бирлашиб, қовушиб кетади. Бу Аллоҳ таоло ҳалол никоҳ туфайли бандаларига берган муҳаббат самарасидир. Ана шу муҳаббат билан қўша-қаришлари учун куёв ҳам келин ҳам астойдил ҳаракат қилишлари керак. Бунинг учун ҳар ким ҳақларини зиммасидаги вазифаларни билиб, шунга амал қилса оила тинч ва саодатли бўлади. Ҳар бир жойда бир бошлиқ бўлганидек, оилада ҳам бошлиқ бўлиши керак. Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилар” (Нисо 34) деб эркакларга оила бошлиғи вазифаси юклатилган. Қайси хонадонда шу илоҳий қонун бузилса, оила бошқаруви жилови хотинга ўтса, масканда тартиб ўзгариши, жанжаллар ва қўйди чиқдилар кўпайиши мумкинлиги ҳаётий тажрибада исботини топган. Рўзғорнинг ҳаловатли бўлишида аёл асосий сабабчи эканини унутмаса, уй-ҳовлиси тоза-озода бўлишига аҳамият берса, рўзғор ишларида тадбирли бўлса, эри ундан рози бўлади ва ҳаёти ширин ўтади.Умму Салама розияллоҳу анҳу: “Қайси бир аёл эрини рози қилган ҳолда оламдан ўтса, у аёл жаннатга киради” деганлар. Оила тотув бўлиши учун уй бекаси зиммасидаги ишларни ўрнида бажармоғи лозим. Оиланинг бахти барқарорлиги оила аъзоларига боғлиқлигини биламиз.Айниқса, катталарнинг оқиллиги-оналар, қайнопаларнинг мулоҳазакорлиги оилада тотувлик ва барака бўлишини таъминлайди.
Олтинсой тумани “Хўжа Бурхон” жомеъ масжид имом хатиби Т.Худойқулов