Илм-инсонларнинг мадори, ҳаёти, раҳбари, нажотидир.

Абдулла Авлоний

Бугунги кунда жамиятимизда ёшларимизни одоб-ахлоқ кони, билим булоғи бўлмиш китобга ошна қилиш, уларни илмга иштиёқини ошириш ва илмга муҳаббат уйғотиш масалалари энг устувор вазифалардан ҳисобланади. Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  12- январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” ги фармойишида ҳам айнан ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурияти олдимизга қўйилмоқда. Ёшларимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва уларнинг дунёқарашини кенгайтириш учун уларга бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, энг муҳими тарбиявий бўлган етук асарларни меҳр билан ўқиши кераклигини етказиш масаласи даврнинг муаммоларидан бири ҳисобланади.

Аввало,  ёшларда илмга, китобга ҳавас, иштиёқ ва интилиш уйғониши учун ҳам ёшлар ўз ҳолатларини тўла англаши, вазифаларини билиши зарур.

Шарқ алломаларининг фикрига кўра, бутун борлиқ тараққиётининг маҳсули бўлмиш инсоннинг бошқа мавжудотлардан устунлиги унинг ақл-тафаккури ва илм-маърифатга эга эканлигидадир. Ёшларимиз ўзларининг табиат гултожи- инсон мавқеидан келиб чиқиб, ҳаётдаги ўз  даража ва мақоматларига эътибор беришса, қуйидаги мартабаларга эга эканлигини англаб етишади:  1)Банда, 2)Уммат, 3)Ворис, 4)Фарзанд, 5)Фуқаро 6)Шогирд ва бошқалар.

Бугун турли муассасаларда ўқиётган ўқувчи-талабаларни илм-маърифатга, китобга меҳр-муҳаббат қўйишлари, интилишлари учун биз қуйида ўша даражаларга боғлиқ  илмий асосланган омилларни келтиришни жоиз деб топдик:

1.Банда даражаси. Ислом динида нафақат илм ўрганиш, балки илм талаб қилиш ҳам ҳар бир киши учун фарз эканлиги таъкидланган. Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи ваҳй нозил қилганида ҳам “Иқро” яъни “Ўқи” деб буюради ва илк ваҳий “Алақ” сурасининг дастлабки оятлари бўлиб, унда ҳам инсон ўқишга буюрилади. (“(Эй, Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”).  Шу жумладан Қуръони Каримда ҳам илм сўзи “алима” феъли шаклида 750 маротабадан зиёд ва  “ақл” сўзининг 50 маротабадан  ортиқ учраши сўзларимизнинг яққол исботидир. Шунингдек, Қуръони Каримнинг Мужодала сураси, 11-оятида  “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” дейилган. Бундан ташқари Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримида халқи ва жамияти учун фойдали илм билан машғул бўлган бандаларига ваъдаси бор: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурмиди?!”(Зумар,9-оят) Албатта тенг бўлмайдилар. Агар биз ўзимизни Аллоҳнинг бандаси деб ҳисобласак уни бизга буюрган ишларини сидқидилдан бажаришимиз зарур. Энг муҳими Тоҳа сураси 114- оятида айтилганидек Яратгандан доимо “…ва:”Роббим, илмимни зиёда қил”,дегин”.сўрашимиз зарур. Банда сифатида Яратганнинг измида юриш, унинг буюрганларини сидқидилдан бажариш, у истаган даражага кўтарилиш, икки дунё саодатига эришиш ҳар биримиз учун фарздир.

