Беназир, кўҳна ва мўйсафид Шарқнинг юраги бу Ориятдир. Миллион йилдан бери қуёш Шарқдан чиққани каби шунча йилки шарқ одамлари, айниқса эркакларнинг ҳамияти, ор номуси оиласида унинг ҳимоясига қаратиб келинган. Аёлига бўлган ҳурмати, меҳр муҳаббати ва ҳатто рашки ҳам имондан саналади. Бугун ер юзида жуда кўплаб маърифатпарварларнинг юрагига оғриқ солаётган шундай бир ҳодисалар рўй бермоқдаки, буни ақл мезонига солиб, ақлдан озиш мумкин.
“Диний экстремизм ва терроризм” деган бало, ахлоқий тарбиямизга қора из қолдирмоқда. Эмишки, “ўз хотинини бошқа эркакка никоҳлаб бериш мумкин”. Уларнинг бу қилмишларини нима деб аташни ҳам билмай қоласан. Чўчқада хамият бўлмагани учун ҳам у харом ҳисобланган. Бу инсонларда рашк бўлмаса нима қилиб яшаб юрибди экан? Қай юз билан “эркакман” деб айтаяпти ўзини. Бу кимсалар гўё юрагидан ақл қочган, ҳаётини ҳам бутунлай ақл тарк этган одамларга ўхшашади.
Имони бутун, ҳаёт ҳақиқатларини англаб етган зиёли одам бу қилмишлардан қанчалар нафратланса, имони суст, турли оқимларга кириб қолган, уларнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган орсизлар бундай даюсликни шунчаки “бурч” деб билаётганликларига чидаш қийин.
Виждонини сотган одамни тушунса бўлар, бироқ номусини сотган одамни қандай тушуниш мумкин? У нафратдан бошқа нарсага лойиқ эмас. Шу ўринда фақатгина эркакларнинг эмас аёлларнинг ҳам номус ҳақидаги тушунчасига ёт оқимларнинг қанчалар ёмон таъсир қилганлигини келтириб ўтиш жоиз. Нима эмиш, “Аёл танаси орқали жиҳод қилиши мумкин” эмиш. Бу нима деган гап? Ахир турган битгани енгилтаклик эмасми? Қўли қонга ботган жиҳодчиларнинг “бир кечалик” никоҳида бўлиш аёл деган, она деган муқаддас номга доғ-ку. Зеро,Алидан ривоят қилинади:
“Бу зот Ибн Аббоснинг аёлларни мутъаси (аёлларни вақтинча никоҳлаш) хусусида енгил қараётганларини эшитиб: “Тўхтатинг эй Ибн Аббос! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хайбар куни мутъа(аёлларни вақтинча никоҳлаш)дан ва хонаки эшак гўштларидан ман қилганлар”, деб айтдилар.
Кўриб, билиб, англаб турилган ҳақиқатни улар англаб етмаётганлиги хайратланарли. Бундай оқимларнинг таъсири шу қадар кучли экан-ки озгина маънавиятимизда дарз борми ана шу ерга жойлашиб олиб, сизни парчалаб ташлашга қодир. Бундай номуссизликка йўл қўймаслик учун аввало тарбия масаласини, айниқса оила масъулиятини жондай азиз билишимиз шарт. Ахир шаънимиз, ор-номусимиз ва тафаккуримиз билан ҳайвонлардан ажралиб турамиз. Алллоҳ таоло ҳар биримизни ҳақ йўлидан адаштирмасин.
Темур НАЗАР