Исломдаги энг биринчи адашган фирқа бу хаворижлардир. Уларнинг динни тушунмаслиги ва оятларни нотўғри талқин қилиши натижасида мусулмонлар ўртасида қонли урушлар содир бўлган.
Уларнинг ажралиб турадиган бир қанча аломатлари бор. Ўша аломатларидин энг машҳури бу мусулмони кофирга чиқариш. Улар шу даражага етиб бордики, ҳатто Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам жаннатий деб башорат берган Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқаришди ва у кишига қарши жанг қилишди. Саҳобалар давридан бошлаб, ҳозирги кунгача, барча уламолар иттифоқи билан хаворижлар аҳли сунна вал-жамоага кирмайди. Улар адашган фирқа ҳисобланади.
Гарчи ҳозирги кунда хаворижлик даъвосини қиладиган кимсалар қолмаган бўлсада, номи бошқа қараш ва фикрлари ўша бўлган оқимлар фаолият олиб бораётгани кишини маҳзун қилади.
Халифаликни қайта тиклаш даъвоси билан чиққан, аслида эса бу даъво ортидан бошқа ғаразли мақсадларни кўзлаётган Ҳизбут таҳрир оқими ҳам хавориждарнинг издошларидан бири десак, асло хато бўлмайди. Ҳозирги кундаги адашган оқимлар қаторида ҳизбут таҳрир оқими ҳам хаворижлар ғоясини кенг оммага тарғиб қилмоқда.
Қуйида ҳизбут таҳрир ўн жиҳатда хафорижларга ўхшашини мисоллар билан келтириб ўтамиз:
- Мусулмон умматининг гуруҳланишидан пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам қайтариб:
«Мен фирқаланган ва гуруҳ бўлиб ажралиб чиққанлардан безорман», деганлар.
Исломдаги мусулмонлардан ажралиб чиқган биринчи гуруҳ бу хаворижлардир. Ҳизбут таҳрир оқими ҳам, гуруҳ тузиб, алоҳида ажралиб чиқиш борасида хаворижларга ўхшайди.
Демак, Ҳизбут таҳрир хаворижларга ўхшаган биринчи жиҳати алоҳида гуруҳ бўлиб олиши экан. Бу эса динимизда қораланган иш. Табароний ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
«Ким алоҳида бўлиб, гуруҳ тузса, биздан эмас».
- Такфир Яъни кофирга чиқариш. Хаворижлар гуноҳи кабира қилган инсонни кофирга чиқарадилар.
Ҳизбчилар ҳам мусулмонларни кофирга, юртларини эса дорул ҳарбга чиқариб, қонларини ҳалол деб эълон қиладилар.
- Ҳукм чиқаришда, шаръий ҳужжатлардан ақлни устун қўйиш. Шунинг учун хаворижлар Усмон розияллоҳу анҳунинг қонларини ҳалол деб эълон қилган эдилар. Уларга: «Усмонни жаннатий эканлиги ҳақида шаръий далиллар бор-ку?», дейилганда. Улар: «Биз ақлимизга хилоф келган ҳар қандай ҳужжатни инкор қиламиз», деб жавоб берган эдилар.
Ҳизбут таҳрир оқими бу борада яъни ақлни шаръий ҳужжатдан устун қўйиш борасида хаворижлардан ҳам ўзиб кетган. Улар ҳукм чиқаришда ақлни асосий мезон қилиб олганлари учун, жоҳил одам ҳам айтмайдиган фатволарни беришган. Мисол учун номаҳрамни ўпиш ва ҳоказолар.
- Мусулмон подшоҳларга қарши чиқиш. Хаворижларнинг энг катта белгиси мусулмон подшоҳларга қарши чиқиш. Аҳли сунна эътиқодида эса мусулмон бўлган подшоҳга қарши чиқиш боғийлик (бош кўтариш) ҳисобланади.