2.Уммат даражаси. Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг ибратомуз ҳаёти, фаолияти, саҳобалар ишига муносабатининг маҳсули бўлмиш ҳадислари билан ўз умматини илмга чорлаб ўтганлар. Ҳадиси шарифларда Илмнинг ибодатдан афзал эканлиги, илм ўрганиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз(бажарилиши инкор қилиб бўлмас даражада қатъий далиллар билан келтирилган амаллар категорияси) эканлиги, илмни гарчи Хитойдан бўлса ҳам ўрганиш зарурлиги, илм йўлида ё ўрганувчи, ё ўргатувчи бўлиш лозимлиги яъни учинчиси арзимаслиги, олимлар пайғамбарлар меросхўри эканлиги, бешикдан то қабргача илм излаш ҳақида айтиб ўтилади. Агар биз ўзимизни Муҳаммад алайҳиссалом уммати деб ҳисобласак у кишининг айтганларини сўзсиз бажаришимиз зарур.Зеро ўрта асрларда ўлкамизда бўлган ғарблик шарқшунос олимлардан бири Марказий Осиёда яшовчи халқларни “тўлалигича мадрасага қатнайдиган уммат” деб сифатлаган. Иймонли киши сифатида халққа манфаатли илмни ўрганиш, илми билан кишиларга, жамиятига хизмат қилиш орқали уммат ўз ҳадислари орқали Муҳаммад алайҳиссалом ваъда қилган даражаларга эришиши мумкин.

3.Ворислик даражаси. Марказий Осиё ҳудудидан етишиб чиққан маънавий жасорат соҳиблари бўлмиш буюк аждодларимизнинг инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган бемисл илмий-ижодий фаолияти, ибратомуз ҳаёти, буюк кашфиётлари, мумтоз адабиёт, санъат дурдоналари, мардлик ва қаҳрамонлик намуналари  бизга доимо куч, ғайрат, илҳом манбаи бўлиб, бизни доимо уларга муносиб ворис бўлиб, ҳаракат қилишга ундайди. Ал-Фаробий, Муҳаммад Мусо-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн-Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур ва бошқаларнинг, жадидлар ҳаракати намоёндаларидан –Беҳбудий, Мунаввар Қори,     Абдулла Авлоний, Ибрат, Фитрат, Абдулла Қодирий,    Чўлпон  ва бошқаларнинг илмий ижодий фаолияти ҳали ҳануз дунёни ҳайратга солмоқда. 2014 йил 16-майда Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти”  номли халқаро конференцияда 50 дан ортиқ давлатдан қатнашган олимлар аждодларимиз томонидан яратилган илмий меросни ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар ўрганиши зарурлигини айтишиб, бугун ҳам дунё аҳли  буюк аждодларнинг муносиб ворисларидан яъни Ўзбекистон ёшларидан яна шундай илмий кашфиётлар ва ихтиролар кутишга ҳақли эканлигини таъкидлашди. Хусусан, Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асарида фозил раҳбарнинг ўн иккита фазилати санаб ўтилиб, улар орасида илмга иштиёқи, ҳаваси баланд бўлишлик раҳбарнинг асосий фазилатларидан бири сифатида эътироф этилади. Агар биз ёшлар ўзимизни ҳақиқатдан ҳам буюк аждодларга муносиб ворис эканлигимизни исботлашни истасак фақатгина улар каби илмга интилишимиз, уни эгаллашимиз ва эгалланган илмни жамият ривожи учун сарфлашимиз зарур. Зеро жадид маърифапарварлари таъкидлаганидек, “Дунё илмларидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, “Бутун ҳаётимиз, саломатимиз, ҳимматимиз, ғайратимиз, дунё ва охиратимиз илмга боғлиқдур”.

