Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Террор милодий йигирманчи асрнинг охирига ва XXI асрнинг аввалига келиб оламшумул муаммога айланди. Бу бало жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Энди «жаҳон уруши», «ядро ҳалокати хавфи» ҳақидаги гаплар қолиб, ҳамма террор ва унинг хавф-хатари ҳақида гапирадиган бўлиб қолди. Кўпчилик иттифоқ бўлиб, террорнинг дини, ирқи ва миллати бўлмайди, ҳаммамиз бу офатга қарши биргаликда курашишимиз лозим, демоқда. Авваллари бўлмаган бу нарсани таърифлашга ҳам ҳаракат қилинмоқда. Ҳали террорнинг таърифида бир қарорга келинмаган бўлса ҳам, кўпчилик уни “Ўз мақсадига эришиш йўлида бошқаларнинг жони, моли ва обрўсига куч ва қурол ишлатиш йўли билан зарар етказиш” деб атамоқдалар.
Ўз-ўзидан “Бу масалаларга Ислом дини таълимотларида қандай қаралади?” деган савол пайдо бўлади. Албатта, бу каби саволларга Қуръон ва Суннатда жавоблар тайёр. Жавоб беришдан аввал террордан кўрилаётган зарарларга бир назар солайлик. Бу рўйхатнинг энг бошида бегуноҳ одамларнинг кўплаб ҳалок бўлиши туради. Кейин кишиларнинг мол-мулклари зое бўлиши, шарафларига футур етиши, халқлар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши, дунёда хавф-хатар бардавом бўлиши каби инсониятга зарарли кўпгина нарсалар келади. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:
1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш.
2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
3. Инсон динини муҳофаза қилиш.
4. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
5. Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Террор эса айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. Террорнинг бош зарари, яъни бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўзи бу илоҳий диннинг террорга нечоғлик қарши эканини очиқ-ойдин кўрсатади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Ким бир жонни бирор жон сабабисиз ёки ер юзида бузғунчилик қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдиргандек бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» (Моида сураси, 32-оят).
Исломда ҳар бир жон ниҳоятда юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан, ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана шу жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз қилган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдан кофир бўлса ҳам, инсоннинг жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.
Ҳадиси шарифда муъоҳид – аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандай бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам “жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди”. Жаннатга кириш, ундаги хушбўй мушки анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундай жиноят қилган одам жаннатдан қирқ йиллик йўлдан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки жаннатнинг «ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур».
Шундай экан, ҳар бир мўмин-мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридиннинг ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги лозим.
Террордан дунёга келаётган ҳар бир зарарга қарши юқоридагига ўхшаш кўплаб таълимотлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида китоб ёзиш мумкин. Шунинг учун бемалол “Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир” дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлишлари лозим.
Террорни ислом дини билан боғлаш жуда ҳам катта хатодир. Ислом дини фақат ва фақат яхшиликка чорловчи диндир.
Аллома боболаримиздан Сўфи Аллоҳёр¬нинг ҳам шу маънодаги машҳур байтлари бор:
“Чироғиники, Ҳақ ёндирди-қўйди,
Ани ким “пуф” деди, соқоли куйди!”
Дин душманлари бу ҳақиқатни тан олмай, исломни обрўсизлантириш ҳаракатини давом эттирмоқда. Лекин улар мақсадларига етолмайди. Аллоҳ таоло бунга йўл қўймайди. Юқоридаги байтда таъкидланганидек, охир-оқибат ўзларини шармандаи шармисор қилади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, одамларни Ислом динидан қўрқитиш билан шуғулланувчилар – Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ёвуз кимсалардир. Модомики, улар ҳар қандай қабиҳ ишдан қайтмайди. Мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш, бўҳтон ёғдириш, кўп¬лаб хунрезлик¬лар содир этишдан ҳам тап тортмайди. Париж шаҳридаги қўпорувчилик¬лар бунга яққол мисолдир. Бундай қинғирлик¬ларни қандайдир кўринмас кучлар қўлида қўғирчоқ бўлаётган ИШИД каби тўдалар зиммасига қўйиб, муборак Ислом дини билан боғлашга ҳаракат қилинади. Бу каби ҳийлаларни кимлар қилиши Қуръони каримда очиқ баён этилган:
“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳнинг оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл, 105).
Ислом дини ва террор бир-бирига бутунлай қарама-қаршидир. Ислом бир инсонни ўлдириш у ёқда турсин, унга бироз озор беришдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, деб таъкидлаганлар.
Чориев Низомиддин қори Тошболтаевич Термиз шаҳар бош имом хатиби