Айнан ушбу сифат кўплаб фирқаларда топилади. Хусусан ҳизбут таҳрирда ҳам. Улар мусулмон подшоҳларининг ҳаммасини кофирга чиқариб уларга қарши чиқишни ҳар бир кишига фарзу айн деб фатво берган. Улар берган фатвога кўра ер юзидаги барча мусулмон подшоҳларга қарши чиқилиб уларни қатл қилиш керак экан.
- Кофир ва мажусийлар четга қолиб, мусулмонларни қонини тўкишга ва унга фатво бериш. Хаворижлар тарихига назар ташланса, улар фақат мусулмонларнинг қонини тўкиш билан овора бўлганини кўриш мумкин.
Ҳизбут таҳрирнинг асосий ғами ҳам шу. Мусулмонларни кофирга чиқариш, уларга қарши уруш эълон қилиш ҳозирги кундаги ҳизбут таҳрирнинг алоҳида ажралиб турадиган белгиси ҳисобланади.
- Охиратда Аллоҳни кўриш масаласи. Хаворижлар охиратда Аллоҳни кўришнинг имкони йўқ, дейди.
Ҳизбут таҳрир вакилларининг фикр ва фатволарини ўзида жамлаган «Маншуротул ҳизб» китобида «Охиратда Аллоҳни кўриш тушунчаси ботил», дейилган
- Хаворижлар: «Халифалик қиёматга қадар давом этади ва халифа Қурайшлик бўлиши шарт эмас», дейишади. Уларнинг бу даъвоси икки жиҳатдан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига зиддир. Биринчидан, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам халифаликни ўттиз йил давом этишини, кейин эса подшоҳлик бўлишини айтганлар. Иккинчидан, ўша ўттиз йил ичидаги халифалар қурайшдан бўлишини баён қилиб:
«Бу иш яъни халифалик борасида инсонлар қурайшга тобедирлар», деганлар.
Айнан шу ғояни Ҳизбут таҳрир ҳам олға суради. Улар халифалик бардавом бўлиши кераклигини ва бу халифа нафақат қурашйдик, ҳатто кофир киши ҳам бўлиши мумкинлмгиини айтишган. Жумладан, ўзларининг машҳур китоби бўлган «Маншуротул ҳизб» да шундай ёзади:
«Кофир одам мусулмонларни ишини бошқариши яъни халифа бўлиши мумкин, жоиз».
- Хавориждар қазо ва қадар масаласида хато қилишган. Хаворижларнинг бир неча гуруҳи бўлиб, уларнинг ичидаги Ҳорисия оқми инсондаги жузъий ихтиёрни инкор қилади ва инсонни мана шу ишларида ҳеч қанақа ихтиёри йўқ дейди.
Худди шу эътиқодни ҳизбчилар ҳам оммага ёйишга урунган. Улар қазо қадар масаласида ғулуга кетиб, зоҳирида жузъий ихтиёрни инкор қилмасаларда, айтган сўзларининг маъно ва мазмунида жузъй ихтиёрни инкор қилиш бор.
- Хаворижлар қабр азоби борасида икки тоифага бўлинишган. Бир гуруҳи, қабр азоби бор, деса, иккинчи гуруҳи қабр азобини инкор қилган ва мана шу иккинчи фикр хавориждарда кенг тарқалган.
Айнан шу масалада ҳизбчилар ҳам қабр азобини инкор қилишади. Ва бу бузуқ эътиқодларига қабр азоби ҳақидаги хабарларни оҳодлигини рукач қилишади.
- Хаворижларнинг танозулий, деган фирқаси Исо алайҳиссаломни ўлган деб эътиқод қилади.
Ҳизбут таҳрирнинг асоси ҳисобланган Ихванул муслимин оқимининг қарашларида ҳам айнан мана шу фикр акс этган.
Мана аҳли сунна вал жамоа мазҳаби томонидан қораланган хаворижларнинг баъзи қарашлари ва уларнинг эътиқодий издоши бўлган Ҳизбут таҳрир оқмининг фикрларини солиштириб кўрдик. Хулоса чиқаришни ўзингизга ҳавола қиламиз.
С.Мирзаев
Денов туман “Шайх Аттор Валий” жомеъ масжиди имом хатиби