Бинобарин, бахтли онларда ҳовлиқмаслик, кулфат ва машаққатга йўлиққанда эса, бахтиёр кунлар яна келажагини ёдда тутиш ва шунга биноан, сабр-тоқат, қаноатни қўлдан бермаслик катта фазилат саналади. Қуръони каримда сабр-тоқат етмиш жойда зикр қилинган бўлиб, бундан бошқа бирор фазилат бу даражада кўп такрорланмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг синовларига сабр қилган кишиларнинг ажр-мукофотини дунёда ҳам, охиратда ҳам орттириб беришни ваъда қилади:

“…Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).

Аллоҳ таоло Қуръон оятида бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат бизгагина қайтарилурсизлар” (Анбиё, 35).

 

Қуръон оятининг хабарига кўра, инсон хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон, дунё ҳаётида яшар экан, у Аллоҳ тарафидан мусибатлар, машаққатлар ва турли ёмонликлар билан ҳам, омад, муваффақият ва яхшиликлар билан ҳам имтиҳон қилинади. Киши ҳаётда турли-туман ҳолатларга тушади: айрим ҳолларда қувончдан боши осмонга етади, баъзан эса кўзига дунё зимистон бўлиб кўринади. Бундай пайтларда кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзларини омадсиз, нотавон ҳис қилишади, омадсизлик аламига дош беролмай, турли бўлмағур чоралар воситаси ила аламдан чиқмоқчи бўлишади. Ўз жонларига суиқасд қилувчи нотавонлар ҳам учрайди. Ҳолбуки, оддий тафаккур кўзи билан қаралса, инсон умри бир текис, равон ўтавермаслиги — бахтиёр кунларда машаққатлар эҳтимоли йўқолмагани, уқубатли дамларда эса яхши кунлар умиди сўнмаганини кўриш мумкин.

Демак, инсоннинг кўп ва узоқ мусибат чекиши унинг ёмон одамлигига, кимнингдир назаридан қолганига ёки бир кишига қилган одобсизлигига муносиб жазо олаётганига далолат қилмайди. Бирор одамнинг омади, муваффақиятининг бардавом бўлиши ҳам унинг яхшилигига, уддабуронлигига далолат бўлмайди. Бу дунё банданинг қилмишига яраша жазо бериладиган жой эмас. Барчаси синов бўлиб, мукофот ёки жазо охиратдаги абадий ҳаётда берилади. Бу дунёдаги ҳолатларнинг барчаси охират учун тайёргарликдан иборат.

 

“…Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлилари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл, 96).

 

“Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар” (Инсон, 12).

 

“Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 46).
Қуръони карим ўргатган сабрли, саботли бўлиш ёмонликларни йўқотиш ва ҳақиқат йўлида қийинчиликларга бардош бериш, одамларнинг озорларига чидаш, камбағаллик, касаллик ва яқин кишиларни йўқотиш каби мусибатларга бардош беришдан иборат. Ҳатто Аллоҳ буюрган ибодатларни ўз ўрнида адо этиш ҳам сабр билан бўлади:

“…Бас, Унга ибодат қилинг ва Унинг ибодатида тоқатли бўлинг!..” (Марям, 65).

 

“Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг!..” (Тоҳо, 132).

Аллоҳ таоло мусибатларга сабр қилувчи инсонлар Аллоҳнинг қандай мукофотига эришишлари мумкин эканини башорат бериш учун Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хитоб қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда:

“Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара, 155-157).

 

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳатто ҳузурларидаги нарса тугади. Шунда у зот:

«Ҳузуримда нима яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

 

Қуръони карим ўргатган сабр шулардан иборат. У эзилган қалбларга тасаллидир. Бу ҳаётда умид билан яшашга, муваффақиятларга эришишга ундовчи омилдир. Шунинг учун мусибатларга сабр қилиш билан бирга, бошқалар ҳолидан хабар олиш, кўнгилларини сўраш, яхшилик сари етаклаш, қўллаб-қувватлаб юбориш ҳар биримизнинг мусулмонлик ва инсонлик бурчимиздир.

 

Чориев Низомиддин қори Тошболта ҳожи ўғли-Термиз шаҳар бош имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here