4.Фарзандлик даражаси. Қадимдан шарқ халқларида ота-оналар ўз фарзандларига одоб, илм, ҳунар ўргатишни мерос деб билганлар ва бунинг учун ҳеч нарсани, ҳаттоки ўзларини ҳам аямаганлар.Биз фарзанд сифатида ота-онага мансуб ҳисобланамиз. Ҳамма ота-оналар ўз фарзандлари учун яхшиликни тилаб, уларнинг жамиятда ўзларига муносиб ўрин топишлари учун илм олишларига кенг имкониятлар яратиб беришади. Ақл юзасидан ота-онани иззат-ҳурмат қилиш, улар буюрган яхши амалларни бажариш(жумладан илм олиш) вожиб ҳисобланади. Ота-она хизматини қанча кўп қилиб, хурсанд қилсак уларнинг   дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлади.  Ота-онаси тириклигида уларни хизматини қилиб, улар орзу қилган фарзанд бўлиб етишган ҳар бир инсон икки дунё саодатини эгаллайди. Агар биз чиндан ҳам ота-онамизни севсак, уларни рози қилишни истасак улар истагандек илмга интилиб, яхши инсон бўлиб етишишимиз, фарзандлик бурчимизни бажаришимиз зарурдир. АҚШнинг машҳур кишиларидан бири, “Крайслер корпорейшн” автокомпанияси директорлар кенгаши раиси даражасигача кўтарилган Ли Якоккадан катта муваффақиятларга эришишнинг сирини сўрашганида у мен ота-онамнинг ўргатганларини доимо такрорлайман яъни: “Ўз олдингга мақсад қўй, қўлингдан келган даражада илм ол, кейин нимадир қил” деган экан. Хусусан бизнинг аждодларимиз ҳам бу борада шундай дейишган:

Ота-она беҳад бўлади хурсанд,

Фарзанди бўлолса муносиб фарзанд!

5.Фуқаролик даражаси. Биз фарзанд сифатида ота-онага мансуб бўлсак, фуқаро сифатида Ўзбекистон аталмиш давлатга алоқадормиз яъни ота-онадан ташқари бизда давлатнинг ҳам ҳаққи бор.  Бугун давлатимиз ялпи ички маҳсулотнинг муайян қисмини таълим ривожига ажратиши, Таълим тўғрисидаги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини қабул қилишидан, таълим соҳасида турли ислоҳотлар ўтказишидан асосий мақсад ҳам ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал қилиб тарбиялаш ва уларнинг бор салоҳиятидан давлат-жамият ривожида оқилона фойдаланишдир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Ижтимоий соҳани ривожлантириш деб номланган IV устувор йўналишида меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш масаласига алоҳида урғу берилган.

 Биз Ўзбекистон давлати фуқароси ва Президент фарзанди сифатида олиб борилаётган илм соҳасидаги сиёсатга ижобий қараб, шу сиёсат учун хизмат қилишимиз керак бўлади. Бугунги Постмодерн жамиятда асосий зиддиятлар билим ва билимсизлик ўртасида кечишини ҳисобга олсак, 2017 йил 18-20 сентябр кунлари АҚШда БМТнинг 72 сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф сифатида илгари сурилган ва 2018 йил 20 ноябрда лойиҳа тарзида ишлаб чиқилиши кутилаётган  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ҳам том маънода “Жаҳолатга қарши маърифат” концепциясининг ҳуқуқий асослари ҳисобланади. Зеро,  Лойиҳадан мақсад барча шахсларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш кафолатлари, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш масалалари эканлиги таъкидланмоқда. Албатта, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшларни  тарбиялаш, улар қалбида илмий ва бадиий китоб ўқишга бўлган қизиқишни янада ошириш орқали турли мафкуравий таҳдидларга муносиб жавоб берадиган фуқарони етиштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан ёшлар таълим олиш ҳуқуқининг кафолати сифатида Сурхондарё вилоятида олтита олий ўқув юртлари, уларнинг филиаллари ва “Ўзбекистон-Афғонистон” халқаро таълим марказининг фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам ёшларга фуқаро сифатида катта масъулият юклайди. Жумладан, “Энг яхши китобхон” кўрик танловининг Республикамизда ўтказилиши ва ғолибга Президент совғаси сифатида Спарк автомашинасининг берилиши ҳам китобхон ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг яққол мисолидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир ёш “Давлат менга нима берди?” эмас балки “Мен давлатга нима бердим?” деб яшаши ва давлат кутаётган фуқарога айланиши зарур.

