Минг пушаймонлик ила бир опамиз қилган номаъқул ишларини гапириб бердилар:
-Бозорга бориб икки кийимлик кўйлаклик олиб келдим. Шу орада уйимизга жигарим, ўз акамнинг икки қизи меҳмон бўлишди. Улар кетишгач, кўйлакликлар кўринмай қолди. Мен нобакор ҳам яхшилаб ахтармай, нодонлик қилиб, тезда фолбинга бордим. У эса:
-Уйинга меҳмонга келганлар олиб кетишган, — деди.
Мен нодон унинг гапига ишониб, акамникига бориб, янгам билан “сен-мен”га бордим. Бечора янгам:
-Менинг қизларим бундай иш қилмайди, — деб қанча зорланмади-я. Бир неча кундан сўнг уйни йиғиштираётсам, йўқолган кўйлакликлар кўрпа орасидан чиқиб қолди. Афсуски, бу орада акам билан алоқаларимиз узилиб бўлган эди.
Муқаддас динимиз қоралаган бундай ишлар, таассуфлар бўлсинки, кундалик ҳаётимизда кўплаб учраб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди. Ким фолбиннинг ҳузурига бориб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади”.
Айни шу кунларда сеҳр-жоду ва фолбинлик каби жирканч иллатлар туфайли инсонлар орасида фитналар пайдо бўлиб, ака-ука, қўни-қўшни, эр-хотин ва мусулмонлар ўртасида гумон аралаш қариндошлик, қўшничилик, биродарлик ришталарига путур етиб, гуноҳ устига гуноҳ содир бўлмоқда. Бундай гуноҳ амалдан тийилиб, ҳар қандай мушкулотнинг ечимини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилишга одатлансак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Абдуллахон МИРЗАЕВ
Денов туманидаги “Муҳаммадқул” жомеъ масжиди имом-хатиби