Ислом динида аёлларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом шариати аёлни инсоният жамиятида ўз ўрнига эга инсон эканини исботлади, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Чунки Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Жоҳилият даврида араблар аёлларни олиб-сотиш мумкин бўлган мато деб қарар эди. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:
“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир”
(“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).
Ислом шариати келгач, бутун инсоният орасида бундай адолатсизликни бирма-бир йўқола бошлади. Хусусан, жоҳилият арабларининг аёл кишига нисбатан бўлган эътиқодларини рад этди ва аёлларнинг мартабасини кўтарди.
Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Бу оддий ҳаётий ҳақиқатдир. Аҳли илмнинг ёки мансабдор шахсларнинг обрў ва мартабага эришишларининг замирида ҳам мана шу ҳақиқат ётади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир.
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (“Тавба” сураси, 71-оят). Ушбу оятда мўминлар ва мўминаларнинг бир-бирларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтара оладиган тенг инсонлар экани таъкидланмоқда.
Аҳли китобларнинг баъзиларида аёл кишига маъсиятларнинг ўчоғи, ёмонликларнинг асоси деб қаралган. Айни пайтда ислом шариати жаннатнинг оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади.
Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида аёлнинг мартабасини кўтарди, шаънини улуғлади. Жумладан, уларни инсон сифатида эътироф этган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан алоҳида байъат қилдилар. Улар ҳақида алоҳида сура ва оятлар нозил бўлди. Шунингдек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Ичингизда ўз аҳли аёлига энг яхшингиз менман”, – дедилар. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг онаси мушрик бўлса ҳам унга яхшилик қилишга буюрдилар. Асмо розияллоҳу анҳо айтади: “Онам менинг олдимга келди. Бироқ у ҳамон мусулмон бўлмаган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, у зотга: “Ҳузуримга онам келибди, унга яхшилик қилаверайми?” – дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилгин”, – дедилар.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислар асосида аёлнинг барча инсоний ҳуқуқлар борасида эркаклар билан тенг эканини билиш мумкин. Бироқ оилада аёл кишининг эркак кишига нисбатан бир поғона паст бўлиши лозимлигини таъкидланган. Бу халқимизнинг кўп асрлик тажрибасидир. Қолаверса, ислом шариатининг мақсадларидан келиб чиққан десак, хато бўлмайди.
Инсоф нуқтаи назаридан қаралганида ҳам аёл киши наслни давом этишидаги омиллар ичида асосий унсурдир. Унинг асосий вазифаси ўзидан кейин жисмоний ва руҳий салоҳиятга эга бўлган соғлом ва етук келажак давомчиларини дунёга келтиришдир. Бундай масъулиятли вазифани адо этиши учун айрим ишлардан озод этилиши, баъзи имтиёзларга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, у ўз вазифасини тўла-тўкис адо этолмаслиги мумкин. Бу вазифани адо этиши учун аёл фаҳм-фаросатли, мулойим, эс-ҳуши жойида ҳамда соғлом бўлиши керак.
Оиланинг ор-номуси ва қадр-қимматини сақлаш эрнинг вазифаси. Шунинг учун оила шаъни борасида муҳим ҳисобланган қиз бериш, қиз олиш, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар билан алоқа ўрнатиш каби масалаларни ҳам эр белгилаб бериши мақсадга мувофиқдир. Бундай ишларда эр ва хотинни тенг овозга эга дейиш оилада беқарорликларни келиб чиқишига сабаб бўлиши ҳаётий ҳақиқат. Бу шарқона, миллатимизга хос, фахрланса арзийдиган фазилатдир.
Аёл киши оилада ҳам, бутун жамиятда ҳам ўз ўрнини топиши учун унга берилган имкониятлардан тўла фойдаланиши лозим. Зеро, Ислом шариатининг қоидаларига кўра, ҳар бир аёл-қиз худди эркаклар каби илм олишга, саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида, қўлидаги мол-мулкини кўпайтириш йўлида ҳаракат қилишга, шунингдек, обрў ва мартабасини ҳимоя қилишга ва бошқа инсоний ҳуқуқларга эга. Бу имкониятлар эса уларни камолотга эришишларида асосий омил вазифасини ўтайди.Аёл киши мени исломда айтилганидек ҳақ –ҳуқуқим бор экан деб, хадидан ошмаслиги лозим. Оиланинг муқаддаслиги, оқила аёл оиланинг бахти эканлиги. Оила боши топиб тутиб келганларини бўлар — бўлмасга совурмай, тежаб – тергаб, фарзанд тарбиясида ақлу заковати билан тарбия қиладиган бўлса албатта бу хонадон бахтли оилалардан бири бўлади.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Касимова