6.Шогирдлик даражаси. Биз таълим муассасаларда таҳсил олиш орқали,  у ерда фаолият юритувчи устозларга шогирд ҳисобланамиз. Ҳар бир устоз бугун ўз шогирди камолини кўришни истайди ва ўзидан ўзиб кетишини орзу қилади. Ўз вазифасини астойдил бажаришга ҳаракат қилиб, таълим сифати ва мазмунини бойитишга интилаётган, шогирди қалбида илмга иштиёқ, меҳр уйғотишга уринаётган устозлар бугун жамиятда кам эмас албатта. Агар биз ёшлар ўзимизни чин шогирд ҳисобласак, устозлар ўгитларини тўла ўрганиб, унга амал қилишимиз зарур. Зеро халқимизда “Устоз отангдек улуғ” деган нақл бежизга айтилмаган. Буюк фотиҳ Искандар фикрига кўра, ота-она бизни йўқлик дунёсидан борлик дунёсига яъни осмондан ерга олиб тушган бўлса, устоз бизни ердан осмонга яъни юксакликка, мартабага кўтаради. Бузургмеҳрдан устозини отасидан афзаллигини сўрашганда у киши “Отам мени ўткинчи ҳаётга олиб келди, устозим эса боқий ҳаёт бағишлади” деган эканлар. Устозни ҳурмат қилиш, унга доимо эҳтиром, иззат-икром қилиш, унинг берган илмини қунт билан ўрганиш, унинг итоатида бўлиш шогирдлик одоблари жумласидандир. Гўзал ахлоққа эга бўлиш, дарсларни яхши ўзлаштириш, жамият учун манфаатли илмни талаб қилиш ва уни ўрганиш шогирдлик бурчларидир.Албатта устозлар ҳам буюк жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!” деган васиятига тўла амал қилиб, виждонан ўз вазифаларини бажариши зарур.

“Китоб маҳсулотларинии чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” ги фармойишидан келиб чиқиб, ҳар бир таълим муассасаси ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўйиши лозим:

1.Янги чоп этилган китоблар тақдимотини мунтазам таълим муассасаларида ўтказиб бориш, китобхонликка бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш;

2.Ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини оширишнинг самарали ва қулай  йўлларини излаш;

  1. Ёшлар ўртасида китобхонлик ва янги китобларга оид тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли тарзда олиб ва уни оммавий ахборот воситалари ва интернет тизимида, жумладан ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш;

4.Талаба ёшлар ўртасида  интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун хизмат қиладиган уларга бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, энг муҳими тарбиявий асарларга бўлган талабни ижтимоий сўровлар асосида ўрганиш аниқлаш ва натижаларни таҳлил асосида умумлаштириш;

5.Таълим муассасалари ва  маҳаллаларда китоб муаллифлари яъни адиблар, шоирлар, олимлар билан учрашувлар, маърифий кечалар ташкил этиш;

6.“Адабиётга эътибор-маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” республика танловлари ва “Китоб байрами” ва “Болалар китоби” анънавий республика фестивалларининг ўзларига оид босқичларини  мунтазам ва самарали ўтказиб бориш ва хоказолар;

Хулоса шуки бугун ҳар биримиз банда сифатида Аллоҳга, уммат сифатида Муҳаммад алайҳиссаломга, ворис сифатида буюк аждодларга, фарзанд сифатида ота-онага, фуқаро сифатида давлатга, шогирд сифатида устозга тааллуқли ҳисобланамиз. Демак улар томонидан бизга қўйилган талаблар аввало илм борасида муҳокама қилинмасдан сўзсиз бажарилиши лозим. Зеро инсон ўзи яхши кўрган зоти, инсони, давлати ва бошқалар учун ҳар нарсага тайёр бўлади ва улар истаган нарсани доимо қилишга шай туради. Шунинг учун ҳам ёшларимиздан илмга меҳр қўйиб, унинг сир-асрорларини  ўрганишга бел боғлаб, доимо илм-мартабаси ошиши учун тиним билмасдан, фидойилик билан меҳнат қилишлари кераклигини таъкидлаб қоламиз. Зеро Абдулло Авлоний айтганидек “Кишига илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагайдир”.

Махмуд МАЖИТОВ

Термиз давлат университети фалсафа кафедрасининг катта ўқитувчиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here